Туманимиздаги кўп тармоқли «Избоскан етти хазина» фермер хўжалиги боғдорчилик, балиқчилик билан шуғулланади. Эндиликда улар қаторига чеварчилик ҳам қўшилди.
Фермер хўжалигига Ўткирбек Болтабоев раҳбарлик қилади. 4 гектар ерга гилос, олма, олхўри каби бир қатор мевали дарахт кўчатлари экилиб парваришланмоқда.
Бир гектар ерда 140 минг дона «Африка лаққаси» боқилмоқда. Шу билан бирга балиқларни парваришлаш ва ўз-ўзини таъминлаш мақсадида чавақларни етиштириш йўлга қўйилган.
Тадбиркор опа-сингиллар Муҳаббатхон, Раънохон Мухторовалар «Нилуфар идеал текстиль» тикувчилик цехини очганлиги кўплаб хотин-қизларимизнинг иш билан таъминлади. Янги жойда иш бошлаган 60 нафар аёл 10 хилга яқин эркак ва аёллар ҳамда болалар уст-бошлари, турли чойшабларни сифатли тикиб тайёрламоқдалар.
Бунинг учун Ўткирбек Болтабоев 4 миллиард сўм ўз ҳисобидан ҳамда 900 миллион сўм кредит маблағини сарфлади. Тикувчилик цехининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева иштирок этди. У шу ерда фаолият бошлаган хотин-қизлар билан мулоқотда бўлди. Чевархонадаги тикиш, дам олиш хонаси, ошхона ва бошқа шарт-шароитлар билан танишди. Опа-сингил тадбиркорлар ва чевар хотин-қизларга иш фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилади.
М. РУСТАМОВ