Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Нега «Атлас» масаласи кўтарилди?

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи давомида бўлиб ўтган йиғилишда Пойтуғ «Атлас» фабрикаси фаолиятини тиклаб, ишчи ўринлари яратиш масаласи кўтарилган эди.

Сўзимизни аввало ана шу фабрика тарихидан бошласак. Бир вақтлар нафақат Ўзбекистон, балки собиқ Иттифоқ миқёсида довруғи таралган Марғилон «Атлас» аврли шойи газламалар тўқиш бирлашмасига филиал бўлган бу фабрика Енгил саноат вазирлигининг 1978 йил 27 январдаги буйруғига асосан ишга туширилган эди. Мақсад аҳоли зич жойлашган жойда қўшимча ишчи ўринларини яратиш эди. Ўша даврда бу кўзланган мақсад ўзини оқлади. Кейинчароқ миллий газламаларга талаб ошганлиги, истеъмолчиларнинг талабларини янада қондириш мақсадида 171 та тўқув дастгоҳлари ўрнатилиб, тўқимачилик ишлари ривожлантирилди. 1981 йилда 198 та қўшимча тўқув дастгоҳлари ўрнатилди. Ишлаб чиқариш қуввати 5 миллион погонометр эни 0,9 метр бўлган газлама ишлаб чиқаришга мўлжалланди. Шу йили фаб­рикада меҳнат қилаётган 922 нафар ишчи-хизматчиларнинг болалари учун 140 ўринли замонавий, ҳар томонлама шарт-шароитларга эга болалар боғчаси ҳам фойдаланишга топширилди.
Фабрика даставвал иш бошлаганида фақатгина 2 турда маҳсулот ишлаб чиқарарди. Булар чорсибоп шойи ва беқасам эди. Аста-секин бу 7 хилга кўпайиб, сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилаётгани учун ўта харидоргир бўлди. Лекин ишлаб чиқариш хом ашёлари Красноярск ўлкаси, Киев, Клин, Арись шаҳарчаларидаги фабрикалардан сотиб олинарди. Албатта бу кўриладиган соф фойдага таъсирини ўтказмай қолмасди.
1986 йилда мустақил равишда Пойтуғ аврли шойи газламалар тўқиш фабрикасига айланди. 1987 йилда хўжалик ҳисобига ўтиш мақсадида Наманган аврли шойи газламалар тўқиш фабрикасига филиал қилиб қўшиб юборилди. Кейинчалик бу фабриканинг хом ашё муаммоси билан ишлаб чиқариши издан чиқа бошлади. Уни янада ривожлантириш, олдинги довруғини тиклаш борасида интилишлар, изланишлар бўлмасин, бош­қарувнинг бир неча турларига айланмасин фаб­риканинг қадди тикланмади.
922 нафар ишчи-хизматчи, идора ходимлари билан салкам 1000 нафар инсон меҳнат қилган бу фабрика кўзланган натижани бермай қўйди. Аҳолининг зичлиги, ишсизлик етарлича борлиги, хотин-қизларнинг иш билан таъминланиши муаммолиги, фабриканинг каттагина қисмидан фойдаланиш кооэффицентининг пастлиги Президентимиз билан бўлган учрашувда ана шу масаланинг кўтарилишига сабаб бўлганди.
Ҳозирда «MAX TEXTILE» МЧЖга қарашли бу салоҳиятли объектда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бинонинг асосий қисми томи профнастиль руҳ тунука билан ёпилиши якунига етказилмоқда. Бу ерда «Ип-газлама матоларини тўқув», «Тикув-трикотаж», «Пахта толасини қайта ишлаш» цехларини ташкил этиш лойиҳаси устида ишланяпти. Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллион 50 минг АҚШ доллари бўлиб, шундан 1 миллион 550 минг АҚШ доллари тадбиркор, банк кредити 3 миллион 500 минг АҚШ долларидан иборат.
Шундан «Ип-газлама матоларини тўқув» цехи лойиҳасининг умумий қиймати 4 миллион 300 минг АҚШ доллари бўлиб, бу цех ишга тушгандан кейин сатин, бўз, саржа ва диогнал матолари тўқиш мўлжалланган. Йилига эни 2,40 метр бўлган 6 миллион погонометр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Яратиладиган янги иш ўрни 120 нафарни ташкил этади.
2160 квадрат метр жойни эгаллаган «Тикув-трикотаж» цехи лойиҳасининг умумий қиймати 600 минг АҚШ доллари. 380 нафар янги иш ўрни яратилиши белгиланган. «Пахта толасини қайта ишлаш» цехининг 600 квадрат метри учун лойиҳада 150 минг АҚШ доллари кўрсатилган.
–Навбати билан барча томлар ва цехларнинг таъмири охирига етказилади,–дейди МТМ МЧЖ директори Толибжон Қодиров. –Йилнинг охиригача барча цехларни ишга тушириш ниятимиз бор. Бу жойлар ишга туширилса 510 нафар аҳоли иш билан таъминланади. Демак азиз жойларнинг аввалги шуҳрати яна тикланади. Президентимиз ташрифи чоғида кўтарилган масала ўз ечимини топади.

М. МИРЗААБДУЛЛАЕВ,
Й. ИСОҚЖОНОВ,
М. РУСТАМОВ,
“Пахтакор” мухбирлари

Улашинг: