Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Устазодаларни бирлаштириш учун «Ҳунарманд» маркази ташкил этилиши керак(ми?)

Қадимдан авлод-аждодларимиз, ота-буваларимиз эъзозлаб келаётган миллий ҳунармандчилигимиз, халқ амалий санъати борки бунда борлиғимиз, ўтмишимиз ва эртанги кунимиз унда жилоланмоқда. Халқ амалий санъати усталари яратаётган маҳсулотларда урф-одатларимиз, миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз чуқур сингдирилмоқдаки, уни кўрганлар халқимиз ижодкорлигига тан бермоқдалар. Бунга давлатимиз раҳбарининг ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ғамхўрликлари катта омил бўлмоқда. Суҳбатдошимиз туман  «Ҳунарманд» уюшмаси раиси Ферузахон СОЛИЕВА:

-Президентимизнинг  ҳунармандчиликни янада ривожлантириш борасидаги Фармони ва «Ҳунарманд» уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғ- рисидаги меъёрий ҳужжатлар, туман ҳокимининг ана шу соҳада қабул қилган қарорига асосан жорий йилда 170 нафардан ортиқ ҳунарманд тегишли рўйхатдан ўтказилди. Уларнинг 62 нафарини ёшлар, 65 нафарини аёллар ташкил этади. Рўйхатдан ўтмай фаолият юритаётган ҳунармандларнинг 270 нафари хатловдан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи томонидан аниқланди ва ҳозирда уларни ҳам расмийлаштириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Уларнинг муаммолари ўрганиляпти. 35 нафарига фаолиятларини ривожлантириш мақсадида «Мик­рокредитбанк» Куйганёр амалиёт бўлимига имтиёзли кредит учун тегишли ҳужжатлар тақдим этилди ва 25 нафар ҳунармандга 870 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди. Шулардан уч нафари ёшлар бўлиб, улар 75 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишди. Миллий пойабзал тайёрловчи Ҳушнуд Сотволдиев олган 60 миллион сўмлик кредити билан ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш имконига эга бўлди. Шунингдек Соҳибахон Бегматова ҳам имтиёзли кредит билан чеварчиликни кенгроқ йўлга қўйишни мўлжалламоқда.

—Ёшларни касб-ҳунарга ўргатишда «Уста-шогирд» мактаби муҳим роль ўйнайди.

-Албатта. Биз ана шуни ҳисобга олган ҳолда ўтган йили рўйхатдан ўтиб, расмийлашган 17 нафар ҳунарманд иштирокида бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда «Уста-шогирд» мактабини очдик. Усталарнинг ҳар бирига 2 нафардан шогирд бириктирилди. Бугунга келиб ҳар бир устага бириктирилган шогирдлар сони 10 нафарданга етказилди. Уларнинг касб-ҳунар ўрганиш муддати уч ойга белгиланган.

—Дейлик, ногиронлиги бор ҳунармандлар рўйхатдан ўтса…

-Сўзингизни тушундим. Агар ногиронлиги бор ҳунармандлар ўз ишларини расмийлаштирсалар улар даромад солиғи ва пенсия жамғармаси тўловидан озод этиладилар. Тегишли ҳужжатлар тақдим этишиб, имтиёзли кредит олиш имконига эга бўладилар.  Ҳозирда икки нафар 2-гуруҳ ногиронлиги бор ҳунарманд рўйхатдан ўтган ва улар қонун билан белгиланган тегишли имтиёзларга эгалар.

—Ҳунармандчилик энг ривожланган маҳаллалар, ҳунармандчиликнинг қайси турлари туманимизда ривожлангани, эъзозланаётган ҳунармандлар ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.

-Пойтуғ шаҳрининг «Шинам», «Шодлик», Мойгир қишлоғининг Мойгир маҳаллаларида ҳунармандчилик анча ривожланган. Бу ерларда тунукасозлик, мебелсозлик яхши йўлга қўйилган. Энг ривожланаётгани эса тунукасозлик. Бу албатта туманимизда бунёдкорлик ишларининг авж олаётгани, кишиларимиз турмуш тарзининг янада бойиб бораётганидан далолатдир.

Ҳунари билан эъзоз топаётган ҳунармандларимиз кўплаб топилади. Истеъдоди нафақат республикамиз балки қўшни ҳамдўстлик мамлакатларида ҳам тан олинган Ўзбекистон халқ устаси Йўлбарсҳожи Ўтагенов, унинг мактабини тамомлаб, ҳозирда мустақил иш юритаётган Умиджон Ўтагенов ва бошқа шогирдларини мисол келтирса бўлади. Унинг нақшли устунлари, миллий қадриятларимиз акс этган нодир мебеллари ва тархлари Бухоро-ю Самарқанд, Тошкент ва бошқа шаҳарларни безатиб турибди.

Ёшларга келсак, Ойгул Тожиддинова ўзининг истеъдоди билан барчани лол қолдирмоқда. Миллий услубдаги қўғирчоқлар ва эртакнома шахмат доналарини ишлашдан бошлаган бу ҳамюртимиз ўзи яратган бошқа маҳсулотлари билан вилоят, республикада ўтказилган кўргазмалар, танловларда тегишли номинацияларда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. У 2016 йилда Шанхайда ўтказилган «Анъанавий текстиль маҳсулотлари» кўргазмасида муваффақиятли иштирок этди. Ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган «Менинг бизнес ғоям» кўрик-танловида ғолиб бўлиб имтиёзли 26 миллион сўмлик кредитга эга бўлди. Бу йил эса Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлиб, мукофотни шахсан Юртбошимиз қўлидан қабул қилиб олди.

«Тараққиёт» маҳалласида яшовчи опа-сингил Зарифахон ҳамда Жумагулларнинг тўқувчиликка иштиёқи борлигини сезган дадалари Тўйчибой Йўлдошев маҳалладаги собиқ чойхонани хусусийлаштириб, Марғилондан адрас тўқиш дастгоҳларини келтирди.  3 ой ичида тўқиш сирларини мукаммал эгаллаган опа-сингилларнинг ўзлари бугун бошқаларга устозлар. қисқа муддатда 6 та ишчи ўрни яратишиб, кунига 50-60 метрга етказиб адрас тўқишмоқда.

—Ҳунармандлар ўзлари етиштирган маҳсулотларни қаерларда сотишмоқда?

-Республикамизнинг ва пойтахтимизнинг барча бозорларида, Андижоннинг «Жаҳон бозори»да. Бозорларимизни истеъмол маҳсулотлари билан тўлдиришда албатта бизнинг ҳунармандларнинг ҳам ўзига яраша ҳиссалари бор.

—Туманимизда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, янги иш ўринлари очиш учун яна нималарга эътибор бериш зарур?

-Туманимизда «Ҳунарманд» маркази очиш лозим. Ана шундай марказ ташкил этилса халқ амалий санъатининг туманимиздаги усталари, дарғалари ана шу жойга жамланадилар. Уларнинг қўлларидан сайқал топаётган маҳсулотларда урф-одатларимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, ўзлигимиз янада ёрқин намоён бўлади. Зеро улар бу марказда бир-бирларининг тажрибалари билан ўртоқлашадилар, ижодкорликларини намоён қиладилар. «Уста-шогирд» мактабининг турли йўналишларини очиш имкониятлари вужудга келади. Интилиш, изланиш, янгиликларни яратиш, янги технологияларни тақдим этиш йўллари очилади. Касб-ҳунарлилар сони, янги иш ўринлари очилиши кўпаяди. Яна  ҳунармандларга имтиёзли кредитлар олишларига янада кенгроқ имкон бериш даркор, деб ўйлайман. Уларга қанча кўп шарт-шароитлар яратилса, хом ашё олиб келинишига имкониятлар бўлса туманимизда ҳунармандчилик янада ривожланади.

—Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Суҳбатдош: М. Мирзаабдуллаев.

Улашинг: