Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ЭКСПОРТ: Бу сифатли маҳсулот, таваккалчилик, фидойилик ва чин маънодаги тадбиркорлик демакдир

Президентимиз Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда экспорт ҳажмини ошириш борасидаги муҳим вазифаларни белгилаб берди ва бу борада барча қулайликлар, шароитлар, имтиёзлар яратилганига қарамай мамлакатимизда ҳали экспорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаётганлигини таъкидлаб ўтди. Туманларда мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этиш, шундай маҳсулотларни қайта ишлаш корхоналарини кўпайтириш юзасидан тавсиялар берди. Энг муҳими экспорт ҳажмини ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ошириш вазифаси қўйилди.

Хўш, иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлган экспортни амалга оширишда туманимизда аҳвол қандай? Биз унга тайёрмидик?

Маълумотларга қараганда ўтган йили мева-сабзавотчилик бўйича туманимиз экспорт режаси 123,8 фоизга бажарилган. Бунинг кўпчилик қисми қишлоқ хўжалик маҳсулотларига тўғри келади. Режа бажарилгани билан бу борадаги фаолият деярли қониқарли эмас. Тан оламизми йўқми, мева-сабзавот маҳсулотларини кўпроқ етиштириш, бозорни арзонлаштиришдан ташқари, экспортни амалга ошириш учун бундан икки йил аввал саъй- ҳаракатлар бошланган. Ҳар бир маҳаллада агрофирмалар тузилиб, 62 та агрофирма хонадонларда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун тумандаги мавжуд банклар орқали керакли ҳужжатларни расмийлаштириб иссиқхоналар қуришда ташаббускор бўлдилар. Лекин улардан кўзланган асосий мақсад қишлоқ, маҳаллалардан мева-саб­завотни экспорт қилиш ҳам эди. Бу борадаги вазифаларни бажаришни умуман уддасидан чиқиша олмади. Баъзилари қандай усул, йўл-йўриқ билан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилганлик­лари фақат ўзларигагина аён. Юқори идораларнинг ошқовоқ, карам, саримсоқпиёз, пиёз, қалампир каби сабзавот маҳсулотлари етиштириб, экспортини таъминлаш учун оғзаки берган топшириқларига ишонган фермер хўжалик­лари, томорқа эгалари ҳам шу икки йил давомида етиштирилган ҳосиллари харажати-ю, бозор баҳоси тушиб кетиши ҳисобига зарар кўрдилар. Чунки етиштирилган маҳсулотни экспортини таъминлашга ваъда берган мутасаддилар мева-сабзавотлар ғарқ пишган дамларда нафақат туман, вилоят, ҳатто респуб­ликадан келиб маҳсулотнинг катта-кичигига қараб саралаб берасиз, сотамиз деганларнинг ҳам ваъдалари палағда чиқди. Натижада респуб­ликамиз бўйи­ча олхўри, лимон, анор, ўрик, гилос, хурмо каби мўл мева ва резаворлар экспорти режаси экспортчи тузилмаларнинг деҳқон, фермер ҳамда боғбонларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига етиштирилган нозу неъматларини сотишда яқиндан кўмак бермаганлари учун кўп миқдордаги ҳосил далада увол бўлди. Деҳқон, фермерлар томонидан кўрилган зарарни эса ҳеч ким —- оғзаки буйруқ берган мутасаддилар ҳам, ҳосилни оламиз, деб ишонтирганлар ҳам қоплашмади.

Ҳосилни увол бўлишига фақат шундай ҳолатлар сабаб бўлдими? Назаримизда ундай эмас. Туман фермерлар кенгаши мутасаддилари фикрида ҳам жон бор. Улар бунинг яна бир асосий сабаблари сифатли маҳсулот етиштирмасликда, деб изоҳлашди. Бу фикрга қўшилмай илож йўқ. Бежиз Президентимиз шу йил 6 февраль кунги видеоселекторда «Ҳамма аниқ билиши керак. Сифатли мева-сабзавотлар етиштирилмаса ва хорижга йил давомида етказиб берилмаса экспортни кескин ошириб бўлмайди», деб таъкид­ламадилар. Ҳаммамизга маълумки дунё бозорида рақобат кучли. Биз бугун ўйлаб амалга оширишни кўзлаган экспортни ривож­ланган мамлакатларнинг кўплари аллақачон амалга ошириб, дунё бозорларида ўз ўрнини топиб бўлган. Энди ўша жараёнда бозорни эгаллаш учун фақат мазали, истеъмолчилар дидидаги, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар етиштириш керак.

Бунинг учун биз нималарга эътибор бермадик ва эътибор беришимиз керак?

Ўтган йиллар давомида эски боғларни тугатиб янги интенсив, серҳосил, экспортбоп мевали кўчатлар экиб боғ яратиш ишларига кўрсатма берилган, унга энди киришиб боряпмиз. Икки йил аввал экилган интенсив кўчатларимиз мевага киришни бошлайди. Ҳадемай бу борада сифатли, бежирим, чиройли меваларни экспорт қилиш авжига чиқади, деган орзу умидлар билан яшаяпмиз. Лекин унгача қараб туриш йўқ. Ҳар қандай ҳосил мева-ю, сабзавот тупроқ, иқлим шароитига қараб ривожланади. Тупроғимизнинг иқтисодий баҳоси эса қўшни қирғизистон, қозо- ­ғистон республикаларига нисбатан 10-15 баробар қиммат туради. Демак, бугунги кундаги мевали дарахтларимиздан, ерларимиздан мўл ва сифатли, экспортбоп маҳсулотлар олиш имкониятларимиз йўқ эмас.

Боққа, ерга меҳр берган кишигина ҳосил олади.

Хўш, туманимизда аҳоли жон бошига қанча мева-сабзавот етиштирилгани ва ортиқча етиштирилгани ҳақида таҳлилларимиз борми? Буни бозорнинг ўзида мева, сабзавотларимизнинг сероблиги, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан арзонлиги ўзи кўрсатиб турибди. Шунинг ўзи мева-сабзавотлар экспортини қай даражада амалга оширилганини ифодаловчигина эмас исботловчи ойнакдир.

Президентимизнинг «Мева-сабзавот маҳсу­лотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғри­сида»ги қарорида тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзларга тўхталиб ўтмоқчиман. «Тадбиркорлик субъектлари, улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно…»

Кўриниб турибдики, тумандаги фермерларимиз ҳам ўз маҳсулотларини албатта Европа мамлакатларига эмас, қўшни қирғи-­зистон, қозоғистон, Россия давлатларига экспорт қилиш имкониятларига эга. Шу ўринда ҳаётий мисолларга мурожаат қилсак. Май-июнь ойларида туманимиздаги мавжуд боғ­ларга келувчи ва гилос сотиб олувчи харидорлар кўпаяди. Республикамиз гилос етиштиришда АқШ, Чили, Туркия, Европа Иттифоқидан кейин бешинчи ўринда тураркан. Айни пайтда мамлакатимиздаги гилосзорларимиздан йилига 200 минг тоннага яқин гилос олинаркан. Шунинг 30 минг тоннаси хорижга жўнатилади. Туманимизда етиштирилган гилос меваларини кўпроқ Наманган вилоятининг Тўрақўрғон, Фарғона вилоятининг қува туманларидан келган харидорлар келишилган баҳода сотиб олиб, Россияга экспорт тариқасида сотадилар. Савол туғилади: нега шу экспортни туманимизнинг ўзидаги фермерлар уюшган ҳолда қилиши мумкин эмас? Туманимиз боғларида ҳам гилослар кўп. Экспорт қилиш учун имконият, шароит яратилган.

Бугун энди бунга аниқ-равшан жавоблар, ҳуқуқий кафолатлар бўлиши керак. Оғзаки, кафолати йўқ, «ура-ура»чилик топшириқларига ҳеч ким ишонмайди. Чунки қуруқ ваъдаларга ишониб «қалампир чайнаган» фермер ва деҳқонларга ишонч­ли кафолат, олдиндан тўланадиган бўнак пуллари берилиши тақозо этилади. Муаммо ечими, аввало, маблағга бориб тақалади. Шартнома—қонун, деганларидек уч томонлама шартнома билан ҳуқуқий муносабатлар мустаҳкамланиши ҳам муҳим, деб ўйлаймиз. Аввалги йилларга ўхшаб деҳқон фермерлар алданиб қолмасликлари учун барча имкониятлардан фойдаланиш тақозо этилади. Экспорт таваккалчиликни, фидойиликни, ҳисоб-китоб ва тадбиркорликни талаб қилади— буни тушунамиз. Мана шу хусусиятларни ўзимизда мужассам этиб, туманимизда етиштирилган мева-сабзавотларни экспорт қилишнинг уддасидан чиқишимиз керак.

Йўлдош ИСОқЖОНОВ.

Журналист таҳлили

Улашинг: