Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Илғор хорижий тажрибалар

Республикамизда таълим тизими доимо давлатимиз раҳбари эътиборида бўлмоқда. Ўтган давр мобайнида соғлом ва ҳар томонлама ривожланган авлоднинг шаклланишини таъминлашга қаратилган самарали мактабгача таълим тизимини ташкил қилиш, бу соҳада чуқур ислоҳотлар ўтказиш бўйича комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу Давлатимиз раҳбарининг қабул қилган қарор ва фармонларида, меъёрий ҳужжатларда ўз аксини топяпти.

Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мактаб­гача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дас­турлари ва технологияларини татбиқ этиш, интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун барча шарт-шароитлар яратиш Президентимизнинг 2019 йил 8 майдаги қарори билан Ўзбекис­тон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ўз аксини топ­ган. Шунингдек, мактабгача ёшдаги болаларни уйғун ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, сифатли мактабгача таълимни ташкил этишда давлат талаб­ларини қайта кўриб чиқиш, мавжуд амалиёт ва илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини лицензиялашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш масалаларига ҳам эътибор берилган. Шундан келиб чиқиб мен мактабгача таълим соҳасидаги илғор тажрибалар билан ўртоқлашишни лозим топдим. Мактабгача таълим тизимида илғор инновацион таълим-тарбия ҳақида, ислоҳотларни амалга оширишда француз олими Э. Брансуик қуйидагилар муҳим касб этишини таъкидлаган:
Аввало машғулотларга мутлақо янги ва илгари номаълум бўлган таълимий ғояларни олиб кириш таълим-тарбия самарадорлигини таъминлайди;
Иккинчидан, янгиликлар­нинг энг кўп миқдори мос­лаштирилган, кенгайтирилган ҳамда қайта ишланган ғоялар, ишлар бўлиб, улар маълум муҳит ва вақт ичида алоҳида долзарб бўлади;
Учинчидан, мақсадлар ўзгарган шароитларда такрорий қўйилиши муносабати билан баъзи илгари мавжуд бўлган усуллар қайта янгиланади, ўқитиш сифатида тавсифланади. Бунда тарбиячи нафақат болаларнинг ўқув-билим фаолиятининг бошқарувчисига, балки нуфузли билимлар манбаига айланиб қолаётганлиги болаларнинг мустақил фикрлашини четлаб қўяётган бўлса, илм-фан, техника тараққиёти натижасида ахборотлар хажмининг кўпайиб бориши, улардан фойдаланиш учун вақтнинг чеклананлиги ҳамда уларни саралаш ва тизимлаштиришнинг бирмунча мураккаблиги ҳам мактабгача таълим тизимидаги таълим-тарбия жараёнига илғор хорижий тажрибалари асосида ёндашувни тақозо этади.
Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, тарбияланувчиларни мактаб таъли­мига сифатли тайёрлаш, улар учун имкониятлар яратишда инновацион ёндашувлардан фойдаланиш эртанги кунни белгилайдиган масалалардир. Илғор хориж тажрибалари қўлланилганда бу усул болалар эгаллаётган билимларни ўзлари қидириб топишларига, мус­тақил ўрганиб, таҳлил қилиш­ларига, ҳатто хулосаларни ҳам ўзлари келтириб чиқаришларига қаратилган. Тарбиячи бу жараёнда шахс ва жамоанинг ривожланиши, шаклланиши, билим олиши ва тарбия­ланишига шароит яратади. Шу билан бирга бош­қарувчилик, йўналтирувчи вазифасини бажаради. Илғор таж­рибаларнинг таълим-тарбия тизими тизими олдидаги муаммоларни ҳал этишдаги ўрни ва аҳамияти шундаки, бола фақатгина ахборотни ўзлаштириш ва ўзлаштирган билимларини ўзлари томонидан баҳолашга қодир, зарур қарорлар қабул қилувчи, мустақил ва эркин фикрлайдиган шахс­лар сифатида камол топади.
Илғор тажрибалардан бири Эвристик ўқитиш бўлиб у мактабгача таълим тизими учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Бунда тарбиячи болалар билан ҳамкорликда ҳал этилиши зарур бўлган масалани аниқлаб олади. Болалар эса мустақил равишда таклиф этилган масалани тадқиқ этиш жараёнида зарурий билимларни ўзлаштириб оладилар ва унинг ечими бўйича бошқа вазиятлар билан таққослайди. Ўрнатилган масалани ечиш давомида болаларнинг билиш қобилияти ривожланиб, изланувчанлик ва мустақил билим олишга бўлган кўникмаси ривожланади. Бунда болалар тарбиячи фаолиятининг тузилмаси бўйича ҳаракатларни амалга оширадилар. Тузилма ўқув муаммосини таклиф этиш, болаларнинг билиш фаолиятини ривожлантириш, болаларнинг ечим усулларига эътиборини қаратиш бўлади. Бола фаолиятининг тузилмаси эса ўқув муаммолари моҳиятини англаб олиш, машғулот муаммосини тушуниб етиш ва ечиш усулларини топиш, тадқиқий масалаларни ечиш усулларини ўзлаштиришдир.
Эвристик ўқитиш усули тарбиячилардан ижодий хусусият касб этувчи юқори даражадаги билиш фаолиятини ташкил эта олиш кўникма ва малакаларига эга бўлишни тақозо этади. Бунинг натижасида болалар мустақил равишда янги билимларни ўзлаштира оладилар. Улар одатда болаларнинг ўзлаштириш даражаларини ҳисобга олган ҳолда маълум ҳолатларда қўлланилади. Мактабгача таълим тизимида бола шахсига йўналтирилган ижтимоий ҳаракат амалга оширилаётган мавжуд шароитда ушбу йўналишдаги машғулотларни тайёрлаш ўзига хос долзарб аҳамиятга эга бўлади.

Саидахон Рахмонова,
6-мактабгача таълим
ташкилоти раҳбари

Улашинг: