Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Саховат дилларимизга нур, қалбларимизга ҳаловат олиб кирмоқда

Бу йилги Ҳайит байрамимиз шукуҳ, шукроналарга бой бўлди. Зеро, Рамазони шариф кечаларида масжид­ларимизнинг намозхонлар билан тўлиб тошгани бунинг яққол дилилидир. Дунёдаги барча мусулмонлар қатори юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳам бу улуғ айёмларни катта шодиёна ва хурсандчилик билан ўтказдилар.
Ислом динимиз наздида “хайру саховат” деганда, албатта, биринчи галда “муҳтожларга ёрдам бериш” тушунилади. Бу борада Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:
“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сурати, 261-оят).
Аллоҳ таолонинг марҳамати билан ўтган ҳайит билан бу йилги ҳайитимиз ўртасида юртимизда барчамизни хурсанд қиладиган кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлди. Ривожланиш ислоҳотлари кунма-кун кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Шаҳар-қишлоқларимиз янада чирой очиб, обод бўлмоқда. Давлатимиз томонидан диний қадриятларимизга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муборак Рамазон ойи кунларида азим Тошкентнинг марказида “Сузук ота” ва “Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” номидаги масжид-мажмуаларининг очилиши юртдошларимизнинг янада қувончига қувонч бағишлади. Бунинг учун Яратганга янада кўпроқ ҳамду сано айтишимиз лозим бўлади. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”, деб марҳамат қилади. (Иброҳим сураси, 7-оят).

Салимжон ЮНУСОВ,
туман бош имом хатиби

Улашинг: