Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

КАРТОШКА ИККИНЧИ НОНДИР…

Унга туманимизда муносабат қандай?

Бугунги кунда ҳар бир давлатнинг ушбу мураккаб даврдаги долзарб вазифаси халқаро ҳамжамиятда алоҳида хавотир ва ташвиш уйғотувчи озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга масъулият билан ёндошишдир.
Ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик махсулотлари хажмини ошириш ва хилма-хиллигини таъминлаш, бунинг учун 2020 йилда мева сабзавотчилик ва чорвачиликда маҳсулот ишлаб чиқаришни икки баробарга ошириш зарур.
Ш. М. Мирзиёев.

“…Сабзавот экинлари туман бўйича 231,1 гектар ёки 25,9 фоиз майдонга экилиб. 661,0 гектари ёки 74,1 фоиз майдонларга экилмаганлиги аниқланди…” (Туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимидан олинган маълумотдан)
Давлатимиз раҳбарининг бу ўта муҳим топшириғи туманимизда қандай бажарилмоқда? Ана шу саволга жавоб топиш мақсадида дастлаб мева-сабзавотчилик йўналишидаги мутасаддилардан олинган маълумотларга назар ташладик ва асосан эътиборни истеъмолдаги иккинчи нон, деб ҳисобланган картошка етиштирилишига қаратдик. Шу йил 6 ойида туман ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими томонидан берилган маълумотда 190 тонна картошка етиштирилганлиги кўрсатилган. Туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимидан олинган маълумотда асосий майдонларда режадаги 143 гектар ўрнига 150,4 гектар ерда картошка етиштирилганлиги баён қилинган. Картошкадан олинадиган ҳосилдорлик ўртача ҳар гектаридан 30 центнердан қилиб олинганда 150 гектар майдонда 450 тонна ҳосил олиниши керак. Бир неча йиллар аввал туманимизнинг асосий майдонларида ва ҳозирда аҳоли томорқаларида етиштириб олинаётган картошка ҳосилдорлиги ҳам 30 центнердан кам бўлмаётганлиги ўз исботини топяпти.
Етиштирилган картошка ҳосили реализацияси билан танишиш мақсадида энг ишончли “Избоскан соҳибкорлар юрти” агрофирмасида бўлдик. Агрофирма бошлиғи Ихволдин Ғоффоровнинг берган маълумотига қараганда тумандаги “Мадад барака”, Избоскан, Охунбобоев, Қўғай, Тиллабоев, Ўзбекистон массивларидаги 6 та фермер хўжаликлари билан билан давлатга 25 тонна, ишлаб чиқаришга 35 тоннага шартнома қилинган. Умуман агрофирмалар, фермерлар томонидан ишлаб чиқаришга, ички бозорда айлантирилиши ва давлат муассасаларига картошка етказиб берилиши билан қизиқдик. Тумандаги “Пойтуғ” бозори МЧЖ, Яккатут, Чувама бозорларида, туман мактабгача таълим муассасаларида, тиббиёт бирлашмаларида, халқ таълими тизимидаги мактабларда ҳатто қўшни Ҳаққулобод тумани бозорларида туманимиздаги фермерлар ва агрофирмалар томонидан картошка маҳсулоти учун шартнома йўқлиги ва олинмаслиги ҳақидаги маълумотларга эга бўлдик. Тан олишимиз керакки, пиёз, картошка, сабзи каби сабзавот, полиз маҳсулотлари асосан Сурхондарё, Наманган вилоятларидан келтириб сотилади. Шу йил апрел ойида ўтказилган мониторингга кўра 143 гектарга режалаштирилиб, 150,4 гектарга экилган картошкадан туман ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими маълумотида 190 тонна ҳосил етиштирилган қилиб кўрсатишилишидан мақсад ва мавжуд экилган майдоннинг гектарига ҳисобланган ҳосилдорликка қараганда 260 тонна камлигига сабаб нима? Тушунмадик. Яна шуни таъкидлаш керакки, Норин, туманимиздаги бозорларда тиркамали тракторлар, автомашина, Дамас русумли транспортларда картошка, пиёз каби маҳсулотларни тонналаб олиб келиб аҳолига ва улгуржи харидорларга сотаётганлар орасида туманимизнинг бирорта фермер хўжалигини учратмадик. Маҳсулотларнинг бозор баҳоси четдан келтирилаётган маҳсулотлар ҳисобига ҳар-ҳолда барқарорланиб турибди. Бундай ҳолатларнинг келиб чиқишига режадаги ерларга тўлақонли картошка экилмайди ё ҳосилдорлиги паст, уруғ ёмон, фермернинг картошкачиликда тажрибаси йўқми деган савол туғилиши табиий…

Бундай мавҳум, қониқарсиз ахволни ўнглаш учун шундай фикрдамиз: Картошка экиш учун мос ерни танлаб алоҳида картошкачилик фермер хўжалиги ташкил этилиши керак. Шунда фермер шу соҳага ихтисослаштиралади, ажратилган ерни тўла экилишига эришади, назоратда бўлади, фаолиятини техникалаштиради, сара уруғ танлайди, ҳеч қандай чалкашлик, мавҳумлик, кўзбўямачиликсиз кўзланган картошка етиштирилиб, фермер хоҳлаган ташкилот, ёки бозор билан шартнома тузиб етказиб беради. Такрорий экинда яна даромадли. Аҳоли истеъмолига ёки экспортга боп экин экиб ҳосил олиши мумкин. Энг муҳими йилига 2 марта ҳосил олиб пахта-буғдойга қараганда ҳам кўпроқ даромад қилади. Энг мухими туманимизда картошка ва шунга кўра етиштириладиган маҳсулотлар бахоси барқарорлиги таъминланади. Шундагина давлатимиз раҳбарининг ҳар қандай шароитда озиқ-овқат махсулотларини етиштиришни кўпайтириш борасидаги талабларига лаббай деб, хотиржам жавоб бера оладиган бўламиз.

ЙЎЛДОШ ИСОҚЖОНОВ,
“Пахтакор”нинг махсус мухбири

Улашинг: