Кредит шартномасининг бошқа шартномалардан фарқи
Кредит шартномаси бўйича бир тараф – банк ёки бошқа кредит ташкилоти иккинчи тарафга яъни қарз олувчига шартнома назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади. Кредит шартномасининг қарз шартномасидан энг муҳим фарқли жиҳати бу унинг субъектида саналади. Яъни кредит шартномаси бўйича кредитор бўлиб албатта банк ёки кредит ташкилоти қатнашади.
Қарз шартномаси бўйича бир тараф яъни қарз берувчи иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки олинган ашёни қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашё топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Фуқаролар ўртасидаги қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, тарафлардан бири юридик шахс бўлса, суммасидан қатъи назар ёзма шаклда тузилиши керак.
Агар қарз олувчининг тилхати ёки қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат бўлса, бунда қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади. Кредит шартномасида банк ёки кредит ташкилотининг қарз олувчига кредит суммасини бериш бўйича реал шартномавий мажбуриятлари шартнома тузилган пайтдан бошлаб, қарз олувчининг фоизларни тўлаш, кредитни қайтариш бўйича шартномавий мажбуриятлари эса, агар тарафларнинг келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кредит суммаси реал олинган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Қарз шартномаси ва кредит шартномаси ўртасидаги яна бир муҳим фарқли жиҳати шундаки, қарз фуқаролар ва юридик шахслар ўртасидаги муносабат бўлса, кредит юқорида таъкидлаганимиздек банк ёки кредит ташкилоти ажратадиган қарз ҳисобланади. Кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт. Ёзма шаклга риоя қилмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади. Бундай шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий саналмайди. Кредит муносабатида олинган маблағ қайтариб берилиши, фойдаланганлиги учун фоизлар тўланиши, муддатли, маълум товар ва номоддий активлар билан таъминланган бўлиши, мақсадли ишлатилиши шарт ҳисобланади. Ўз навбатида амалдаги фуқаролик қонунчилигимизда кредит шартномасига қарз шартномасига оид бўлган қоидалар қўлланилади.
Агар қонунчиликда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган ҳолларда ушбу белгиланган фоизлар тўланган бўлишидан қатъи назар, қарз қайтариб берилиши керак бўлган кундан бошлаб то у қарз берувчига қайтариб берилган кунгача бу сумма юзасидан ушбу Фуқаролик кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган миқдорда фоизлар тўланиши керак. Агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли. Агар қарз шартномасида қарз бўйича фоизларни қарзнинг ўзини қайтариш муддатидан олдин тўлаш назарда тутилган бўлса, бу мажбурият бузилган тақдирда, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасини тегишли фоизлари билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли бўлади.
Қарз олувчи пул ёки бошқа ашёларни қарз берувчидан амалда олмаганлигини ёки шартномада кўрсатилганидан кам миқдорда олганлигини исбот қилиб, қарз шартномаси юзасидан даъволашишга ҳақли. Ёзма шаклда тузилиши лозим бўлган қарз шартномаси юзасидан гувоҳларнинг кўрсатмалари ёрдамида даъволашиш мумкин эмас, шартнома алдаш, зўрлик ишлатиш, таҳдид қилиш, қарз олувчининг вакили қарз берувчи билан ёмон ниятда келишиши ёки қийин вазиятлар таъсирида тузилган ҳоллар бундан мустасно ҳисобланади. Агар қарз олувчи қарз шартномаси юзасидан даъволашуви жараёнида пул ёки бошқа ашёлар ҳақиқатан ҳам қарз берувчидан олинмаганлиги аниқланса, қарз шартномаси тузилмаган ҳисобланади. Қарз олувчи қарз берувчидан пул ёки бошқа ашёларни шартномада кўрсатилганидан амалда кам миқдорда олган ҳолларда шартнома ана шу миқдордаги пул ёки ашёларга тузилган ҳисобланади.
Қарз олувчи қарз суммасининг қайтариб берилишини таъминлаш юзасидан қарз шартномасида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаса, шунингдек қарзнинг таъминоти қарз берувчи жавобгар бўлмаган вазиятларда йўқотилса ёки унинг шартлари ёмонлашса, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасини муддатидан олдин қайтаришни ва тегишли фоизларни тўлашни талаб қилишга ҳақли. Агар қарз шартномаси қарз олувчининг маблағлардан аниқ мақсадда (аниқ мақсадли қарз) фойдаланиши шарти билан тузилган бўлса, қарз олувчи қарз берувчига қарз суммасидан аниқ мақсадда фойдаланилишини назорат қилиш имкониятини таъминлаб бериши шарт.
Қарз олувчи қарз шартномасининг қарз суммасидан аниқ мақсадда фойдаланиш ҳақидаги шартларини бажармаган тақдирда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи қарз олувчидан қарз суммасини муддатидан олдин қайтаришни ва тегишли фоизларни тўлашни талаб қилишга ҳақли. Бугунги кунда банкларимизда мижозларнинг кредит тарихларига, уларнинг қайтарувчанлик қобилиятига қараб кредит ажратиш йўлга қўйилган. Бундан ҳолат қонунчиликда ҳам мустахкамлаб қўйилган.
Фуқаролик кодексининг 746-моддасига мувофиқ, кредитор қарз олувчини тўловга қобилиятсиз деб ҳисобласа, қарз олувчи кредитни таъминлаш мажбуриятларини бажармаса, шартномада назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузса, шунингдек шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда қарз олувчига кредит шартномасида назарда тутилган кредитни беришдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақлидир. Қарз олувчи ҳам кредит олишдан бутунлай ёки қисман бош тортишга ҳақли.
Агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи бу ҳақда кредиторни кредит шартномасида белгилаб қўйилган кредит бериш муддатига қадар хабардор қилиши шарт. Қарз олувчи кредит шартномасида назарда тутилган кредитдан аниқ мақсадда фойдаланиш мажбуриятини бузган тақдирда кредитор шартнома бўйича қарз олувчини бундан буён кредитлашни тўхтатишга ҳақли.
Хулоса қилиб айтганда қарз берувчи ва қарз олувчи амалдаги ушбу қонун талабларига риоя қилса, фуқаролар, юридик шахслар ўртасида турли низолар келиб чиқишига, ортиқча оворагарликчиликларга барҳам берилади.
И.Жураев,
Хўжаобод туманлараро иқтисодий судининг раиси