Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Кимдир обод қиляпти, кимдир вайрон…

Кейинги кунларда туманимиз маркази гулларга бурканиб гўзаллашмоқда. Айниқса Тошкент бекати деб ном олган жой аввал кўримсиз, дилни хира қиладиган жой эди. Энди эса чиройли панжаралар билан ўралиб, чангиб ётган жойларга яшиллик билан кўзни қувнатадиган манзара вужудга келди. Айниқса темир йўл томонга йўлнинг ўнг томонига турфа гуллар экилиб, пиёдалар тепалаб, қўриққа айлантирган қисми гулзорга айланди.

Аммо, куни кеча фуқаролар бозорга айлантириб олган йўлакчага кўзимиз тушиб, кўнглимиз ғаш бўлди. Тўп-тўп ахлат уюмлари, қоғоз қутилар бўлаклари, бутун ва синиқ бетон ғиштлар, синиб кўримсиз холатга келиб қолган брусчаткалар. Хуллас “кунда шунда”ги бозорчилар қолдирган маиший ахлатлар тўлиб ётганди. Ўйлаб кўрайлик туманга бошқа жойлардан ёки вилоятимиз ҳудудларидан келаётган меҳмонлар бу аҳволни кўриб, “аттанг, Избосканга киравериш шунчалик бўлса бошқа жойлари қандай экан” деб баҳо беришмайдими?
Туман ҳокимлиги ободончилик бўлими томонидан бу жойларни обод қилиш учун қанча меҳнат, маблағ сарфланди. Бу меҳнатларга «лой чаплаб» ўз манфаатларини ўйлаганларни ёки қонунга зид бозор қилаётганларни наҳотки тартибга келтириш қийин бўлса? Хуллас фикримиз шуки яратилаётган гўзаллика “чипта ямоқ” туширмайлик.

Йўлдош Мирза

Улашинг: