Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Текиннинг тикани тешиб чиқди

Валижон кейинги пайт­ларда босар-тусарини билмай қолди. У ҳақда эса маҳалла турли гап-сўзлар қимирлаб қолди: «Эмишки Валининг танишлари кўп экан. Кимни қаерга деса ишга жойлаб қўйиш қўлидан келар экан. Фақат… ҳалигисидан бўлса, бўлиб ҳамки кўкидан бўлса иши тезроқ юришиб кетаркан».

Бу гаплар албатта унинг қулоғига етиб борган. Бўлмаса кўкрак кериб, бўйнини узун чўзиб юришлари ўзгариб қолмасди. Шунинг учун навбатдаги режани тузишга ҳаракат қила бошлади. Иши ўнгидан келиб, иш тополмай юрган Сардорбек уни излаб келиб қолди. Анчадан буён иш тополмай қийналиб юрганини, имкони бўлса ёрдам беришини сўради.
-Майли, Сиздан ёрдамимни аямайман-у…-чайналди Валижон.-Шу озгинагина харажати борда.
Аммо озгина харажат-800 доллар «кўки»дан берса иши юришиб кетишини эшитган Сардорбек ўйланиб қолди. Соғлиқни сақлаш бошқармасига ҳайдовчиликка ишга жойлашса, кетказган пулини топаоладими? Йўқ, бундай ғаламисларнинг адабини бериш керак. У Валижонга сўраган пулини олиб келиб беришни ваъда қилди-да, ИЖҚК департаментига ҳолат юзасидан ариза ёзди.
Шу йилнинг февраль ойида ҳайдовчилик вазифасига автокорхона мансабдор шахс­лари орқали ишга киритиб қўйиш эвазига 800 АҚШ долларини Валижон Сардорбекдан автомобиль қатнов йўли бўйида олган вақтда ашёвий далил билан департаментнинг вилоят бошқармаси ва туманимиз бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан департамент туман бўлими томонидан Валижон А.га нисбатан Ўзбекистон Респуб­ликаси ЖКнинг тегиш­ли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳужжатлар туман прокуратурасига юборилди.
Ҳа, санамай саккиз деб бўлмайди. Қонун ҳаммага, у ким бўлишидан қатъий назар баробар. Валижон албатта қилган қилмиши учун тегишли жазони олди.Бу унга келгуси ҳаёти учун ибрат бўлади.

М. ХИДИРОВ,
ИЖҚК Департаменти туман бўлими бошлиғи,
адлия маслаҳатчиси

Улашинг: