Ҳафтасига 5 кун ишлайдиганлар ҳам, 6 кун ишлайдиганлар ҳам кетма-кет 5 кун – 1-5 сентябр кунлари дам олади.
Дам олиш кунларини белгилаш тўғрисидаги президент фармонига кўра, 2021 йил 2 ва 3 сентябр кунлари қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланган. Шунингдек, 4 сентябр барча ходимлар учун, иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, дам олиш куни ҳисобланади ва бу учун бошқа куни ишлаб бериш шарт бўлмайди.
Шу тариқа, 2021 йилда иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, барча ходимлар учун 1 сентябрдан 5 сентябргача кетма-кет 5 кун дам олиш куни ҳисобланади.
Бюджет ташкилотларида 2021 йил 2 ва 3 сентябрдаги қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини икки иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланади. Ходимларга меҳнат таътили учун тўлиқ ҳақ тўланади.