Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Коррупцияга қарши кураш — барчамизнинг вазифамиз

Инсонни қийин аҳволга туширадиган, руҳан эзадиган ҳолатлар ичида энг оғири адолатсизликдир, десак хато бўлмаса керак. Унинг бир илдизи коррупция билан боғлиқ бўлиб, бу — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишда ифодаланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа хуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўриш зарурлиги таъкидланмоқда.

Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи уни бажариш доирасида маъсул идоралар белгиланган бўлсада, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият хис этса, қўйилган мақсад ва муаммолар ечими пайдо бўлади. Ҳар биримиз қаерда, қандай муаммога дуч келсак, унинг ҳал этилишида масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ёки таъмагирлигига гувоҳ бўлганда шароитга бўйсуниш, индамай кетавериш ёхуд чидаш ўрнига бонг уришимиз керак.

Масъулитсизликка, адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Шунда мудраётган мансабдор уйғонади.

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунда фуқароларимизнинг бу борадаги ҳуқуқлари кафолатланган. Қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилади. Коррупцияга оид хуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларнинг ҳимоя қилиниши таъминланади.

Коррупцияга қарши курашиш бу жуда мураккаб ва бутун бир тадбирлар дастуридан келиб чиқадиган жараёндир. Кўпчилик ишонганидек, порахўрликка қарши иш ҳақи ва маошларини ошириб қўйиб курашиб бўлмайди. Барча мансабдорлар маошини кўтариб қўйиш бу уларнинг пора олмайди, дегани эмас. Гарчи, ваколатли амалдорларнинг молиявий аҳволи муҳим аҳамиятга эга бўлсада. Чунки ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, нафси ва кўзи оч амалдорлар жамиятимизда учраб турибди.

Давлат ҳокимияти тизимларининг иш фаолияти шаффоф бўлиши керак ҳамда бу шаффофлик жамоатчилик ва ОАВ ёрдамида назорат қилиб борилиши лозим. ОАВ фуқаролар ҳуқуқларини шархлаб бориши ва жамиятда ҳуқуқий саводхонлик даражасининг юксалишига ёрдам берувчи мустақил ҳокимият манбаи бўлиши айни муддао.

Ўтказилган тадқиқотларда юртдошларимиз давлат, ҳуқуқ-тарғибот, бошқарув ва назорат органлари коррупциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашишда жамият ва унинг фуқаролик институтлари билан яқин ҳамкорликда, ушбу институтларнинг фаол ва бевосита қўллаб-қувватлаши билангина юқори самарага эришиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Ёшларимиз ўртасида ўтказилган сўровномаларда маълум бўлишича, уларнинг аксарияти яқинларидан мансабдор шахслар пора талаб қилгани билан боғлиқ ҳодисалардан хабардор эканини билдиришган. Бу иллатнинг урчишига яна бир сабаб,фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими саёзлиги, ҳақ ҳуқуқларини яхши билмаслиги сабабли пора беришга рози бўлишидир. Бундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ёшлигидан шакллантириб бориш ушбу иллатга қарши курашда муҳим аҳамият касб этади.

Қувонарлиси, сўнгги пайтларда ноқонуний хатти-ҳаракатлардан воз кечиб, ўз муаммоларини қонуний йўл билан ҳал этишни маъқул кўраётган фуқаролар сони тобора ортиб бормоқда.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фақаро ўз ҳиссасини қўшиши шарт. Бу фақароларимизда коррупцияга, аниқроқ айтганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти, маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ.

 

А. АҲМЕДОВ,

Андижон ҳарбий прокуратураси катта терговчиси, адлия лейтенанти.

Улашинг: