Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Аччиқ сабоқ (қатра)

Сўнгги кунларда Хайри холанинг кўнгли безов­та. Набирали бўлади! Қизиқ наҳотки янги меҳмоннинг ташрифи қувонч ўрнига уни ташвишга солса. Хайри хола хаёлида ўзини ўзи қайта-қайта койир, ўзини қўярга жой топаолмасди. Бир йил олдин қизи Зарифани қўшни туманга орзу хаваслар билан узатди. Расм-русумларга биноан унаштирилди. Куёв томон тўй кунини тезлаштирди, ўн кун ичида тўй ҳам бўлиб ўтди.
Янги хонадоннинг ўз урф-одати, ўзига хос жиҳатлари бор. Зарифа харчанд уринмасин унинг юриш-туриши, тутуми қайнонасига ёқмас, ундан айб қидирар, унинг ҳар бир камчиликларини ўғлига айтарди. Шу зайлда келин-куёвнинг ўртасига совуқчилик тушди. Куёв уйдаги жанжаллардан кўнг­ли совиб, уйга кеч келадиган, баъзан келмайдиган одат чиқарди. Ҳа, деганда қайнонасининг қонуний никоҳинг йўқ, ҳайдасам кетаверасан, деган иддаолари Зарифага оғир ботарди. У тез-тез касал бўлиб, кундан кунга сўлиб бораверди.
Касал келин қайнонага ёқмай уни ҳайдаб юборди. Зарифа ўз уйига келди, уч ой бўлди ҳамки қуда томондан дарак бўлмади. Шундай кунларнинг бирида Зарифанинг ҳомиладорлиги аён бўлди. Бу қувончли хабарни етказиш учун қудаларникига келганда, ҳовлида ёшгина бир аёлни юрганини, куёв эса ишлагани кетганлиги аён бўлди. Хайри холанинг устидан муздек сув қуйилгандек бўлди. Дардини кимга айтсин? Тўғрида, ўзига тўқ хонадон, берсам шундай жойга бераманда, деб сўраб суриштирмасдан, қизини ФҲДЁ идораси қайдисиз, никоҳсиз бериб юборди. Туғилажак боланинг айби нима? Нега у отасиз яшашга маҳкум? Хайри хола шундай ўй хаёллар билан уйига келиб қолганини билмай қолди. У ҳаётнинг аччиқ сабоқлари гирдобида қолганди…

Ёрқиной КОМИЛОВА,
туман ФҲДЁ бўлими мудираси

Улашинг: