Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни ёхуд юридик ва жисмоний шахсларни банкротликдан ҳимоя қилувчи қонун
2022 йилнинг 12 апрель куни қабул қилиниб, 2023 йилнинг 1 январь кунидан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун билан кўпчилик таниш албатта. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳимоясини янада мустахкамлаш борасидаги ислоҳотлардан бири бўлди десак муболаға бўлмайди. Башарти, ушбу қонунни қабул қилинишида асосий кўзланган мақсадлардан бири, иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини қўллаш орқали уларнинг фаолиятини қайта тиклашга қаратилган.
Жумладан, мазкур қонуннинг 5-моддасида, вақтинчалик ҳамда доимий тўловга қобилиятсизлик қоидалари киритилган бўлиб, кредиторлик қарзи миқдоридан қатъи назар қарздор ўз мажбуриятларини камида 3 ой давомида бажармаганда, у вақтинча тўловга қобилиятсиз деб топилади ва унга дастлаб соғломлаштириш таомиллари қўлланилади ҳамда жорий солиқ тўловларини тўлаш тўхтатиб турилади.
Шунингдек, сўнгги ҳисобот йилида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активларидан доимий равишда ошган бўлса, у доимий тўловга қобилиятсиз деб топилиб, унга тугатиш таомиллари қўлланилади. Ушбу Қонунга, вақтинчалик ҳамда доимий тўловга қобилиятсизлик нормаларини киритилиши иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган юридик ва жисмоний шахсларни банкрот бўлишини олдини олиш ва уларга нисбатан дастлаб соғломлаштириш таомилини қўллаш орқали фаолиятини тиклаш мақсад қилинган.
Тўловга қобилиятсизлик иши қўзғатилган бўлса ҳам суд бошқарувчиси томонидан қарздор фаолиятини давом эттириши учун зарур бўлган шартномалар ижроси давом эттирилади. Мазкур қоидаларга асосан суд қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади: Дастлаб, Қонуннинг 78-моддасига кўра, тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилганда қарздор — юридик шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани иш юритишга қабул қилган санадан эътиборан суд томонидан кузатув тартиб-таомили жорий этилиб, муваққат бошқарувчи тайинланади. Шундан сўнг, қонунинг 92-моддасига мувофиқ суд кредиторларнинг биринчи йиғилиши қарори асосида, қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади ёки суд санациясини ёхуд ташқи бошқарув тартиб-таомилини жорий этиш ҳақида ажрим чиқаради ёки келишув битимини тасдиқлайди ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни юритишни тугатади.
Суд санацияси кузатув тартиб-таомили жараёнида қарздор, қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси, шунингдек учинчи шахс (шахслар) суд санацияси тартиб-таомилини жорий этиш ҳақида судга мурожаат қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан кредиторларнинг биринчи йиғилишига ёхуд суд санацияси тартиб-таомилини жорий этиш ҳақидаги илтимоснома билан бевосита судга мурожаат қилганда суд томонидан қўлланиши мумкин. Агар суд томонидан суд санацияси қўлланилганда, санация қилувчи бошқарувчи тайинланади.
Шу ўринда суд санацияси тартиб-таомили — қарздор юридик шахсга нисбатан унинг тўлов қобилиятини тиклаш ва унинг кредиторлар олдидаги қарзини тўлаш учун қарздорнинг ишларини бошқариш ваколатларини санация қилувчи бошқарувчига ўтказмаган ҳолда суд томонидан қўлланиладиган тартиб-таомил эканлигини билиб олиш лозим бўлади. Шунингдек, агар қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашнинг ҳақиқий имконияти аниқланса, ташқи бошқарув тартиб-таомили кредиторлар йиғилишининг илтимосномаси, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган қарздор бўйича эса ваколатли давлат органининг аризаси асосида суд томонидан ташқи бошқарувчи тайинланган ҳолда жорий этилади. Ва ниҳоят, суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида қарор қабул қилиниши тугатишга доир иш юритишнинг бошланишига сабаб бўлади ҳамда тугатишга доир иш олиб бориш учун тугатиш бошқарувчиси тайинланади.
Бундан ташқари, мазкур қонун билан 2023 йил 1 январдан бошлаб, жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш институти жорий этилганлиги аҳамиятга моликдир. Жумладан, қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор жисмоний шахс томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари ҳисобланади.
Қонунга кўра, қарздор жисмоний шахс, кредитор, шунингдек давлат солиқ хизмати ва бошқа ваколатли органлар жисмоний шахсни тўловга қобилиятсиз деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин қарздор жисмоний шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилганда, аввало, унга қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш тартиб-таомили қўлланилади ва қарздор жисмоний шахсга ўз қарзини 3 йил давомида тўлов-графиги асосида бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Жисмоний шахс ўз қарзини бўлиб тўлаш графиги асосида тўлай олмаса, у суд томонидан банкрот деб топилади. Банкротлик жараёнида қарздор жисмоний шахс мол-мулки етмаганлиги сабабли қопланмай қолган қарзини тўлашдан озод этилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, қонунда иқтисодий ночор холатга тушган инсофли ва ҳалол тадбиркорлик субъектларини ва жисмоний шахсларни молиявий ҳолатини яхшилаш учун уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган нормалар киритилган ва аксинча, тўловга қобилиятсизликни қасддан содир этган ҳолатларда қатъий жавобгарликни назарда тутувчи нормалар жорий этилган.
Мазкур қонун тўловга қобилиятсизлик ҳолатидаги корхоналарга нисбатан соғломлаштириш таомилларини қўллаш орқали уларнинг фаолиятини тиклаш ва иш ўринларини сақлаб қолишга, қарздор ва кредиторларнинг манфаатларини таъминлашга ҳамда мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини оширишга хизмат қилади.
И. Жураев,
Хўжаобод туманлараро иқтисодий суди раиси