Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Одамлар дилидаги, аммо тилига чиқаролмаётган гаплар…

Бирор киши ишидан натижа излаш учун аввало ана шу натижани чиқаришга имкон берадиган шарт-шароитни яратиб бериш даркор. Шарт-шароит яратилиб берилмай натижа талаб қилиш… қандай қолипга сиғади?
Наврўзобод қишлоқ врачлик пункти бир чиройли ишлаб турган эди. Нима бўлди-ю айни қишнинг қирчилламасида жамоанинг ташқарига чиқиши, ўзларига жой топиши буюрилди. Жамаонинг боши ганг, совуқ кунда қаерга боришади, тиббий анжомларни қаерга жойлашади, беморларни қаерда қабул қилишади? Қишлоқ врачлик пункти доирасида дарди тузаладиган беморлар қаерга боришади? Болаларни эмлаш деган нарса бор. Боринг, жой ҳам топилди, дейлик, у ер санитария-гигиена қоидаларига жавоб берадими? Ахир марказ узоқ бўлса, бирров бориб-келишнинг иложи бўлмаса.

Шу ўй-хаёллар билан нав­рўзободликлар ва ҚВП ходимлари шу кунгача етиб келдилар. Тўғри амал-тақал қилиб уч-тўртта хона ҳам топдилар. Лекин бу ерлардаги шароит деган нарса… анқонинг уруғи. Наврўзобод МФЙ мутасаддилари ҳаракати билан эмлама ўтказиш учун бир хона ижарага олинди. -ҚВПни қуриб бермоқчи бўлган шоввозлар оғизларини тўлдириб бу ерни таъмирдан чиқаришга ваъда берганларига ҳам бир ойдан ортиқ вақт ўтди-дейди бу хонада ишлашга шарт-шароит йўқлигидан ҳасрати оламни тутаётган болалар шифокори М. Ҳудойбердиева.-Мен бу ерда юрагимни чангаллаб эмлама ўтказяпман. На регистрация қилишга, на ёзишга шароит бор. Дори-дармонларни сақлашга имкон йўқ. Тиббиёт бошлиқларидан бирортаси келиб «Ҳолинг қалай» демаганига ҳафа бўлиб кетяпман. Жавобгарлик томонларини ўйласам, ишлагим ҳам келмай қоляпти.
Лаборатория учун олинган хонада ҳам аҳвол ундан баттар. Анализ ишларининг хавфли томонларини ўйламасликнинг иложи йўқ. Зотан лаборатория учун шароит яратиш алоҳида аҳамиятга эканлиги сир эмас. Бу ерда анжомларни қўйиш учун қулай жой йўқлиги, кичкинагина хонага гинеколог ҳам жойлашгани ҚВП мудирининг ўз ишига масъулиятсизлигидан дарак бериб турибди.
-Сиз бу ҳақда бош шифокорга айтганмисиз,-сўраймиз ҚВП мудири Файзулло Назирқуловдан.
-Бир-икки марта айтувдим, шекилли.
Ана мудирнинг ўз ходимларига эътибори. Аслида ҳам иш жойига ҳафтада бир-икки марта зўрғагина келиб кетадиган мудирдан шу жавобни кутувдик.
ҚВП қурилишида ҳам иш кетаётгандек. Лекин бу объект ким томонидан қурилаётгини, проект-сметаси, суммаси, қурилиши қачон тугатилиб, фойдаланишга топширилиши ва бошқа зарур маълумотлар кўринарли қилиб илиб қўйилмаган. Нима, бу сирли қурилишми? Нимага бошқа объектларда маълумотлар аниқ-равшан ёзиб қўйилади-ю, бу жойда маълумотлар йўқ.
Бизни ҳайрон қолдирган нарса бу бинонинг мус­таҳкам қурилиши билан қизиқиши зарур бўлган тиббиёт бирлашмасининг қурилишнинг қандай кетаётгани, сифати билан иши бўлмаслиги бўлди. Ҳеч бўлмаса теварак-атрофдан қараб қурилиш сифатига қизиқиб бўлмайдими? ҚВП мудири майли, у қизиқмас экан тиббиёт бирлашмасичи? Ахир ҳазилакам пулга қад кўтарилмаётган бинонинг узоқ вақтлар элимизга хизмат қилиши ана шундай назоратларга, баҳсларга боғлиқ эмасми? Ҳеч бўлмаса «Арматураларни бир-бирига сим билан боғламасдан, электр пайванд қилиб қўйибсизлар. Шу қонунга тўғри келадими? Пайванд бўлган жой нимжон бўлиб қолмайдими? Ғиштни тўғри уряпсизларми? Ғиштлар сифатлими?» деб қўйишга наҳотки ҳеч ким ярамаса? Наҳотки одамларимиз дилларидагини тилларига чиқараолмасалар? Ёки тиббиётчиларнинг қурилишдан кўнгиллари тўляптими?

 

М. Мирзаабдуллаев,
«Пахтакор» махсус мухбири

Улашинг: