-Маълумки, Ички ишлар органлари тўғрисидаги Қонунда ички ишлар органлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, ягоналик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш, очиқлик ва шаффофликдан иборат эканлиги белгилаб қўйилган. Туманимиз ички ишлар бўлими ходимлари бунга амал қиляптими?
-Албатта, ички ишлар идоралари ходимлари ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Конституцияси, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонун ва бошқа қонунчилик актларига риоя этишлари шарт. Улар хизмат мажбуриятларини бажаришда ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини оқлаш учун хизмат манфаатларини рўкач қилиши, иқтисодий манфаат кўриши, ноқонуний талаб қўйиши, мансабдо шахсларнинг қонунга ҳилоф буйруқ ва кўрсатмаларини бажаришлари мумкин эмас. Шунингдек, қонун инсон шаъни ва ғурурини поймол қилувчи ҳар қандай зўравонлик, тажовуз ва бошқа турли ҳаракат ва усулларни қўллашни ички ишлар ходимига тақиқлайди. Ўз ишларида юқоридагиларни дастуриламал қилаётган туман ички ишлар ходимлари ўз фаолиятларини фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш асосида амалга оширмоқда ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар ҳимоя қилинишини таъминламоқдалар.
-Йилимизнинг ўтган уч ойи давомида барча йўналишлар бўйича содир этилган жиноятлар ҳақида айтиб ўтсангиз…
-Ўтган уч ой давомида жами 15 та жиноят содир этилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг уч ойида 39 тани ташкил этган эди. Жиноятнинг 24 тага ёки 61.54 фоизга камайгани ўтган уч ой давомидаги саъй-ҳаракатларимиз бесамар бўлмаганидан далолат бериб турибди. Жиноят қидирув йўналишида содир этилган жиноятлар ўтган йил 24 тани ташкил қилган бўлса йилимизнинг ана шу даврида 7 та жиноят содир этилиб, ушбу кўрсаткич 17 тага ёки 70.83 фоизга камайди.
-Жиноятларнинг турлари бўйича таҳлили қандай?
-Ўтган йилнинг 3 ойига нисбатан 2019 йилнинг ўтган уч ойида оғир жиноятлар 6 тадан 2 тага, ўта оғир жиноятлар 3 тадан 0 га, жамоат жойларида 2 тадан 1 тага, вояга етмаганлар томонидан 2 тадан 1 тага камайишига эришилди. Кўчалардаги жиноятчилик, зўрлаб номусга тегиш, валюта қоидасини бузиш ўзгаришсиз, барқарор ҳолатда қолган. Жиноят қидирув йўналиши бўйича 27 тадан 7 тага(70.83 фоиз), ўта оғир жиноятлар 6 тадан 2 та(66.67 фоиз)га, фирибгарлик 2 тадан 1 та(50 фоиз)га, безорилик 2 тадан 1 та(50 фоиз)га камайишига эришилган. Бугунгача фош этилмай турган жиноятлар мавжуд эмас.
Аммо аёллар томонидан содир этилган жиноятлар сони 3 тадан 6 тага, жабрланувчи ҳалок бўлган йўл-транспорт ҳодисалари сони 1 тадан 3 тага ортиб кетган. Бу эса туманимиз хотин-қизлари ва аҳоли ўртасида тушунтириш, тарғибот ишларини янада кучайтириш, маҳалла, туман ташкилот ва муассасалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аёллар ўртасидаги жиноятчиликка маҳалла фаолларининг нотинч оилалар билан мунтазам иш олиб бормаётганликлари, мунтазам иш билан таъминланмаслик, тадбиркорлик билан оила тебратишларига давлат ва ҳукуматимиз томонидан яратилиб берилаётган қулайликлардан фойдаланмаётганликлари сабаб бўлмоқда. Зеро бугунги кунда тадбиркорлик қиламан, томорқамда маҳсулот етиштираман, ишлайман дегувчилар учун барча шароитлар мавжуд.
Туман ички ишлар бўлими ходимлари бундан буён ҳам жиноятчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни янада кучайтирган ҳолда тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боради.
-Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Суҳбатдош:
М. Мирзаабдуллаев.