Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ер умуммиллий бойликдир, уни асраш, ундан самарали фойдаланиш барчамизнинг бурчимиздир

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июнда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида” 2018 йил 20 апрелдаги фармони ва фармон ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилиниб, мазкур акция муддати 2019 йилнинг 1 майига қадарли белгилаб қўйилди.
Мазкур акцияга асосан туманимизда жами бўлиб 2062 та холатда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ноқонуний равишда қурилган уй-жойларга нисбатан фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари эътироф этилди. Қонунчиликда уй-жойга эга бўлиш ва қурилишнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан фуқаролар томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний равишда уй-жой ва бошқа бинолар қуриб олиш ҳолатлар учрамоқда.
Бундай қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган шахс­ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддасини 2-қисмида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши, ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса, жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилган.
Шунингдек ерлардан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларни яроқсиз холатга келтирганлик учун Ўзбекис­тон Рес­публкаси МЖтКнинг 65-моддасида маъмурий жавобгарик ҳам белгиланган.
Миллий қонунчилигимизда уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига асосан Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.
Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.
Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5742-сон Фармони қабул қилинган булиб, ушбу фармоннинг 5-банди билан қишлоқ хўжалиги ерлари махсус мухофозага олиниб, ушбу ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларга (бино ва иншоотлар) қурилиши учун ажратилишига йўл қўйилмайди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори бундан мустасно деб кўрсатилган.
Ерга доир қабул қилинган Қонун ва меъёрий ҳужжатлар, тартиб-қоидаларга амал қилишимиз шарт. Хулоса қилиб айт­ганда ер умумиллий бойликдир, халқимизнинг хаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ердан оқилона фойдаланишимиз ва асрашимиз зарур.

Х. МАМАТОВ,
туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи

Улашинг: