Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Меҳри дарё эди

Мамадали Суяров Тўрткўл қишлоғининг Ботиробод маҳалласида оддий қамбағал оилада туғилди. Қишлоқ мактабида ўқиб юриб табелчи ёрдамчиси ва табелчи бўлиб ишлади, керак бўлса сувчилик қилди. Иккинчи жаҳон уруши бошланган йили ариза бериб урушнинг оғир синовларини бошидан кечирди. Россиянинг бир неча шаҳарларини, Австриянинг пойтахти Вена шаҳрини душманлардан озод қилишда мардлик ва жасорат кўрсатиб бир неча орден ва медаллар билан тақдирланди. Жангларнинг бирида оғир яраланиб қишлоғига қайтиб келди.

Шундан сўнг Андижон шаҳридаги бухгалтерия мактабини битириб собиқ Коммуна колхозида ҳисобчи, бош ҳисобчи, 1955-1960 йилларда эса машҳур пахтакор, Меҳнат Қаҳрамони Шермат Юсуповнинг ўринбосари бўлиб фаолият олиб борди. 1960 йилдан 1978 йилгача эса “Шарқ юлдузи” колхозига раислик қилди. У раислик даврида колхоз моддий техника базаси ривожланди, колхозчилар турмуш тарзи яхшиланди. Болалар боғчалари ташкил топди, қиш­лоқда шифохона очилди.
Тўрткўлдан чиққан кўпгина ишбилармон, тажрибали кадрлар Мамадали акани ўзларининг устози деб биладилар. Холжўра ака Ғозиев, Давронбек Мирзаев, Рўзимамат Сулаймонов, Набижон Қирғизов тумандаги турли колхозларда раислик қилдилар. 1965 йилда республика раҳбарияти топшириғи билан профессор Юсуфбек Отабеков Андижонга юборилади. Шаҳарда кўптармоқли клиника қурилиши бошланган даврларда Юсуфбек Отабеков колхозга келиб клиника қурилиши ва ободончилигига ёрдам қилишни сўраган ва Мамадали ака қурилиш ва ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишларида ва уларни амалга оширишда техника воситаларидан катта кўмак берган. Мамадали ака маданиятли, маънавиятли бўлиб қишлоқдаги кўп­лаб ёшларни билим олиш, институтларга бориб ўқишга даъват этарди. Тарих фанлари доктори, профессор, давлат мукофоти совриндори Боқижон Матбобоев, таниқли журналист Одилжон Шодмоналиевларга доимо ёрдамини аямаган Мамадали ака улар билан фахрланиб юрарди. У жонкуярлиги, ғайратлилиги, ширинзабонлиги, кичик кўнгиллиги, каттаю кичикни сизлаб гапириши билан ҳамқишлоқлари ичидагина эмас, бошқа жойларда ҳам обрў-эътибор қозонганди. Шифохона раҳбарларига оддий колхозчи, сувчи, тракторчиларини даволатишларини сўраб икки энлик хат ёзиб берса бўлди эди. Ҳатто Кисловодск санаторийларида раиснинг хати билан оддий одамларнинг даволаниб келганлиги ҳақида ҳозиргача эслаб юрилади.
1978 йил қиш фасли эди. Яккатут, Ботиробод, Тўрткўлда ёлғиз яшовчи одамларга қопларда ун, ёғ, озиқ-овқат маҳсулотларини ўзи бош бўлиб тарқатиб юрганига гувоҳ бўлганмиз.
1980 йилда Пойтуғ шаҳридаги китоб дўконига кирсак Мамадали ака дўсти, таниқли ёзувчи Саид Аҳмад билан китоб танлаётган эди. Шу куни дўконга Саид Аҳмад сайланма асарининг биринчи томи келган экан. Мамадали ака китоблардан бирини олиб, Саид Аҳмадга ручка ила тутди. У ғоят ҳафсала билан бизга дастхати туширилган китобни совға қилди.
—Мамадали акангиз раислигидан “ҳайдалиб” туман маиший хизмат идорасига раҳбар бўлибди. Уни идорада тинч ўтиради, дейсизми. Урганжи даласидан топдим,—деди Саид Аҳмад. –ўттизта аёл билан пахтакорларга ёрдам бераётган экан. Шу денг далани “атир ҳиди” босиб кетибди. Нима денг, илғорларни мукофотлашга “Француз” духисидан совға қилибди. Бу бобо деҳқонни даладан зўрға “суғуриб” олиб келдим…
Кўп ўтмай республика отахон газетаси “Совет Ўзбекис­тонида Саид Аҳмаднинг Мамадали ака ҳақидаги “Бобо-деҳқон” сарлавҳали очерки босилди. Ёзувчининг турмуш ўртоғи Саида Зуннунова Тўрткўл қишлоғидаги мактабда фаолиятини бошлаганди. Шунинг учун бу табаррук инсонлар қишлоқдан қадам узишмас, Мамадали ака билан қадрдон эдилар.
Кечқурун Мамадали ака Саид Аҳмадга эргашиб Куйганёрдаги ёзувчи уйига боради. Саида опа ош дамлаб қўйган экан. Дастурхон атрофида Урганжининг раиси Даврон Мирзаев ҳам ўтирарди. Бу ерда қаҳқаҳа, ҳазил-ҳузул гаплар айланди, ошгача Даврон ака хўжалик боғидан тердириб келган мевалардан бир-иккитадан тановул қилишди. Ҳазилга Мамадали ака ҳам аралашди.
Саид Аҳмад томинг балад,
Томингдан доминг балад,
Бизларни меҳмон қилган,
Саид акага минг раҳмат.
—Саидахон ош қилиб бермаса, бу оғайнимиз “бурунбой” жуда хасис, нон чой билан қутулиб кетарди,—деди Мамадали ака.
Ҳамма қаҳқаҳлашиб Саид Аҳмад бурнига қарашди. Ёзувчи ҳам ҳазилга ҳазил билан жавоб берди.
Ош ейман деб ўйлама,
Бизни уйга бўйлама,
Ҳалол пулларга олдим.
Ҳасад билан сўйлама…
Мамадали ака Саид Аҳмад, Ҳамид Ғулом каби улуғ ёзувчи шоирлар, Фаттоҳхон Мамадалиевдек ҳофизлар билан дўст қадрдон эди. Оддий одамларни ҳам улуғлаб, ўзидан тўрига ўтказарди. Ҳамма уни қалби қуёш, меҳри дарёлигига тан берарди.
Мамадали ака раислигининг сўнгги даврида Тўрткўл марказида уруш қурбонларига хотира хиёбони барпо этди. Мактаблар, масжид, фабрика қурилишига бош-қош бўлди.
—Отам умрининг чироғи ўчмайди,—деди ўғли Аҳмадали. –Унинг яхши ишларини биз ўғил, набиралари давом эттирамиз.
Жаҳонда қололмас мангу киши,
Қолар, яхши ному иши.

Ҳа, шайх Саъдий айтганларидек Мамадали ака Суяров ўз ортидан ибратли ва кўп яхши ишларни қолдириб кетди.

Зокиржон ЮНУСОВ,
Йўлдош ИСОҚЖОНОВ,
фахрий журналистлар

Улашинг: