МУНОСИБ НОМЗОД УЧУН ОВОЗ БЕРМОҚДАЛАР
Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ҳам қизғин давом этмоқда. Улар қаторида Избоскан туманидаги “Даминбойчек” маҳалласида жойлашган 481-сайлов участкаси ҳам бор.
Эрта тонгдан мазкур сайлов участкасида овоз бериш жараёнлари маҳаллий аҳолининг фаоллиги билан бошланди. Мазкур сайлов участкасида рўйхатга олинган сайловчилар бирин-кетин ўз истак-иродаларини эмин-эркин ифода этмоқдалар.
Шу маҳаллада истиқомат қилаётган Мирзаабдулло Махаммаджонов ушбу президентлик сайловида илк марта овоз бераётганини таъкидлаб ўтар экан шундай деди: – Бугунги сайловда биринчилардан бўлиб ўзим Президентликка муносиб деб билган номзодга овоз бердим. Албатта, биз сайлаган номзод эртага юртимиз тараққиёти ва келажагимизнинг янада порлоқ бўлиши учун хизмат қилади.
Избоскан тумани ҳокими Серобидин Позилжонович Исмоилов ҳам Даминбойчек маҳалласи 6-умумий ўрта таълим мактабидаги 481-участка сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиб, муносиб деб билган номзоди учун овоз берди.
Бу ерда ўтказилаётган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнларини кузатиш мақсадида канадалик ҳамда германиялик кузатувчилар ҳозир бўлиб турибди.
Мухаммаджон МИРЗААБДУЛЛАЕВ.