Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси давлат ва жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясади. Ушбу муҳим дастуриламал ҳужжат юртимиз эртаси ворислари — ёшлар ҳаётида муҳим ўрин тутиши шубҳасиз. Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз тарихида илк бора парламентга тақдим этилган Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш, унда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зеро, мамлакатимизни равнақ топтиришда ёшлар муҳим куч бўлишлари, ўз ғоя ва ташаббуслари билан турли соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишлари даркор. Бу борада ёшлар учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда.
Жумладан, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Ушбу қонун билан янгича ёндашувларнинг жадаллик билан ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳам фикримизнинг ёрқин тасдиғидир. Хусусан, 2017 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўрнида бутунлай янгича мақсад ва йўналишлар олдига қўйилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Ўтган қисқа даврда бу ташкилот ўз сафига мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшишга аҳд қилган ёшларни бирлаштирди. Галдаги вазифа ёшлар ягона мақсад остида бирлашиб, амалий ҳаракатларни янада кенгайтиришдан иборат.
Андижон вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмоновнинг Избоскан тумани ҳокимлиги мажлислар залида ёшлар билан учрашувида юқоридаги сўзлар ўз исботини топгандай бўлди. 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган туман ёшлари учрашув давомида ўзларини қизиқтирган масалалар, муаммолар билан вилояти ҳокимига мурожаат қилдилар. Креит, тадбиркорлик, инновация, эртанги кун ҳақидаги фикрлар мужассам бўлган учрашувдаги қатор муаммолар ўз ечимини топди. Қатор ёшлар иш ўринларига эга бўлган бўлсалар бошловчи тадбиркорлар кредит олиш имконини қўлга киритдилар. Вилоят ҳокими ҳар бир сўзида ҳал қилинмайдиган масаланинг ўзи бўлмаслигини, муаммоларни ҳал қилиш, юртимиз келажагини янада порлоқ, халқимизнинг тинч-тотувлигини, ҳаётимиз барқарорлигини таъминлаш учун ёшларимиз янада жипслашиши зарурлигини таъкидлади.