Ҳалқимизда миришкор деҳқонларни турли мақомларда таърифлашади. Туманимизнинг илғор фермерларидан бўлган Аъзамжон Нурмирзаевни ҳам “Ернинг тилини биладиган, тупроқ билан сирлашадиган деҳқон” дея аташади. Мана, 35 йилдан зиёд вақт ўтибдики, Аъзамжон ака қишлоқ ҳўжалиги соҳасида муваффақиятли фаолият юритмоқда.
У раҳбарлик қилаётган Тиллабоев массивига қарашли “Ҳосили мўл” фермер ҳўжалиги ҳар йили пахта–ғалла йўналишида белгиланган режаларни ортиғи билан уддалаб келади. Ўтган 2020 йилда ҳам 64 гектар ер майдонидан 40 центнердан пахта, 48 гектардаги ғалла майдонидан эса 70 центнердан ғалла ҳосили олинди. Бу ютуқларда механизаторлар Содиқжон Яхшибоев, Нуриддин Жамбулов, Шоядбек Алиқулов, сувчилар Баҳромжон Обоқов, Алишер Алимов, Мансурбек Пўлатов, Билолдин Мамадинов, фермер аъзоларидан Муборакхон Мажидова, Маъмурахон Хошимова, Маъмурахон Назарова, Нилуфар Тусматоваларнинг муносиб ҳиссалари бор.
Жорий 2021 йил ҳосили учун экилган 53 гектар ер майдонидаги “Аср” навли буғдой ҳозирда агротехника қоидалари асосида парваришланиб, чилла сувидан сўнг озиқлантириш учун тайёр ҳолатга келтирилди. Янги 2021 йил мавсуми учун ариқ-зовурлар чопилиб, дала шийпони таъмирланди. Фермер ҳўжалигида бу йил янги технологиялар асосида ишларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда фермер Аъзамжон Нурмирзаев билан суҳбатда бўлганимизда, у ўз фикрларини қуйидагича баён этди:
— Янги мавсумда режаларимиз ҳам янгича. Жорий йилда пахтадан юқори ҳосил олиш учун далаларда ғўзаларни томчилатиб суғориш технологиясини йўлга қўймоқчимиз. Ҳозирда 18 гектар ер майдонида ушбу технологияни қўллаб кўриш учун замин тайёрланмоқда. Бу борада сув заҳираси учун ҳовуз тайёр ҳолатга келтирилди. Агар ушбу технология ишончни оқласа, келажакда пахтакорларимиз учун улкан имкониятлар юзага келади, дея бемалол айта оламан. Чунки томчилатиш технологияси биз учун сувни ортиқча исроф бўлмаслигига катта кўмак бўлса, бир томондан пахта ҳосилини гектаридан 50 центнергача етиштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирги кун талабларига “лаббай” дея жавоб бераётган, укалари, фарзандлари унга қўшқанот бўлаётган Аъзамжон Нурмирзаев биринчилардан бўлиб 18 – 30 ёшгача бўлган ишсиз, банд бўлмаган ёшларнинг иш билан банд бўлиб, ўзларини тиклаб олишлари учун 9 гектар ер ажратиб берди.
М.Рустамов
ЕР БИЛАН ТИЛЛАШАДИГАН ДЕҲҚОН
Ўхшаш хабарлар Жамият саҳифасидаги мақолалар »