Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи давомида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, янги вазифалар белгиланди. Давлатимиз раҳбари Избоскан туманига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Мажлисда вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш чора-тадбирлари белгилаб берилди. Унда туманимизда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳам кўрсатиб ўтилган.
Жумладан, Пойтуғ шаҳри Нақшбанд кўчасидан «Наманган-Уйчи-Эски Ҳаққулобод-Андижон» 43116 автомобиль йўлининг 77-километрига туташувчи узунлиги 2,2 километр бўлган янги йўл қуриш масаласини ўрганиб чиқиб, зарур ҳолда 2020 йилги Инвестиция дастурига киритиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш масаласи ҳам бор. Мазкур масала бўйича туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Илҳомжон Солиевга мурожаат қилдик.
-Пойтуғ шаҳрининг «Иттифоқ» маҳалласи орқали ўтадиган бу йўл қурилиши билан туманимиз чиройига чирой қўшилади. Кўп қаватли уйлар қурилишига кенг йўл очилади. Турли транспорт воситаларининг қатновига қулайлик туғилади.
Зеро бугунги кунда транспорт воситаларининг кўплиги тирбандликни келтириб чиқариш билан бирга инсонлар ҳаётига хавф ҳам туғдирмоқдаки, буни барчамиз тушуниб, кўриб турибмиз. Бу йўл нафақат хавфсизлик, туманимизда истиқомат қилаётган инсонларга қулай шарт-шароитлар яратиш, туманимиз чиройини очиш мақсадида ҳам амалга оширилади. Ҳозирда йўл қурилиши муносабати билан бузилиши мумкин бўлган 110 та хонадон эгалари билан тушунтириш ишлари олиб бориш мақсадида ишчи гуруҳлар тузилган ва улар фаолият олиб бормоқда. Бузилаётган уйларга албатта белгиланган компенсация тўланади. Қандай амалий ёрдам керак бўлса берилади. Тушунтириш ишларини олиб боришда маҳалла фаолларининг, оқсоқолларининг ёрдамига таянамиз.
Туманда бешта 5 қаватли уй қуриш юзасидан берилган таклиф ҳам маъқулланиб, ўн кун муддатда ер майдонлари ажратилиши таъминланиши йиғилишда таъкидланди. Бу ҳақда туман бош меъмори Зоҳиджон Бакировга юзландик.
-Давлатимиз раҳбари томонидан туманимизда бешта 5 қаватли уйлар қурилиши юзасидан берилган таклифнинг маъқулланиши туманимиз кўркини очиши билан бирга уй-жойга муҳтож бўлганларнинг орзуларини рўёбга чиқаради. Ҳозирда бу уйларни қуриш жойлари ўрганилиб чиқилмоқда. Қисқа муддатларда ажратилган жойлар қурилиш қонунларига кўра экспертизадан ўтказилиб ҳужжатлаштирилади ва қурилиш ишлари жадаллик билан бошланади.
«Пойтуғ» сув олиш иншооти ва 15.5 километр ичимлик сув тармоғини реконструкция қилиш ишларини 2020-2022 йиллар Инвестиция дастурига киритилишини таъминлаш ҳам йиғилишда белгиланди. Туман «Сувоқова» ДУК филиали бошлиғи Улуғбек Маматожиев бу ҳақда қуйидагиларни билдирди:
–Тўғри, мамлакатимизда мустақиллик йилларида қишлоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш борасида жуда катта ишлар бажарилмоқда. Тоза ичимлик суви ва канализация тармоқларини қуриш, таъмирлаш борасида «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари доирасидаги салмоқли лойиҳаларни айтиб ўтиш жоиз. Бироқ бу ишларнинг барчаси тоза ичимлик суви борасидаги муаммоларни ечяпти, дегани эмас. Тоза ичимлик суви истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари, сув таъминоти ва канализация тизими объектларига оид зарур ахборотни сақлаш ва мунтазам янгилаб бориш, мониторинг қилишни таъминлайдиган ягона тизим йўқ. Албатта булар ва бошқа муаммоларнинг ҳал этилиши 2020-2022 йиллар Инвестиция дастурига киритилади. Туманимизда 15.5 километр масофадаги ичимлик суви тармоғини реконструкция қилиниши биз учун катта ютуқ.
Оптималлаштириш оқибатида қисқартирилиб юборилган БЎСМлар қайта ташкил этилиши назарда тутилаётгани ҳам йиғилиш баёнидан жой олган.
–2016 йилда Республика Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан спорт мактаблари оптимизациядан ўтказилганидан сўнг тумандаги 2 та Болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Болалар-ўсмирлар футбол мактаби ўрнига ягона спорт мактаби ташкил топган эди,–дейди туманимиз муайтайчилари мураббийи Баҳтиёр Матбобоев. –Бу болалар ва ўсмирларнинг спорт билан шуғулланишлари, мусобақаларда иштирок этишларида айрим муаммоларни келтириб чиқараётганди. Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи натижасида оптималлаштириш оқибатида қисқартирилиб юборилган Болалар-ўсмирлар спорт мактаблари фаолиятлари қайтадан тикланадиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2020-2022 йилларга мўлжаллаб тасдиқланган тақвим режасига асосан туманимизда Узункўча МФЙ ҳудудида янги 2-Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ташкил этилади. Албатта бунинг ҳисобига янги спорт турлари ва спортчи ёшлар кўпаяди. Спорт мактаблари ўртасида ўзаро рақобат кучаяди. Бу эса туманимизда спортнинг янада оммалашишига, спорт турларининг нуфузини оширишга хизмат қилади.
М. МИРЗААБДУЛЛАЕВ