Нажмите "Enter" для пропуска содержимого

Саволимизга жавоб излаб …

Мамлакатимизда таълим, бошланғич таълим тизимига бўлган эътибор ҳар қачонгиданда кучайди. Ўқитувчи меҳнатининг қадри эъзозланиб, уларнинг иш ҳақлари ортди. Рағбатлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш масалалари белгиланди. Шу билан бирга инновацион таълимни татбиқ қилиш, янги ғоялар асосида ҳамда ноанъанавий усулда дарслар ўтиш кун тартибига қўйилди. Ҳўш, туманимиз мактабларида шу кун талаблари асосида иш юритиляптими?  Туманимиздаги қатор мактабларда бўлиб, саволимизга жавоб изладик.

Таълим муассасалардаги қиш фаслидаги ҳолат, давомат, ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштиришлари, синф раҳбарларининг масъулиятни ҳис этишлари, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг дунёқарашлари, рес­публикамиз, вилоятимиз ва туманимизда бўлаётган ўзгаришларга муносабатлари, зиммаларидаги вазифаларни қандай адо этаётганликларини ана шу мактаблар мисолида таҳлил этишга уриндик.

Бунга сабаб ҳозирда деярли ҳар куни, ҳар соатда мамлакатимизнинг, вилоятимизнинг, туманимизнинг ҳар бурчида, ҳар бир соҳасида, тизимида мислсиз ўзгаришлар юз бермоқдаки, бундан мунтазам хабардорлик ишимизни олдинга силжишига туртки бўлади. Буни дунёнинг энг ривож­ланган мамлакатлари билимдонлари, экспертлари эътироф этаётганликлари дунё матбуотида кенг ёритилмоқда. Улар мамлакатимизда ёшлар тарбиясига, маънавиятига, чуқур билим олишлари учун берилаётган эътиборга-мустаҳкам келажагимиз пойдеворини  яратишга қилинаётган ҳаракатга чексиз ҳавасларини ошкор этмоқдалар. Демакки, мактабларимизда мана шундай ҳавас қилишни қалбдан ҳис этиш, ғу-­рурланиш, ғамхўрликни ҳис этиб, олдинга интилиш, ватанга муҳаббат туйғуларини янада кучайтириш муҳим.

43-умумтаълим мактабидамиз. Мактаб биносига ён томондан кирилар экан. Бироқ биз навбатчиларни кўрмадик. 10-«А» синфидан Х. Содиқова ҳамда И. Шароповалар дарсга кечикиб келдилар. Уларнинг ёнига бошланғич синф  ўқувчилари қўшилди. Ҳамрохларимиз уларни «тўгарак қатнашчилари» деб ҳаспўшламоқчи бўлдилар, бироқ бола-да, ростини-биринчи сменада ўқишини айтиб қўйди. 9-«А» да ҳам учта ўқувчи дарсларга келмабди. Юқори синфлар ўқувчилари билан мулоқот ўтказиш чоғида республика, вилоят ва туман газеталарида чоп этилаётган Президентимизнинг қарор, фармонларидан, янгилик­лардан хабардорликлари, ёшларга кўрсатилаётган чексиз ғамхўрликлар ҳақида билишлари билан қизиқдик. Афсуски, саноқли ўқувчиларгина бу саволларга зўрға жавоб беролдилар.

31-умумтаълим мактабининг 9-синфида Миллий истиқлол ғояси фанидан дарс ўтилаётган экан. Журналда мавзулар тўлдирилмаган саҳифалар бор.Фурқатбек Тўхтасиновнинг на иш режаси, на конспекти бор. Шу синф раҳбари Аъзамжон Аъзамхўжаев эса кундаликларнинг юритилишига асло эътибор бермас экан.

10-умумтаълим мактабида 7 нафар юқори синф ўқувчилари биринчи соатга кеч қолдилар. Эҳтимол бунга назоратнинг сустлиги, эшик олдига навбатчиларнинг қўйилмаслиги, дафтарларнинг юритилмаслиги сабаб бўлаётгандир. Яқингинада умумтаълим мактабларида буфетлар фаолиятига янгилик киритилаётганлиги сабаб ёпилиши белгиланганди. Бу мактабда буфетчи Ойдиной Мамадалиева бемалол санитария гигиена ҳолатларига жавоб бермайдиган жойда, маҳсулотларининг яроқлилик сертификатлари йўқ ҳолда савдо қилаётган экан. Бунга мактаб мутасаддилари эса бефарқ.

511 нафар келажагимиз ворислари таълим ва тарбия олаётган 40-умумтаълим мактабида барча қулайликлар мавжуд. Кенг ва замонавий хоналарда истаганча дарс ўтиш ёки билим олиш мумкин. Лекин юқори синфларда прогул етарлича бор. Ўқувчининг ва ўқитувчининг юзи бўлган, ота-она билан алоқа воситасини ўтайдиган кундаликларга баҳо қўйиш кўпинча ўқитувчилар томонидан унутилиб қўйилмоқда. 11-синф ўқувчиларининг 90 фоизида кундалик дафтар йўқ. Олаётган билимлари сўралганда фақат саноқли ўқувчи жавоб беролди, холос.

