Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Унинг китобини америкаликлар ўқишяпти

Бугун юртимиз ёшлари ҳар жабхада ўқиб, изланиб жаҳон миқёсида ўз ўринларини топиб, Ватанимиз шаънини оламга ёймоқдалар. Улардан бири ижодкор қиз Турсуной Ашуралиевадир.
У Чўнгбоғиш қишлоғининг “Обод” маҳалласида туғилган. Избоскан ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи битирувчиси.
Турсуной ёшлигидан китоб билан ошно. Мумтоз адабиётларни кўп мутолаа қилганиданми, шеър, ғазаллар ёзишга қизиқади. Вилоят ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Бобир издошлари” адабий тўгараги тингловчиси. Турли мавзуларда ёзган шеърлари кўплаб ижодий кўрик танловларнинг ғолиби бўлишига сабаб бўлди. Бу билан Турсуной шеърият мухлисларининг қалбини забт этишга улгурди. Шундан бўлса керак уни жорий йилда “Сен мени билмайсан” деб номланган шеърий тўплами чоп этилди.
Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон республикалари ижодкор ёшлари ўртасида ўтказилган “Муҳаммад Юсуф издошлари” номли танловда ғолиб чиқди. Ғолиб чиққан ижодкор ёшлар қаторида унинг “Она дуоси” номли шеърлар тўплами инглиз тилига таржима қилинди. Шундан сўнг жорий йилнинг апрел ойида Америка Қўшма Штатларининг Аризона штатида алманах тарзида чоп этилди. Хорижлик тенгдошлари, шеърият мухлислари қалбидан жой олган ушбу китоб Англияда яна 1000 нусхада нашр этилди.
Турсуной Ашуралиева ёш бўлсада унинг шеърларини мутолаа қилган ҳар бир китобхон Она Ватан, эзгулик ва кўплаб мавзуларда маънавий озуқа олиши шубҳасиз. Турсунойнинг нияти келажакда етук журналист бўлиш. У бугунги кунда Юртбошимизнинг ёшларга катта эътибор бериб, кенг имкониятлар яратилаётганини фахр билан тилга олди. Шундай экан, ушбу имкониятлардан фойдаланиб, билим олиб, Нодирабегим, Увайсий момоларининг муносиб издошлари бўлишига тилакдошмиз.

М. РУСТАМОВ

Улашинг: