Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Интизомий чоралар қўлланилди, меҳнат шартномалари бекор қилинди

Туманимизда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом талаблари асосида иш ташкил этиляптими?

Аввало шуни айтиб ўтиш жоизки, мазкур Низом фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.
Болали оилаларга нафақалар, бола парвариши бўйича нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ижтимоий адолатга сўзсиз риоя қилиш, кенг ошкоралик ва очиқликни таъминлаши лозим. Давлат томонидан қўллаб-қувватлашсиз даромадларини оширишнинг аниқ имконияти бўлмаган, ҳақиқатда эҳтиёжманд оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам бериш, нафақалар ва моддий ёрдамни манзилли тарзда тайинлашни таъминлаш йўли билан уларни тўлашга ажратилган маблағлардан мақсадли сарфланиши лозим. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тадбирларига айрим оилалар ва фуқаролар томонидан боқимандалик муносабатида бўлиш, ўзининг иқтисодий фаоллиги ҳисобига эмас, балки давлат ёрдами ҳисобига яшашга интилишга йўл қўймаслик жоиз.
Туман адлия бўлими томонидан тумандаги 33 та фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид 2017-2018 йилларда амалга оширилган ишлари ўрганиб чиқилганда бу соҳадаги ишлар етарли эмаслиги маълум бўлди. Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом талабларига риоя этилмай жами 4588 марта қонунбузилишларга йўл қўйилган.
Низомга мувофиқ, ариза берувчининг эҳтиёжмандлиги даражасини аниқлаш ва болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш (рад этиш) тўғрисида хулоса чиқариш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органида махсус комиссия ташкил этилади. Унинг таркиби фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси томонидан 12 ой муддатга, камида 5 кишидан иборат этиб тасдиқланиши лозим бўлсада, 5 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ушбу комиссиялар ташкил этилмаган, 9 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ушбу комиссиялар тегишли қарорлар билан тасдиқланмаган.
Туман миқёсида айрим фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан нафақаларни тайинлаш тартибига риоя этилмаганлиги оқибатида жами 16 млн. сўмдан ортиқ пул маблағлари ортиқча тўланган.
Низом талабига кўра, махсус комиссия ариза берилган санадан бош­лаб ўн кун муддатда оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиб чиқади, шундан кейин тегишли нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисидаги хулосани фуқаролар йиғинига ёки Комиссияга киритилиши белгиланган. Лекин 2017-2018 йилларда жами 1844 та мурожаатларни кўриб чиқишда ушбу қоидага амал қилинмаган. Бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Ўрганиш якуни бўйича қўлланилган таъсир чораларга кўра жами 58 нафар ходимга нисбатан интизомий чоралар қўлланилиб, 2 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Сардорбек Матмусаев,
туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси

Улашинг: