Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Отахоннинг изтироблари

Бир куни нима бўлдию, ўнг қўлим беҳосдан шикастланиб, шифохонага боришимга тўғри келди. Шифокор қўлимни обдон кўздан кечиргач, аввал рентген қилдиришимни маслаҳат берди. Шундан сўнг кўнглимда бир ҳижиллик пайдо бўлди-да, иккинчи қаватдан пастга туша бошладим. Кўнглимдаги ҳижиллик етмаганидай рентген хонасида одамларнинг кўплигидан ғала-ғовур тинмасди.

Кимдир навбати келганлигини айтса, кимдир унинг гали келмаганини тушунтирарди. Хуллас ҳамма ҳам пайт пойлаб тезроқ ишини битказиш мақсадида эди. Бир пайт ичкаридан ёши олтмишдан ўтган, оппоқ сочларини чиройли қилиб турмаклаб олган оқ халатдаги бир рус аёли чиқиб келди. Ҳудди унинг ичкаридан чиқишини орзиқиб кутишаётгандай барча унга талпиниб, арзларини баён эта бошладилар. Улар ичида ўриндиққа маҳкам ўтириб олган, ҳатто туришга ҳам мажоли йўқдай, кўринишидан ёши саксондан ошган қария навбат талашиб қўлидаги қандайдир гувоҳномани унга кўрсатарди. Вера опа (уни шундай чақиришарди) ҳеч кимга қулоқ тутмагандай навбат кутиб турганлар ичидан иккитасини ичкарига олиб кириб кетди. Бу ҳолат беш, олти маротаба давом этди. Унинг бу қилиқлари навбат кутиб турганлар ичида норизочилик туғдирар, ҳудди унинг ҳатти-ҳаракатларидан қандайдир таниш-билишлик яққол сезилиб турарди. Ниҳоят отахон билан сўнгги мижоз сифатида ичкарига “таклиф” этилдик. Хонага киришимиз билан Вера опа рентген текшируви учун ўн минг сўмдан тайёрлаб туришимизни айтди. Унинг бу сўзидан мен ва отахон ҳам ҳайрон бўлдик. Шундан сўнг отахон Вера опага қараб: — Қизим,бу ер хусусий эмас давлатимизнинг бепул даволанадиган шифохонаси бўлса-ю, нега пул сўрайсан?-деди ҳайрон бўлиб.
— Сиз индамай бераверинг, ҳамма бераяпти. Биз ўзимиз учун олаётганимиз йўқ , рентген ўтказиш учун керакли нарсаларни сотиб оламиз,-дея жавоб берди.
— Нега энди, давлатимиз ҳамма нарсани бисёр қилиб берса, сен яна нимани сотиб оласан? – фиғони чиқди отахоннинг. – Э, қанақа одамсиз ўзи, тўлаб қўйинг, дегандан кейин тўлаб қўйинг вассалом –дея жеркиб берди Вера опа отахонни. Устига-устак рентгенчи йигит ҳам ташқарига чиқиб кетганича дараги йўқ. Отахон билан иккимиз хонада ёлғиз қолдик. Бирдан отахон ўзига-ўзи: -Бу хотиннинг айтганини қилиб пулни тўласам, қандай қилиб уйга етиб оламан, — дея ўйланиб қолди. Мен ҳам отахоннинг кўнглини олмоқчи бўлиб: -Қўяверинг ота, пул топилади, соғлигингизни ўйланг, — дедим. Отанинг ҳам юзига илиқлик югургандай бироз тин олди. Сўнгра тўсатдан: — Ўғлим ўзингиз қаерликсиз? -дея сўраб қолди. Қариянинг сўзларига ҳайрон бўлиб ўзимни яшаш манзилимни айтдим. Орада анча сукут пайдо бўлди. «Рентгенчи йигит қаёққа кетди экан» дея ўйланиб қолдим. Шундай ўй билан атрофни кузатар эканман бирдан кўзим яна отахонга тушиб қолди. Негадир қариянинг кўзлари намланган, нималарнидир ўйлаб безовта бўларди. Мен сўз очмасдан туриб отахон мендан қишлоғимдаги бир неча инсонларнинг исмини айтиб уларни таниш-танимаслигимни сўраб қолди. Мен ҳам отахонга уларни танишлигимни, казо-казо бойлардан эканлигини айтиб бердим. Сўзларимни эшитган отахоннинг чеҳраси очилиб фахр билан : — Ҳа, улар менинг ота уруғларим, жиянларим бўлади, — деганча деразадан ташқарига боқди. Мен ҳам отахонга ҳавас билан боқиб сўрадим: — Фарзандлар ҳам анча бўлса керак. Менинг саволимни кутмаган шекилли, қария бироз ўйланганча, ҳудди жавоб беришга қийлангандай: -Ҳа, ҳа фарзандлар бор…., олтита –дея сўзи оғзида қолди. Отанинг бу ҳолатидан ҳайрон бўлдим.
— Ўғлингиз ҳам кўчада анча кутиб қоладиган бўлдида – дедим унга қараб.
Отахон ҳам саволимга жавоб бермади. Бироз вақт ўтиб орамиздаги суҳбатга якун ясагандай хонага рентгенчи йигит кириб келди-да, биздан «Шошилинч иш чиқиб қолиб сизларни анча кутириб қўйдим» дея узр сўради.
Тезда отахонни рентген текширувидан ўтказиб комьпютер хонасига кириб кетди. Отахон ечган уст-бошини кийиб улгурмасданоқ, йигит рентген хулосаси қайд этилган қоғозни кўтариб чиқди.
– Отахон кўкрак қафасингизда муаммолар йўқ, текширув қоғозини қаерга олиб борасиз, — дея сўраб қолди. Қария жавоб беришга ўйланиб қолди. Бу саволга отахоннинг ички ҳиссиётлари худди жавоб беришга негадир йўл қўймаётгандай қийланар эди. Мен бу ҳолатни сезиб тургандай отага боқардим. Йигит эса ҳудди қариянинг қулоғи оғир бўлса керак, деган фикрда яна саволини қайтарди. Ниҳоят отахон мен ва йигитга қараб: -Ўғилларим мана 82 ёшга кирибманки соғлигим жойида. Ушбу қоғозни фарзандларим “Меҳрибонлик уйи”га кўрсатишар экан, – деганича бошини қуйи эгиб қолди. Рентгенчи йигит: — Нима?… дея тўхталиб қолди. Ушбу ҳолатга тушиб қолган отанинг аҳволига қараб иккимиз ҳам ҳангу-манг бўлиб қолдик. Наҳотки отанинг сўзлари рост бўлса. Ҳозиргина менга ўша бой-бадавлат инсонлар менинг ота қавмим, жиянларим, уларни ёшлигидан кўтариб катта қилганман, деб фахрланиб турган отахоннинг сўзлари шу бўлса. Наҳотки ҳозиргина олти нафар фарзандларим бор, уларнинг учтаси ўғил, деган отанинг аҳволи шу даражага етган бўлса. Отахонга фарзандлари ҳақида савол берганимда негадир безовта бўлиб, қалби изтироблар алангасида ёнаетганлигининг сабаби ҳам шу эмасмикан?! Ушбу саволларга жавоб излаб ичим оғриди, виждоним қийналди, отанинг изтироблари менга ҳам ўтганди. Ана шундай инсофни унутган, меҳрдан мосуво фарзандларга Яратгандан инсоф тиладим.

Маҳмуджон Рустамов

Улашинг: