Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ҳокимликлар тадбиркорлардан 123 млрд сўм қарздор. Президент барча вилоят ҳокимларини огоҳлантирди 

Ҳокимликлар тадбиркорлардан 123 млрд сўм қарздор. Президент барча вилоят ҳокимларини огоҳлантирди 

Бугунги кунда маҳаллий ҳокимликлар бино ва иншоотларнинг бузилиши бўйича 349 нафар тадбиркордан 123 миллиард сўм қарздор. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Тадбиркорлик фаолиятига аралашувларни қисқартириш, соҳадаги тартиб-таомилларни соддалаштириш, хусусий мулк дахлсизлиги борасидаги сиёсатни қатъий давом эттирамиз.

Аввало, бугунги кунда тадбиркорлар учун назарда тутилган субсидиялар олиш жараёни ўта мураккаблигича қолмоқда. Тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 80 дан ортиқ субсидиялар жорий этилди. Ўтган даврда уларга 2,3 триллион сўм ажратилди. Лекин, мактабгача таълим, халқ таълими, муқобил энергетика, балиқчилик, паррандачилик, қоракўлчилик каби 10 дан зиёд соҳаларда субсидиялар ишламаяпти. Бунга сабаб – ушбу субсидияларни тўлаш тартиби мураккаб ва рақамлашмаган. 

Тадбиркор субсидияни олиш учун ўртача 5 та ҳужжатни тақдим этиши, 10 та вазирлик ва идорадан хулоса олиши зарур. Бунга камида бир ой кетади. Шу боис, келгуси йил 1 январдан субсидияларни ажратиш бўйича мурожаатлар  “ягона дарча” тамойили асосида қабул қилинади, жараёнда иштирок этадиган давлат идоралари сони 2-3 бараварга қисқартирилади.

Ўтган бир йилда тадбиркорлардан талаб қилинадиган 400 дан ортиқ лицензия ёки рухсатномалардан 114 тасини бекор қилдик. Шунингдек, лицензия ва рухсатнома талаб қилган 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Ҳозирда 30 турдаги лицензия ва рухсатномалар онлайн тарзда берилмоқда. Келгуси йилдан бошлаб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун барча рухсат этувчи ҳужжатлар онлайн тарзда расмийлаштирилади. Жорий йил якунига қадар лицензия ёки рухсатномалар сони яна камида 30 фоизга қисқартирилади.

1 ноябрдан барча техник талабларга тўла жавоб берадиган, замонавий индукцион печлардан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилинади. Бунда маҳсулот сифатини таъминлаш, уни ягона стандартлар ва хавфсизлик талабларига тўла жавоб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. 

Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган ҳар қандай текшириш, мониторинг ва назорат тадбирларида, адолат мезонлари ва қонун устуворлиги таъминланиши шарт. Бунинг учун Савдо-саноат палатасига тадбиркорнинѓ розилиги билан, барча текширишларда иштирок этиш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ваколати берилади.

Бугунги кунда маҳаллий ҳокимликлар бино ва иншоотларнинг бузилиши бўйича 349 нафар тадбиркордан 123 миллиард сўм қарздор. Барча вилоят ҳокимларини огоҳлантираман: 1 сентябрга қадар тадбиркорлар билан барча ҳисоб-китоблар якунига етказилиши, бир сўм ҳам қарздорлик қолмаслиги шарт”, деди президент. 

 

Улашинг: