Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

СУҒУРТА ШАРТНОМАСИ ИЖРО ЭТИЛМОҚДА

Суғурта шартномаларида юз бериши мумкин бўлган хавф-хатарлардан суғурталаш уларни молия­вий жиҳатдан барқарор фаолият юритишнинг муҳим шартидир. Суғурта фаолияти суғурта ташкилоти ва суғурта қилдирувчи билан тузилган шартнома ҳамда қонун ва қонун ости ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Суғурта шартномаси билан боғлиқ ишлар Иқтисодий судларда шаффофлик асосида кўриб чиқилиб, қонуний ва адолатли ҳал қилув қарорлари қабул қилинмоқда ва кўрилган ишларнинг аксариятида суғурта қилдирувчининг манфаатлари қонуний ҳимоя остида бўлмоқда.
Масалан: “Темирйўл-суғурта” масъулияти чекланган жамияти иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат этиб, “GOLD SERVICE” масъулияти чекланган жамиятидан 3.348.470 сўм суғурта товон пули ундиришни сўраган.
Иш ҳужжатларини аниқланишича, суғурта қилинган учинчи шахсга тегишли ГБА СПГ LACETTI русумли автотранспорт воситаси билан “ИСУЗУ” русумли юк автомашинаси ўртасида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. Натижада ГБА СПГ LACETTI русумли автотранспорт воситасига зарар етказилган.
Маъмурий судининг қарорига асосан, ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Респуб­ликаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 133-моддаси билан айбдор деб топилган ва жабрланувчи фойдасига 7.548.470 сўм миқдорида моддий зарар ундириш кўрсатилган.
Суғурта қилдирувчи билан “Темир­йўл-суғурта” масъулияти чекланган жамиятининг Марказий фиилали ўртасида суғурта шартномаси тузилганлиги сабабли “Темирйўл-суғурта” масъулияти чекланган жамиятига ариза билан йўл транспорт ҳодисаси содир этилганлиги тўғрисида ариза билан мурожаат этган.“Темир­йўл-суғурта” масъулияти чекланган жамияти томонидан суғурта ҳодисаси юз берганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилган ва мазкур ҳолатда суғурта ҳодисаси юз берган деб топиб, банк талабномаси орқали 3.348.470 сўм суғурта қопламасини тўлаб берган. Бу билан “Темирйўл-суғурта” масъулияти чекланган жамияти суғурта шартномасининг мажбуриятлари тўлиқ бажарилган. Қолган 4.200.000 сўм миқдорида етказилган зарарни суғурта қилдирувчига “Кафолат суғурта” акцио­нерлик жамияти томонидан қопланган.
Мулкий суғурта шартномасига мувофиқ бир тараф (суғурталовчи) шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига шартномада назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда бошқа тарафга (суғурта қилдирувчига) ёки шартнома қайси шахснинг фойдасига тузилган бўлса, ўша шахсга (наф олувчига) бу ҳодиса оқибатида суғурталанган мулкка етказилган зарарни ёхуд суғурталанувчининг бошқа мулкий манфаатлари билан боғлиқ зарарни шартномада белгиланган сумма (суғурта пули) доирасида тўлаш (суғурта товон пули тўлаш) мажбуриятини олади.
Агар мулкий суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта қилдирувчи (наф олувчи)нинг суғурта натижасида қопланган зарар учун жавобгар шахсдан талаб қилиш ҳуқуқи тўланган сумма доирасида суғурта товон пулини тўлаган суғурталовчига ўтади. Бироқ шартноманинг била туриб зарар етказган шахсга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқи суғурталовчига ўтишини истисно қиладиган шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. Суғурталовчига ўтган талаб қилиш ҳуқуқи унинг томонидан суғурта қилдирувчи (наф олувчи) ва зарар учун жавобгар бўлган шахс ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қоидаларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади.
Бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (рег­ресс) ҳуқуқига эга.
Суд даъво талабидан келиб чиқиб иш ҳужжатларини ўрганиб чиққан ҳолда “GOLD SERVICE” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан “Темирйўл-суғурта” масъулияти чекланган жамияти фойдасига 3.348.470 сўм суғурта товони ундирилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, суғурта шартномалари бўйича жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёҳуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судларга қилинган мурожаатлари бўйича суд томонидан шаффофлик асосида қонуний ва адолатли кўриб чиқилиши таъминланмоқда.
Р. Асқаров,
Избоскан туманлараро иқтисодий судининг судьяси.

Улашинг: