1929 йилда матбуот тармоғи район (туман) газеталари ҳисобига кенгайган. Бунга Ўзбекистон К(б)Пнинг 1925 йилда ўтказган 1 съезди асосий масалалар билан бирга маҳаллий матбуотни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун қабул қилган тегишли қарори сабаб бўлганди. Бундан 90 йил аввал 1929 йил ташкил топган «Социализм байроғи» газетасининг 1 январь 1933 йилда чоп этилган сони нусхаси собиқ Иттифоқнинг давлат кутубхонасидан кўчириб олиб келинган. Шунингдек 90 йил давомида газетанинг «Социализм байроғи», «Большевик», «Коммунист» номларида чоп этилган сонлари кўчирма нусхалари ҳам таҳририятда сақланмоқда.
1929 йилда республикада 4 та район газетаси нашр қилинган бўлса, шулардан бири туманимизда чиқа бошлаган эди. У шу номда 1 мартгача босилган ва 1935 йилдан «Большевик» номига ўзгарган. 1953 йил 22 март ойидан «Коммунист» номи билан 4000 нусхада чоп этилган. Бу газета шу номда 1960 йилнинг 1 январигача нашр қилинган. Шу кундан бошлаб «Пахтакор» номи билан босила бошлаган ва Пахтаободнинг «Пахта учун» газетаси ўрнига ҳам нашр қилинган. 1962 йил 17 июндан бошлаб газета Ўзбекистон КП Андижон вилояти область комитети ва меҳнаткашлар депутатлари область советининг органига айлантирилган. Бу билан биз ҳозирги «Пахтакор»чилар ўзимиздан аввалги жамоаларнинг ва газетанинг обрў-нуфузи билан ҳамиша фахрланиб келганмиз ва бу мавқени ҳозиргача республика туманлари газеталари орасида ўзига хос ўрнини сақлаб келяпмиз десак мутлақо ҳақлимиз.
Газетанинг бошловчи муҳаррирлари Тўйчибой Холмуҳаммедов ва И. Мавлоновлар бўлган. Газета фаолиятининг кейинчалик тикланишида исломшунос олим, фалсафа фанлари доктори Муталлибжон Усмоновнинг хизматлари беқиёс бўлган. Ундан кейинги йилларда газетага Р. Бойматов, И. Мусабоев. Р. Раҳмонов, Ю. Мамажонов, О. Холдоровлар муҳаррирлик қилган. Аввалда газетада ишлаган А. Ирисқулов ҳамда О. Раҳимовлар урушдан қайтиб келмаганлар.
Кейинчалик Иброҳимжон Турғунов, Иброҳимжон Набихўжаев, Вали Гайнуллинлар ишлаган. Иброҳимжон Юсупов, Вахобжон Дадабоев, Мизробжон Ориповлар даврида газета янада юқори поғоналарга кўтарилган. Шу даврдаги жасур, билимдон балиқчилик Жонибек Мадумаров, Жонибек Қўчқоров, Асадулло Ҳалилов, Набижон Мўминовлар фаоллик билан меҳнат қилганлар.
1965 йилдан кейин газетага Муҳаммаджон Ўролов муҳаррирлик қилди. Ўша даврларда газетада ва газетани тайёрлашда Хотамжон Жўраев, Козимжон Охунов, Абдураҳим Абдураҳмонов, Иброҳимжон Маҳкамов, Абдусаттор Абдуллаев, Турғун Шаропов, Ҳомиджон Турғунов, Эргашали Мақсумов, Қўлдошбой Хожиматов, Зокиржон Юнусов, Муроджон Султонов, Набижон Шамсуддинов, Маҳаммаджон Мирзаабдуллаев, Ҳалимжон Тоҳиров, Обидахон Йўлдошева, Абдулғани Даминов, Абдуваҳоб Нурматов, Жўрабек Мамажонов, Илҳомжон Эгамназаров, Козимжон Рашидов каби журналистлар ва Шуҳратбек Қодиров, Патидин Даминов, Абдуқаҳҳор Исмонов, Ҳомиджон Расулов, Мирзажон Убайдуллаев, Қутбиддин Тожибоев, Абдуазиз Исмоилов каби кўплаб матбаачилар «Пахтакор» газетасини тайёрлашда ва тарғибот, ташкилотчилигини таъминлашда фаол ва жонсараклик билан ёндошдилар. Энг муҳими уларинг кўплари таҳририят қошидаги мухбирлар мактабидан чиқиб бақувват ва иқтидорли журналистлар бўлиб танилдилар. Ўз касбига фидойилик билан ёндошдилар. Таҳририят «қозонида» қайнаб тобланган Қамчибек Кенжабоев бугунги кунда танилган ёзувчи, АДУнинг фахрий профессори, бобуршунос олим. Абдуваҳоб Нурматов маънавият ишлари бўйича вилоят ҳокими ўринбосари, Абдуллажон Комилов, Жўрабек Мамажонов (марҳум) муҳаррир бўлиб ишлашган. Абдулғани Даминов вилоят ҳокимлиги нашри бўлган «Андижоннома» газетаси муҳаррири вазифасида ишлаб газетани республикада юқори поғонага кўтарган. Ҳозирда туманимизнинг «Пахтакор» газетаси муҳаррири вазифасини бажармоқда. Шу кунгача республикада туманлардаги отахон газета сифатида «Пахтакор»чиларнинг 60, 80 йилликлари тантанали нишонланди. Шунча йиллар давомида халқ хизматида бўлган газетанинг ва унинг жамоаси меҳнатлари қадрланди. Таҳририят журналистларининг қалами ортида қанча йиллар ўзгаришлар, фидойи инсонларнинг меҳнати, журналистларнинг, мухбирларнинг оғир ва захматли меҳнати ётибди. Журналистнинг нони тошдан қаттиқ, қалами кетмондан оғир дейилади. Бу касбни эгаллаб меҳнат қилган ижодкорлар ичидан республикамизда танилган раҳбарлар етишиб чиққан. Улар ҳақида батафсил тўхталмадик.
Халқ хизматида салкам бир аср меҳнат қилган ва ҳамон меҳнат билан, тарбиялаш, маънавиятни ривожлантириш, тарғиботчилик, ташкилотчилик борасида, ислоҳотларни изчил амалга оширишда собит турган «Пахтакор» таҳририяти журналистлари ҳамон изланишда, халқ хизматида.
Йўлдошмирза ИСОҚЖОНОВ,
Халқаро «Олтин қалам» соҳиби