Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Фирибгарнинг тиши синди

Эҳтимол биз мақолада қаламга олган Р.А. олдиндан фирибгарлик билан бир неча фуқарони ишончига кириб алдаб аро йўлда ташлаб кетгандир. Неча-неча ёш унинг алдовига ишониб, сўнг ортида зор-зор югургандир, на ўқишга киролмай, на фирибгарга берган пулларини қайтиб ололмай. Майли, бу унинг виждонига ҳавола.

Виждонига, деймиз-у бундай кимсаларда виждон бўладими, ўзи? Виждон, ор-номус, уят деган тушунчаларни англайдими, у ва унга ўхшаш ёлғончи, фирибгарлар? Аслида ана шундай фирибгарларга ишонганлар, унга қўл тутганлар ҳам айбдормасми? Қилмишлари билан ана шундай виждонсизларнинг гуноҳларига шерик бўлаётганлар йўқми? Ахир барчамиз ҳушёр бўлсак, ана шундай номарднинг қилмишларини очиқ ойдин баён қилиб, ҳаромдан пул топишига имкон бермаган, фирибгарнинг қилмишлари ҳақида тегиши идораларга хабар берган Г.А. дай бўлсак барча фирибгару, алдоқчиларнинг уясига ўт кетган бўлармиди?!

Тошкент Давлат Аграр Университетининг Андижон филиали кафедраси ўқитувчиси Р.А. (тергов манфаатлари кўзланиб мақоладаги исм в фамилиялар ўзгартирилган) нинг қулоғи доимо локатордай айланиб, ўқишга кириши истагида бўлганларнинг суҳбатларини пойлайдиган бўлиб қолганди. Зора кимдир унга ўқишга киришга қийналаётганини айт­саю, каттагина ҳаром луқмани тишласа. Шундай ҳам бўлақолди. Олийгоҳнинг кафедра катта ўқитувчиси лавозимида кўп йиллардан буён ишлаб келгани ҳолда,  қасддан жиноят содир этиш йўлига кириб, ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида жиноий режа тузди.Жиноий режасига кўра фаол ҳаракат қилиб, фуқаро Г.А. билан танишиб қолди. У билан суҳбати давомида уни ўқишга киришга қизиқиши борлигин англади ва тезроқ алдов тўрини ёйишга киришди. Қарасаки, у унинг гапларига ишонадигандай. Зудлик билан ҳаракат қилса мўмай пулга эга бўлишликни хаёлига келтириб, орадан бироз вақт ўтказиб Г.А.га қўнғироқ қилиб, Избос­кан тумани ҳудудида учрашиш, ўқишга киритиб қўйиш борасида келишиб олишга таклиф қилди. Суҳбати давомида уни олийгоҳнинг ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича йўналишига ўқишга киритиб қўйишини баён қилди. Мазкур йўналишга ўқишга киритиш учун гўёки бош­қалардан 4.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олишлигини, лекин  уни 3.500 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар эвазига киритиб қўйишлигини айтди. Лекин Г.А. ҳам анойилардан эмасди. Ана шундай фирибгарларнинг тишини синдиришга, ҳаром-хариш йўл билан пул топишга уринганларнинг шармандасини чиқаришга бел боғлаганди. Фирибгарнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида ўз вақтида тегишли идораларга хабар қилганди. Фирибгар Г.А.дан 3500 АҚШ доллари ҳисобидан 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ўзининг хизмат мавқеидан фойдаланиш йўли билан қўлга киритган вақтда ҳуқуқни мухофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегиш­ли моддалари билан жазо муқаррарлиги таъминланди.

О. Аҳмедов,

туман прокурори катта ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.

М. Мирзаабдуллаев,

«Пахтакор» мухбири

Улашинг: