Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

11 ноябрь — Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни

       11 ноябрь — Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни

«Ёш китобхон» кўрик танлови

ҒОЛИБЛАР ТАҚДИРЛАНДИЛАР

Мамлакатимизда инсон қадри йўлида амалга оширилаётган улкан ишлар давлатимиз ва жамиятимизни тараққиётнинг мутлақо янги босқичларига олиб чиқмоқда. Зеро Янги Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари бугунги кунда жаҳон миқёсида ҳам тан олиниб, юксак баҳоланмоқдаки, бу Давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган доно сиёсатиданлиги муболаға эмас. Табиийки, олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришларда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишлар ташкил этиляпти. Ўтган йиллар касаба уюшмалари ҳаётида ҳам туб бурилишга бой бўлди. Касаба уюшмалари ҳаётидаги тарихий воқеалардан бири — 2019 йилнинг 6 декабрида Президентимиз томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланиши бўлди. Ушбу Қонун касаба уюшмалари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ваколатларини кенгайтириш имконини берди. Касаба уюшмалари инспекциялари қайта тикланди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2020 йилда бўлиб ўтган саккизинчи қурултойи иштирокчиларига йўллаган табрикда мустақил давлатимиз тарихида илк бор 11 ноябрни — “Касаба уюшмалари куни” этиб белгилаш таклифи билдирилгач, “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ва бу 5,5 миллиондан ортиқ аъзога эга бўлган касаба уюшмалари ҳаётида унутилмас воқеа сифатида тарихга муҳрланди. Шунингдек, Президентимиз ташаббуслари билан Касаба уюшмаларининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси ташкил этилди. Яна бир жиҳат. Кейинги йилларда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан якунланаётган йилнинг сарҳисоби сифатида ўзининг муносиб меҳнатлари билан Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига, шунингдек, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига ҳисса қўшган энг фаол, фидойи ва ташаббускор инсонлар меҳнатини эътироф этиш анъанага айланди. Туманимизда ҳам 11 ноябрь-Касаба уюшмалари кунини муносиб кутиб олиш мақсадида турли тадбирлар, кўрик-танловлар ўтказилмоқда. Ёзувчи, адиб ва мутафаккирларнинг адабий меросини, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар тамонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш ва бўш вақтларини сермазмун ташкил этиш, китоб ўқишга бўлган қизиқиши ва интилишларини қўллаб қувватлаш, ёшларимизни ўзлигини англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ўқувчилар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш орқали уларнинг маънавий-сиёсий онгини юксалтириш ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2022 йил 19 –октябрдаги 7-60”с” сонли ва 47 қ/қ –сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Избоскан туман бўлинмаси кенгаши Ижроия қўмитаси ва Избоскан туман Халқ таълими бўлимининг қўшма қарорига асосан тумандаги умумий ўрта таълим мактаблари 9-11 синф ўқувчилари ўртасида  “11-ноябрь-“Ўзбекистон касаба уюшмалар куни” муносабати билан “Ёш китобхон” танлови   ўтказилди. Ушбу танловни барча таълим муассасаларида одилона ва шаффоф ўтказиш ва баҳолаш учун хакамлар ҳайъати тузилди ва танлов   тест ва шархлаш жараёнлари натижаларига қараб баҳолаш тартиби асосида ҳар бир мактабдан 1 нафардан ғолиблар аниқландилар. Ана шундай танловнинг бири 1 ноябрь куни тумандаги 57- иқтисослашган давлат умумтаълим мактабида юқори савияда ўтказилди.

Танловда 83 нафар 9-11 синф ўқувчилари иштирок этдилар. Бу танловда 10 “А” синф ўқувчиси Юлдашева Оминахон фахрли биринчи ўринни эгаллади. Танлов якуни бўйича 10 нафар ўқувчилар энг яхши натижа кўрсатиб, юқори балларни қўлга киритдилар ва таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Избоскан туман бўлинмаси кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Танловда   касаба уюшмаси Избоскан туман бўлинмаси кенгаши, туман ХТБ ва туман “Пахтакор” газетаси вакиллари хамда мактаб жамоаси ва ўқувчилар иштирок этдилар.

                                            М. Мирзаабдуллаев.  

Улашинг: