Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

«Central Asia — 2019» XIII Халқаро конференцияси

Урганчда “Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурс­лари” мавзусида ташкил этилган халқаро конференцияда туманлараро давлат архиви раҳбари Шукуржон Мамитов иштирок этиб, катта таассуротлар билан қайтди.

-Ўндан ортиқ мамлакатдан халқаро экспертлар, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналар, нашриётлар, архивлар, музейлар раҳбарлари ва мутахассислари, олимлар, таълим муассасалари ўқитувчилари, АКТ мутахассислари, жамоат арбоблари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган анжуманда-дейди Ш. Мамитов,-Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Админис­трацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Аваз Ходжиметов, Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов Ўзбекис­тонда соҳага қаратилаётган эътибор, китобхонликни оммалаштириш, китоб тарғиботи, кутубхоналар ва ахборот ресурс марказларини ривож­лантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар ҳақида сўзладилар.
Конференция ахборот-кутубхона ресурсларини такомиллаштириш соҳасида янги босқични бошлаб бериши билан аҳамиятга молик. Бу ерда дунёнинг ривож­ланган мамлакатларидан экспертлар иштирок этаётгани маҳаллий мутахассисларга жуда асқотади. Зеро мамлакатимизда ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш мақсадида таълим муассасалари кутубхоналарини адабиётлар билан бойитиш, ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарининг аудио вариантларини яратиш, “Библиобус”лар фаолиятини йўлга қўйиш, QR-кодлар ёрдамида электрон китоблардан фойдаланиш, кутубхоначилик соҳасида миллий ва халқаро тадбирларни ташкил этиш сингари муҳим ишлар амалга ошириляпти. Давлатимиз раҳбари илгари сурган бешта ташаббус асосида эса китобхонликни янада оммалаштириш, кутубхоналар фондини бойитиш юзасидан кўплаб лойиҳалар ҳаётга тат­биқ этилмоқда. Ушбу халқаро конференция ҳам ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, кутубхона тизимини замонавий асосларда ривожлантириш, китобхонликни тарғиб қилиш ва ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.

М. МИРЗААБДУЛЛАЕВ

Улашинг: