Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари

Коррупция жамият тараққиётига, иқтисодий ўсишга ва фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Сўнгги йилларда мазкур соҳада қонунчилик базаси сезиларли даражада такомиллаштирилиб, янги ҳуқуқий ва институционал механизмлар жорий этилди. Қолаверса, мазкур қонунчилик ҳужжатлари судларда интерактив хизматларни жорий қилиш орқали коррупциянинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қонунчилик асослари

Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий пойдевори аввало махсус қонунлар, Президент фармонлари ва қарорлари ҳамда тегишли кодексларга киритилган ўзгартишлар билан мустаҳкамланган.

Асосий йўналишлар қуйидагилардан иборат:

коррупция тушунчасини аниқ белгилаш;

унинг олдини олиш чораларини белгилаш;

давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;

манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш;

жавобгарлик чораларини кучайтириш.

Бу ҳужжатлар орқали коррупцияга қарши курашиш фақат жазо чоралари билан эмас, балки профилактика ва тизимли ислоҳотлар асосида амалга оширилмоқда.

Институционал ислоҳотлар

Қонунчилик асосида коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли органлар ташкил этилди ва уларнинг ваколатлари аниқ белгилаб берилди.

Давлат органларида:

ички назорат тизими;

комплаенс-назорат механизмлари;

хизмат одоби қоидалари жорий этилди.

Бу чоралар давлат хизматчиларининг масъулиятини оширишга
ва коррупциявий хавфларни барвақт аниқлашга хизмат қилмоқда.

Рақамлаштириш ва шаффофлик

Сўнгги йилларда давлат бошқарувида рақамлаштириш жараёнлари жадаллаштирилди. Электрон давлат хизматлари, электрон харид тизими
ва онлайн мурожаат механизмлари жорий этилди.

Рақамли тизимлар инсон омилини камайтириш орқали коррупция эҳтимолини пасайтиришга қаратилган. Шунингдек, очиқ маълумотлар порталлари орқали давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати кучайтирилмоқда.

 Жавобгарликни кучайтириш

Қонунчиликда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган. Пора олиш, пора бериш, хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш каби ҳаракатлар учун жазо чоралари кучайтирилган.

Бу эса коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган.

Жамоатчиликнинг иштироки

Коррупцияга қарши курашишда фақат давлат органларининг саъй-ҳаракатлари етарли эмас. Фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга.

Қонунчилик жамоатчилик назорати, очиқ муҳокамалар ва мурожаат механизмларини қўллаб-қувватлайди.

Интерактив хизматларнинг аҳамияти

Интерактив хизматлар — бу фуқаролар ва ташкилотларга давлат органлари билан бевосита алоқасиз, масофадан туриб мурожаат қилиш, ҳужжат топшириш, ариза юбориш, суд қарорларини олиш ва иш ҳолатларини электрон кузатиш имконини берувчи электрон тизимлардир. Суд тизимида қуйидаги интерактив хизматлар жорий қилинган:

-Электрон шаклда даъво аризалари топшириш;

-Суд мажлислари ҳақида онлайн хабарнома олиш;

-Cуд қарорларининг электрон нусхасини олиш;

-Видеоконференцалоқа орқали суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш.

Бундай электрон тизимлар орқали суд жараёнларининг шаффофлиги таъминланади. Ҳар бир мурожаат рўйхатга олинади ва тизимда сақланади, бу  орқали иш жараёнларини аниқ кўриш имконияти мавжуд бўлади ва суд қарорларини қалбакилаштиришнинг олди олинади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлар тизимли ва босқичма-босқич равишда такомиллаштирилмоқда. Асосий эътибор профилактика, шаффофлик, рақамлаштириш ва жавобгарликни кучайтиришга қаратилган.

Коррупцияга қарши самарали курашиш фақат қонун қабул қилиш билан эмас, балки унинг амалда тўлиқ ва холис ижро этилиши билан таъминланади.

А.Шералиев,

Андижон вилоят маъмурий судининг судьяси

 

 

 

Улашинг: