Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Журналист таҳлили: Зовурлар бўйлари кимники?

Шу ҳафтадаги ҳокимлик соатида туман мелиорация бўлими раҳбар, ходимларига интизомий чоралар кўрилди. Чунки тумандаги айрим зовур бўйларига ноқонуний қурилишлар қилинган, дарахтлар экиб олинган.

Кейинги йилларда ерлар мелиоратив ҳолатини яхшилаш, заҳини қочириш ва шу тариқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш масалаларига эътибор кучайди. Яқин 15-20 йиллар давомида лойқадан тозаланмай келинаётган коллекторларнинг тозаланиши ва зах сувларни қочиришдаги амалга оширилаётган ишлар бунинг далилидир. Ана шу жараёнда юзага келган қийинчиликларни тумандаги хўжаликлараро ва хўжалик ички зовурларини тозалаб захини қочиришни таъминлайдиган туман МЭ мутасаддилари ва иш бажарадиган экскаваторчиларгина яхшироқ билишади.

Гап шундаки, ҳар иккала коллекторлар (зовурлар) қирғоқларига турли терак, тол ва бошқа манзарали дарахтларни узоқ йиллар давомида белгиланган тартиб қоидаларга зид равишда экиб олиниши, бинолар солиб олиниши ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, захини қочириш борасидаги ишларни жадал бажарилишига салбий таъсир ўтказиб келмоқда.

Масалан, ўтган йили «Истиқлол» маҳалласи фаолияти билан танишиш жараёнида «Истиқлол», «Гузар», «Тинчлик» маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтувчи хўжалик ички ариғи минтақавий ҳимоя зонасига экиб олинган дарахтлар, ариқ устига қурилган уйлар, кўприк­лар натижасида зах сувни қочириш учун канда этагини очишнинг имкони бўлмади. Бу борадаги депутат сўрови, ирригация бўлими тизими мутасаддиларининг қилган саъй-ҳаракатлари «Истиқлол» ва «Гузар» маҳалласи МФЙлари мутасаддиларининг бу муаммога ечим топа олмаганликлари туфайли аҳвол ўзгармай бир неча ўнлаб хонадонлар томорқалари ҳамон захлаб ётибди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 апрелдаги 174-сонли қарори билан зах қочириш тармоқларининг қирғоқбўйи минтақавий зонаси ҳар иккала томондан ажратилиши тасдиқланган. Шунга кўра зона зах қочириш тармоғи (коллектор)нинг оқимга қараб чап томони экскаватор механизмлари ёрдамида тозаланади. Экскаватор механизмлари ёрдамида зах қочириш тармоқларини тозаланиши даврида минтақавий зонадаги ноқонуний равишда жойлашган барча иншоот, бино, тол, терак ва бошқалар огоҳлантиришсиз олиб ташланади.

Шу кунларда ҳам лойқадан тозаланиб зах сувларни ровон оқиб чиқиб кетиши таъминланганидан кейиноқ яна тозаланган коллекторлар қирғоқларига дарахт экиб қўйиш, ички хўжалик зовурлари устига ёки минтақавий ҳимоя зонасига уйлар қуриш, кўп­риклар солиш ҳолатлари давом этяпти.

—Туман бўйича жами 535,05 километр узунликда зах қочириш тармоқлари мавжуд, шунинг 279,36 километр узунликдагиси хўжаликлараро зовурлар бўлса, 255,69 километр узунликдагиси хўжалик ички зовурларидир,—-дей­ди МЭ мутахассиси Муроджон Асқаров. —Шунча масофадаги коллекторлар ҳимоя зонасига ноқонуний экиб олинган дарахтлар ва қуриб олинган уй-жойларни кўз олдингизга келтириб уларни олдиришни қанчалик қийинлигини тасаввур қилинг…

Ҳа, энг ачинарлиси яна бу ариқ, зовурлар бўйларига, ичларига турли маиший чиқиндиларни ташлаб юборилишидир. Бир ўйлаб кўрайлик, ўзимизга ўзимиз муаммо яратяпмиз. Ҳукуматимиз томонидан ерлар, тупроқ таркибини яхшилаб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларинигина эмас, томорқамиздан олинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳосилдорлигини ошириш, дастурхонимизни тўкин қилиш учун миллиардлаб маблағ ажратиб, сарфланаётган бўлса-ю, биз бу ишни амалга оширишга   тўғаноқ бўлиб белгиланган ҳукуматимиз тартиб-қоидаларини бузиб турсак. Устига устак турли маиший ахлатлар ташлаб уни ифлослантирсак, шу инсофданми? Дарвоқе унутмайлик, ариқ—зовурлар бўйларини ҳам қонуний эгалари бор. Зах қочириш тармоқларининг ҳар иккала томонига шартнома асосида дов-дарахтлар экиш ҳам таъқиқланган. Ҳукумат тартиб-қоидаларини бажарилишини қонун асосида амалга оширадиган, назорат қиладиган мутасаддилар ҳам йўқ эмас. Шунингдек белгиланмаган жойларга ахлат ташлаш мумкин эмаслиги ва бу борада белгиланган тартибда жарима қўлланилиши борасидаги қоидаларни ҳам ҳар бир ноқонуний ҳолатларни олдини оладиган ва йўл қўймайдиган назорат қилувчи идоралар ҳам унутмасликларини истардик.

Йўлдош ИСОҚЖОНОВ

Улашинг: