Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ҲАМКАСБИМИЗ 70 ЁШДА

Бундан роса 70 йил муқаддам туманимизнинг энг чекка қишлоқларидан бири бўлган Янгиқишлоқда Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси Исоқжон ота хонадонида чақалоқнинг йиғиси эшитилиб, ота-онасининг шодлик­ларини бир жаҳон қилди. Мурғак гўдагини кўзларига тўтиё қилган ота-она унга бизга ҳам, қариндош-уруғларга ҳам, маҳалла-кўйга ҳам ҳамиша йўлдош бўлсин дея яхши ниятлар билан Йўлдошмирза деб исм қўйдилар. Бу исм шуниси билан ҳосиятли бўлдики Йўлдош­мирза туғилганидан тортиб шу кунгача юртига, халқига йўлдош, доим жамият ташвишига шерик, ўзгаларнинг муаммоларини ҳал қилишдан чарчамайдиган, ҳақ йўлдан тоймайдиган ажойиб журналист.

Туғилганида барча қишлоқ болалари каби маҳалласининг кенг ва чанг кўчаларида тенг­дошлари билан ўйнади. Улар қатори мактабнинг биринчи синфига борди. Ўқитувчилари ундаги билимга чанқоқлик ва ўзгача салоҳиятни сезишиб, «Бу боладан етук инсон чиқади» дер эдилар. Йиллар ўтиб мактабни аъло баҳоларга тугаллади. Тенгдошлари каби ҳарбий хизматга бориб келди. Ҳарбий ҳизматни ўтаётганда ҳам, Тошкентда, Андижонда заводларда ишлаб юрганида ҳам матбуотдан бир лаҳза бўлсада узилмади. Атрофида рўй бераётган янгиликлар, иш тажрибаларини қоғозга тушириш унинг доимо фикри ёдида бўларди.
Барибир бўлмади, журналистикага бўлган ҳавас, орзу-­умид уни тахририят сари етаклади. Устоз Муҳаммаджон Ўралов ташкил этган ишчи-қиш­лоқ мухбирлари мактабида журалистиканинг дастлабки сирларини қунт билан ўргана бошлади. Ундаги ҳаракат, билимга бўлган ташналик беиз қолмади. Йўлдошмирзадаги қатъиятни сезаолган Муҳаммаджон ака уни тахририятга ишга олди. Газетачиликдаги энг масъулиятли ва энг залворли вазифа –бу мусаҳҳиҳлик. Шу имтиҳондан ўта олган кишигина ҳақиқий журналист бўлиб етишади, чунки бу ишда ҳар бир бўлимнинг материали билан чуқур танишади, ҳар бир сатр унинг қўлидан ўтади ва шу ерда тобланиб, пишиб етилади, — дер эди устоз М. Ўралов. – Ўйлайманки Йўлдошмирза бу довонни забт эта олади.
Ҳа, йиллар ўтди. Йўлдошмирза бу довонни муваффақиятли забт этди. Олти йил давомида бу қозонда шундай қайнадики, уни қайси бўлимга қўйсалар бемалол ишни уддалаб кетарди. Қишлоқ хўжалиги бўлимида, маданият ва турмуш бўлимида, хат ва оммавий ишлар бўлимида қалам тебратаркан ёзганлари самимий ва ҳақиқат эди. Унинг ёзганларида ҳато учрамас, мақолалари ўқимишли ва таҳлилийлиги билан ажралиб турарди. Бу орада Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини ҳам тамомлаб олди.
Истиқлол йиллари давомида Йўлдошмирза фермерликка қўл урди. Янгиликка интилиш, уни тез тарғиб қилиш ва кишиларни янгиликка ундаш уни элимизга янада яқинроқ таништирди. Фермерлар уюшмасига раҳбарлик қилган чоғларида бу ҳаракатни янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. Илғорларнинг тажрибалари кенг ёйилди. Далаларда ҳосилдорликнинг ортишида унинг ҳиссаси беқиёс бўлди.
Республика миқёсидаги «Савдогар» газетасида қалам тебратганида Йўлдошмирзанинг таланти янада кўпроқ намоён бўла бошлади. Тўғри сўзнинг ҳаммага ҳам ёқавермаслиги шу газетада ишлаётганида билинди. Турли тўсиқлар, таъқиблар пайдо бўлди. Лекин бари ортда қолди. Ҳақиқат эгилди-ю, синмади, ўз ўрнида қарор топди. «Журналист суриштируви» рукни остидаги мақолалари кўплаб адолатсизликларнинг олдини олди, ҳуқуқи паймол бўлаётган одамларнинг дардларига дармон бўлди.
Йўлдошмирзанинг барча меҳнатлари ўз вақтида тақдирланиб келинган. Матбуотдаги чиқишлари билан у «Олтин қалам» соҳибига айланди. Бу унинг кучига куч қўшди, ёзган мақолаларига янада маъно қўшилди, ишончи мустаҳкамланди.
Йўлдошмирза нафақат иқтидорли журналист балки намунали оила бошлиғи ҳамдир. Турмуш ўртоғи Атикахон билан икки ўғил ва бир қизни эл хизматида бўладиган инсонлар қилиб тарбияладилар. Бугунги кунда ўнлаб невара ва чевараларнинг боболари ва бувилари.
Биз 70 ёшни қаршилаётган ажойиб журналист, «Олтин қалам» соҳиби Йўлдошмирза Исоқжоновни табаррук ёши билан қутлар эканмиз, узоқ умр, бахт-саодат, фарзандлар ва неваралар орзу ҳавасини кўриш­ликни, қалами янада ўткир бўлишлигини тилаб қоламиз.

70 ёшингиз муборак бўлсин!

«Пахтакор»чилар.

Улашинг: