Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

АДОЛАТ

Адолат не ўзи, қай бир мақсадда
Унинг тошин оғир яратмиш Худо?
Адолат не ўзи, қай бир ҳикматда
Унинг тарозиси ишлар бехато?

Бу савол қийнайди аҳли мавони,
Жавоб топганлар ҳам бўлар ўзича.
Ким кимга қўзғаса, қасди даъвони
Ўзини ҳақ билар ўла-ўлгунча.

Ер юзи талошиш майдони бугун:
Кимдир ютқазади, кимдир ютади.
Оми-ю олиму иймони бутун
Ҳар куни бир талош кунни кутади.

Адолат талашар тўқ ҳам, юпун ҳам,
Ғолиби тахқирлар мағлубларини.
Адолат талашар эр ҳам, хотин ҳам
Дарбадар қолдириб сағирларини.

Адолат истаган биринчи Одам
Жаннатдан мосуво этилганида.
Адолат излаган пайғамбарлар ҳам
Саждага ҳар дафъа эгилганида.

Адолат истаган шоҳлар ҳам шаксиз,
Айрилган чоғида тожу тахтидан.
Адолат излайди то башар ҳануз
Кўнгли тўлмас сира кемтик бахтидан.

Мен ҳам истадимман уни бу замон,
Қофия қилмоқ-чун ушбу шеъримга.
Мунаққид ўқиса, қолдирмас омон
Адолат нелигин кўрсатар менга.

Демакки, талашмоқ азалий мерос,
Ўрганган кўнгил оҳ, ўртаб ўтади.
Инсон бу қусурдан бўлгунча халос
Бу кўҳна дунё ҳам тугаб битади.

Мухиддин ОМАД

Улашинг: