Ҳар бир давлатнинг қудрати – унинг адолатида. Адолат эса қонун устуворлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқлари таъминланишида ўз ифодасини топади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда суд тизимини замонавийлаштириш, халқ учун қулай ва ишончли механизмларни яратиш устувор вазифага айланган.
Ўзбекистон Республикасида суд тизимини демократлаштириш ва мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд идораларига нисбатан ишончи ошишига, суд қарорларининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жамиятда инсонлар ўзаро ижтимоий ва бошқа муносабатларга кирар экан, низоли масалаларга дуч келиши табиий. Бундай масалаларнинг адолатли ечими учун эса холис бир шахс, холис бир масканга зарурат туғилади. Суд-ҳуқуқ тизими айнан ана шу вазифага, яъни жамиятда қонун устуворлиги, адолат барқарорлиги учун масъул ҳисобланади.
Бинобарин, ҳар бир давлатнинг қудрати, аввало, унда барча итоат этадиган тартиб-интизом ўрнатилгани, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳар томонлама ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунларнинг мавжудлиги ва уларга изчил амал қилиш каби қатор мезонлар билан баҳоланади.
Айниқса, жамият ҳар жиҳатдан тез ўзгараётган, ривожланаётган бир даврда, хусусан, рақамли технологиялар ҳаётимизга изчил ва шиддат билан кириб келаётган шароитда бу вазифа олдимизга янги талабларни қўймоқда.
Шуни айтиш керакки, рақамлаштириш суд соҳасида ҳам катта имкониятлар эшигини очди. Судлов ишларини юргизиш самарадорлиги ва аҳолининг одил судловдан хабардорлик даражасини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этила бошланди. Бу йўналишдаги ишлар ўз самарасини бериб, одамларнинг оворагарчилиги кескин камайди, судья ва суд ходимларининг ишлари осонлашиб, иш сифатига ижобий таъсир кўрсатгани ҳам бор гап.
Судларда кенг кўламли рақамли трансформация бошланди. Масалан, бугунги кунда судга даъво аризасини онлайн топшириш, суд ҳужжатларининг электрон нусхасини олиш каби хизматлар тўлиқ рақамлаштирилди. Олий суднинг my.sud.uz портали орқали миллионлаб фуқаролар ўз суд ишини кузатиш, апелляция бериш каби қулайликлардан фойдаланмоқда.
Видеоконференцалоқа тизими биринчи навбатда фуқароларимизга жуда катта қулайликлар яратиб, суд мажлисларини масофадан туриб ўтказиш имконини берди. Яъни, иш бўйича тарафлар турли манзиллардан туриб суд мажлисида тўғридан-тўғри қатнашишлари мумкин. Бу аҳолининг жуда катта сарсонгарчилигининг олдини олди, вақти ва маблағини тежашга ёрдам берди.
Барча фуқаролар учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиб бориш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш эса судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлади.
Дунё тажрибаси шуни кўрсатдики, энг мақбул сиёсат, бу ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишдир. Президент Шавкат Мирзиёев демократик ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов масалаларига оид тақдимот билан танишди ва соҳага оид иккита муҳим Фармонга имзо чекди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 140-сонли ва “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 141-сонли фармонлари одил судлов сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган.
Бундан буён судьяларни қайта тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилди ҳамда 2025 йил 1 октябрдан бошлаб судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш Академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида суд ихтисосликлари бўйича ташкил этилиши белгиланди.
Ушбу ҳужжат билан “Рақамли суд” концепциясини босқичма-босқич амалга ошириш бошланди. Фармон билан судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жумладан, 2025-2030 йилларда барча суд биноларини замонавий тарзда қуриш ва жиҳозлаш бўйича махсус дастур тасдиқланди.
2025 йил якунига қадар пойтахтда иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича «Рақамли суд» мажлис заллари ташкил этилиб, унинг натижалари 2026–2027 йилларда бутун мамлакатимиз бўйлаб босқичма-босқич татбиқ этилади.
Суд ишлари энди қоғозбозликдан халос этилади. Мазкур концепция орқали ариза беришдан олдин сунъий интеллект муҳокаманинг тахминий натижасини ва харажатларни ҳисоблайди. Мурожаатлар электрон тарзда юборилади. Тарафлар судга боришда ҳеч қандай шартларсиз, масофадан туриб иштирок этиб, суд ҳужжатлари ва материаллар билан онлайн танишиш мумкин бўлади. Суд харажатлари электрон ҳисобланиб тўланади ва баённомалар реал вақтда автоматик шакллантирилади. Суд ҳужжатлари сунъий интеллект ёрдамида тайёрланади. Бу эса нафақат суд ишларини соддалаштиради, балки фуқаролар учун шаффоф ва адолатли жараённи таъминлайди.
Суд тизимидаги очиқлик нафақат технологик янгиланиш, балки суд жараёнларининг ошкоралигида ҳам намоён бўлмоқда. Бугунги кунда судларнинг аксарият қарор ва ҳукмлари эълон қилинмоқда, суд мажлислари залларига эркин кириш тартиби йўлга қўйилмоқда.
Сунъий интеллект технологиялари нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ҳам мисли кўрилмаган янгилик саналади. Бу усулдан одил судловда фойдаланиш ривожланган давлатлардагина йўлга қўйилган тажриба эканини ҳисобга олсак, уни мамлакатимиз учун улкан сиёсий ирода сифатида баҳолаш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш даражасини оширишга, суд ишлари сифати ва ўз вақтида кўрилишига, судларнинг том маънода мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
З.Тохтасинов,
Жиноят ишлари бўйича Хонобод
шаҳар судининг тергов судьяси