Демак, мактабларимиз ўқитувчилари ўқувчилар билан ишлашда, дарс ўтишда эътиборни янада кучайтиришлари, инновацион технологияга эътибор қаратишлари, дарс давомида барча ўқувчилар диққатини дарсга жалб қилишлари, янгиликлардан мунтазам хабардор бўлиб туриш­ларига эришишлари, ота-она, маҳалла ҳамкорлигини кучайтириш­лари, журнал ва кундаликларнинг мунтазам юритилишига эришишлари лозим.

КУТУБХОНАЧИЛАР КИМЛАР?

Улар фақат китоб тарқатувчи эмас, тарғиботчи, тарбияловчи ҳамдир

Мактаб кутубхоналарида фаолият қандай? 

43-мактаб кутубхонасида бўлганимизда 8 февралгача «Халқ сўзи» «Андижоннома», «Пахтакор» газеталари етиб келмаганининг гувоҳи бўлдик. Маълум бўлишича ўқитувчилар ўтган йилнинг декабрида 35 дона «Пахтакор»га, 9 дона «Андижоннома»га, 2 дона «Халқ сўзи»га обуна бўлишган. Буни қўлларидаги  2018 йил 11 декабрда «Пойтуғ» ПАТ Андижон вилояти томонидан берилган патта исботлаб турибди. Лекин газеталар шу кунгача етказилиб берилмаяпти.

Бундай ҳолат 31-умумтаълим мактабида ҳам мавжуд. 20 та «Пахтакор»га, донасига 125500 сўмдан обуна бўлинган. Лекин газетадан дарак йўқ. Бу алоқа тармоғидагилар ўз мажбуриятларини бажармаётганларидан далолат эмасми? «Народное слово», «Андижоннома» газеталари ҳам обуна бўлинсада етказилиб берилмаяпти. 40-умумтаълим мактаби кутубхонаси ҳавас қилса арзигулик. Шарт-шароит яхши. 8200 дона китоб фондига эга. Лекин кутубхона мудири Гуласал Ваҳобова ўқувчиларнинг қандай адабиётларга эҳтиёжи борлигидан бехабар. Бу ҳақда қизиқиб, китоб фондини янада кўпайтирса ўқувчилар сони ортармиди?

Мактаблар кутубхоналари мудирлари ўз билимларини мунтазам ошириб боришлари, янгиликлардан хабардор бўлишлари, ўқитувчи ва ўқувчиларни қандай адабиётлар қизиқтиришини ўрганиб боришлари, керак бўлса янгиликларни барча билан баҳам кўришлари лозим.

Биз мактаблардан қайтар эканмиз шундай фикрларни билдирмоқчимиз:

Кутубхона —- мактабда маънавиятнинг ўчоғи ҳисоб­ланади. Кутубхоначилар фақат китоб бериш, тарғибот қилиш билангина эмас республика, вилоят, туман газеталарини ҳар ҳафтада қўлига олиб бир-бир кўздан кечириб ўқиб чиқса республика, вилоят, туманда бўлаётган янгилик­лардан хабардор бўлади. Ана шу янгиликлар ичидан таълим беришга доир ҳужжатлар ва янгиликлар билан ҳар ҳафтада ҳеч бўлмаса икки марта ўқувчилар билан ўтказиладиган сафланишларда ўқувчиларни ва шу билан бирга ўқитувчиларни ҳам хабардор қилувчи зиёлидирлар.

Мактабларнинг кутубхоначилари бу билан ўқувчиларнинггина эмас, ўқитувчилар қалбига ҳам ўзларига  кўрсатилаётган   ғамхўрликка жавобан сид­қидилдан меҳнат қилиш, шундай Ватанда яшаётганидан фахрланиш ва ғу-­рурланиш ҳис-туйғуларини сингдирадилар.

СИНФХОНАЛАР ИССИҚМИ?

Биз кўрган мактаблар директорларининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосарларининг айримлари кўмир бўйича ҳисоб-китоб­ларини яхши билмайдилар. Масалан, 43-умумтаълим мактаби хўжалик мудири Ҳ. Эргашева 3 та қозонхона, 10 та чўян печкага ёқиш учун қанча кўмир сарфланишини билмайди. 35 тонна кўмир билан мавсумни якунлашини билдирди. Демакки айрим иссиқ кунларида печкалар ва қозонхоналар ёқилмайди, ёки оз-оздан белгиланган режимдан қисқартириб кўмир берилади. Хўжалик мудиридан бу ҳақда сўраганимизда «Мен шундай қилса ҳам бўлаверади-да» деб ўйлабман, деган жавобни берди.

Барча соҳаларга куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш учун тегиш­ли ташкилотлар меъёрий ҳужжатлари қабул қилинади. Шунга асосан пухта тайёргарлик кўрилади. Лекин мактабларга кўмир меъёрида етказилмаганлиги туфайли белгиланган баҳолардан анча қиммат бўлган «қозоқ кўмир»дан мактабларга етказилиб берилишига мажбур бўлинди. Сарҳисоб қилинса туман бюджетига қанчага тушиши маълум бўлади. қаранг, мактаблардаги юк хатларида 1 кило брикет 375, 1 кило Ангрен кўмир 273 сўмдан бўлгани ҳолда «қозоқ кўмир»нинг килоси 650 сўмдан олинганлиги баён этилган. Бу кимга зарар, кимга фойда?

М. Мирзаабдуллаев,

Й. Исоқжонов.

«Пахтакор» махсус мухбирлари

Улашинг: