Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Тўрткўлда тадбиркор аёл янги боғча қурди

Тўрткўл қишлоғининг Гузар маҳалласида тадбиркор Муҳайёхон Шодмоналиева томонидан янги 100 ўринли «Лидерлар» дея номланган нодавлат мактабгача таълим муассасаси бунёд этилди. Боғча учун жами 4 миллиард 10 миллион сўм маблағ сарфланди.

Тадбиркор ўз маблағидан 1 миллиард 600 миллион сўм сарфлаган бўлса, қолган маблағни «Халқ банки» туман филиали томонидан берилган имтиёзли кредитдан фойдаланди.

Фаолиятини бошлаган янги боғчада жами 32 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Улардан 10 нафари олий тоифали педагоглардир.

Муҳайёхоннинг ўзи ҳам педагог бўлганлиги сабабли болажонларни келажакда юртимиз учун етук фарзандлар бўлиб етишишларида қандай фао­лият олиб боришни яхши билади.

Бу борада боғчада инновацион ғоялар орқали бир қатор ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, менталь (мўътадил) -арифметика, рус тили, инглиз тили, ҳарбий таълим сабоқлари билан бирга шахмат-шашка, тасвирий санъат, рақс тўгараклари фаолият кўрсатмоқда. Ота-оналарнинг истак-талабларига биноан ҳафталик гуруҳлар ташкил этилган.

Тадбиркорнинг келажакдаги мақсадлари улкан. Унинг таъкидлашича туман ҳокими томонидан 1 гектар ер ажратиб берилган. Жорий йилда Муҳайёхон маҳалла аҳли учун 346 ўринли 11-синфгача мўлжалланган янги ихтисослаштирилган нодавлат умумий ўрта таълим мактабини барпо этиш ниятида.

М. РУСТАМОВ

Улашинг: