Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ТИЛ ЎРГАНИШ УЧУН ИМКОН БОР

ТИЛ ЎРГАНИШ УЧУН ИМКОН БОР

дейди 2-умумтаълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси Дилнозахон Эргашева.

Дилнозахон Андижон Давлат чет тиллар институти чет тиллар факультети инглиз тили бўлимини муваффақиятли тамомлаб, ўқитувчилик фаолиятини тумандаги 5-умумтаълим мактабида бошлаган. У айни дамда 2-умумтаълим мактабининг I тоифали ўқитувчиси. Суҳбат давомида у ҳозирда чет тилларини ўқитишга берилаётган эътибор ҳақида гапириб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.

– Хорижий тилларни ўрганиш бўйича алоҳида қарор қабул қилинди. Қарорнинг янги талабларига тайёрмисиз?

– 2012 йил 10 декабрда инглиз тили дарслари 1-синфдан бошлаб ўргатилиши ҳақидаги қарор қабул қилинганди. Ўшанда жуда хурсанд бўлганмиз. Ўша пайтдаги 1-синфлар ҳозир 8-синф бўлди. Демак, яна 3 йилда натижа аниқ бўлади, ютуқлар ва камчиликлар аниқланади. Бир фикр бор, масалан ўқувчилар 1-синфда ўқишни, яъни алифбони ўрганади. Инглиз тили эса оғзаки ва ўйинлар орқали ўргатилади. 2-синфда эса рус тили ва инглиз тили ўқитила бошлайди, ўқувчи бироз қийналади. Бизнинг мактабда ўзбек тилида ҳам таълим берилади ва бу синфларда ўзбек, рус ва инглиз тили ўтилади. Бола учун босимни тасаввур қилаяпсизми? Айнан мана шу жиҳатларни ўйлаб кўриш керак. Масалан, ёзма иш ёзганда лотин ва кирилл ҳарфлар аралашади.

Янги қарор яхши натижа беради деган умиддаман. Олимлар ва устозларимиз бу ҳақда ўйлаётгандир. Мактабда инглиз тили фанига эътибор жуда яхши ва ўқувчиларнинг қизиқишлари ҳам жуда шунга яраша. Ноутбук, проектор ва магнитолалар, дидактик материаллар мавжуд. Бошқа фанларда бу воситалар йўқ деса ҳам бўлади. Шахсан мен янги қарор талабларига тайёрман. Лекин ўз тилингни билмай туриб, бошқа тилни ўрганиш анча қийин бўлади, деб ўйлайман.

Янги қарорлар биздан осмонда лочиндек тез учадиган, ерда гепарддек тез югурадиган ва сувда балиқдек тез ва эркин сузадиган бўлишимизни талаб этмоқда. Биз хорижий фан ўқитувчилари ана шунга тайёр бўлишимиз даркор.

 Мен Республика бўйича аттестациядан 49 фоиз ўқитувчи ўта олмаганини билиб жуда афсусландим. Аттестацияда қатнашган ўқитувчиларнинг кўпчилиги тест C1 даражада эканини айтди. Биз ҳали C1 даражага билимимиз етадими, шуни аниқлашимиз керак.

–Янги қарорнинг афзал жиҳатлари нимада деб ўйлайсиз?

– Ҳар бир чет тили ўқитувчиси ўз фанини яхши билиши шарт. Writing – ёзув, reading – ўқиш бу муаммо эмас. Лекин listening – тинглаб тушуниш ва speaking – гапиришда муаммо етарлича бор. Шунинг учун бизга, native speaker’лар (инглиззабонлар) керак. Четдан волонтёр ўқитувчилар келса, кўнгилдаги иш бўларди. Бир туманга 2-3 нафар кўнгилли инглиз тили ўқитувчилари кифоя қилади. Ўқувчилар ва ўқитувчилар ҳақиқий инглиззабонлар билан доимий равишда мулоқотда бўлиб турса, бу самара беради. Чунки тил билишга умуман уқуви йўқ одам ҳам хорижга бориб мажбур ўрганиб олади-ку.

Халқаро сертификат олган ўқувчилар 3 йилда 10 баробар ошган (700 дан 7 000 га). Ўзбекистонда 10 000 дан ортиқ мактаб бор. Ҳар йили битта мактабдан бир ўқувчи халқаро сертификат олса, бир йилда 10 000 нафар бўлади. Сертификат 2 йил амал қилади, менимча. Жияним ҳам яқинда IELTS олди, эшитиб хурсанд бўлдим. Мактабимизда ҳам IELTS олган 3–4 нафар собиқ ўқувчи бор. Аммо бу жуда ҳам кам деб ўйлайман.

Республика бўйлаб аттестациядан 49 фоиз ўқитувчи ўта олмагани жуда яхши сабоқ бўлди. Демак биз ўз устимизда мунтазам ишлашни, билимимизни янада ошириб боришни эплайолмаяпмиз. Кучли билимли, малакали устозлар тажрибаси зарурлигини ана шу ҳолат яққол кўрсатиб қўйди. Янги талаблар ичидан менга энг ёққани аввал тил билиш шунчаки хоҳиш эканлиги айтилган бўлса, энди қатъий эҳтиёжлиги билдирилмоқда. Хусусан, ишга кириш, ўқишни битиришда тил билиш муҳим талаб сифатида қўйилаётгани айни муддао бўлди.

– Маошингиз қанча, у етарлими ва сир бўлмаса репетиторликнинг даромадингиздаги ҳиссаси қанақа?

– Маошим ёмон эмас. Репититорликка келсак, уқуви, билими, тажрибаси бор одам бу иш билан шуғулланса нимаси ёмон. Ҳам ўзига фойда. Мажбур билимларини такрорлдайди, тингловчига янги бирор нарсани ўргатиш учун изланади, китоб ўқийди, интернетни кузатиб ўзига ёққан нарсани олади ва ўқувчи билимини бойитади. Янги нарсаларни ўрганаётган тингловчида ўрганаётган тилига нисбатан қизиқиш кучли уйғонади. Чунки у янгиликка, янги сўзларни ўрганишга ўч бўлади. Қарабсизки бола ҳам, ота-она ҳам ҳурсанд. Фарзанди кўча чангитганидан кўра бўш вақтида тил ўргангани борса афзаллигини тушуниб етади. Репетиторга борга тингловчиларнинг аксарияти IELTSдан 5,5 дан то 8 баллгача олишиб, имтиёзгша эга бўлмоқдалар. Ҳаттоки айримлари ишли ҳам бўлмоқдалар. Демак репетиторликка  ҳалақит бермаслик лозим. .

–Қишлоқ шароитидаги болаларнинг тилга қизиқишига қандай баҳо берасиз?

– Қабул қилинаётган қарорларнинг асл моҳияти ҳам шунда. Қишлоқ шароитида ҳам тил ўрганишга қизиқишни орттириш. Шундай бўлиши керакки. Хорижий тилни ўрганишга барча бола қизиқсин. Бунинг учун эса малакали кадрлар, ўз ишининг усталари керак бўлади. Менимча ҳозир бизда кадрлар муаммоси бор. Вақти келиб, бир эмас икки ва ҳаттоки учта тилни билишга қизиқиш бўлади. Лекин унутмаслик керакки, аввало ўқувчининг ўзида қизиқиш кучли бўлиши даркор. Бу эса ўқитувчининг билим даражасига боғлиқ. Кузатишларимдан шуни сезмоқдаманки, 5-7-синфгача ўқувчиларда қизиқиш кучли. Лекин юқори синфларда эса аълочи ўқувчилар сони борган сари камайиб кетяпти. Бунга кўпроқ ота-оналарнинг салгина бепарволиги, болаларнинг қўл телефонига ёпишиб олганлари сабаб бўляпти. Бунигнг ўрнига ўқувчи 3 мингта инглизча сўз билса, тилни тушуна бошлайди. Агар 7-8 мингта сўз билса, бемалол инглиз тилида гаплаша олади.

Лекин яна бир нарса ҳам борки, болаларимиз инглиз тилини яхши билгани билан, бошқа фанлардан ортда қолишмоқда. Бу олий ўқув юртларига тест топширишда ўз сўзини айтиб қўймоқда. Фикримча чет тиллари билан биргаликда бошқа фанларни ҳам ўзлаштиришларига эътибор қаратиш лозим.

Бир синфда 30 нафар ўқувчи бўлса уларнинг 10-11 нафарида юқори иқтидор, ўзлаштириш сезилади.Улар билимга чанқоқ. 9-«А», «Б» синфларда 55–60 нафар ўқувчи бўлса, иккала синфда нари борса 10 нафар ўқувчи билим олишга чанқоқ, аълочи. Албатта улар танлаган академик лицейларига ўқиш учун кетади. Қолган ўқувчилар билан ишлаб уларни олий ўқув юртига киришларига ҳаракат қиламиз. Бу замон талаби, акс ҳолда мактабимиз қизил ҳудуддаги мактаблар сирасига киритилади. Саралаш ва рақобат муҳитини яратишнинг вақти келди, деб ўйлайман. Дейлик «А» элита синф. Унда фақат аълочилар, юқори балл олувчилар ўқийдилар. Қолган синфлардаги ўқувчилар бу синфга ўтишлари учун тест топширишлари шарт. Тестдан аълога ўтишса элита синфда, ўтолмасалар яна ўз синфида ўқишлари мумкин. Элита синфда ўтказилган тест натижаларига кўра бу синфдаги ўқувчилар ҳам бошқа синфга ўтиб қолиши мумкин. Ўйлайманки бу ўқувчини мунтазам ўқишга, ортда қолмасликка, фақат олдинга интилишга чорлайди. Шу билан бирга, элита синф ўқитувчилари ҳам танланади. Бу усул 3 йилдаёқ ўз самарасини беради. Бундай тажрибадан чўчимаслик ,таниш-билишликка йўл қўймаслик шарт. Иқтидори, билими юқорими, марҳамат элита синфда ўқисин. Қўлидан келмадими, қуйи синфда ўқишни давом эттиради. Элита синф ўқитувчиларининг ҳам билим бериш сифатига қараб баҳо берилади. Бу репетиторга қатнашдан кўра яхшироқ усул бўлса керак. Чунки элита синфда барча фанлардан аълога ўзлаштириш керак бўлади. Демак ўқувчи яхши ўқишга, ўзлаштиришга, тил ўрганишга имкон бўлади.

Суҳбатдош О. ИСЛОМОВА.

Улашинг: