Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонун — иқтисодий барқарорлик кафолати
Бозор иқтисодиёти шароитида корхона ва ташкилотларнинг молиявий барқарорлиги муҳим аҳамиятга эга. Айрим ҳолларда иқтисодий қийинчиликлар, бозордаги ўзгаришлар ёки бошқа омиллар сабабли хўжалик юритувчи субъектлар ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажара олмаслиги мумкин. Ана шундай вазиятларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мақсадида тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонун қабул қилинган.
Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширилишининг ҳуқуқий асосларидан бири Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни 2022 йил 12 апрелда қабул қилинди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни ўз кучини йўқотди.
“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни билан юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади.
Қонуннинг амал қилиши давлат муассасаларига ва бошқа нотижорат ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди, бундан матлубот кооперативи ёки ижтимоий фонд шаклидаги фаолиятни амалга ошираётган юридик шахслар мустаснодир.
Тўловга қобилиятсизлик деганда, суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажаришга қарздорнинг қодир эмаслигига тушунилади.
Тўловга қобилиятсизлик қачонки, унинг аломатлари бўлган тақдирда тан олиши мумкин. Тўловга қобилиятсизлик вақтинчалик ва доимий аломатлардан иборат бўлади.
Вақтинча тўловга қобилиятсизлик — агар тегишли мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса олти ой ичида бажарилмаса, судга мурожаат этиш санасида қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслигига олиб келадиган ушбу аломатларда кўринади.
Доимий тўловга қобилиятсизлик — агар судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида, агарда ариза йилнинг биринчи чорагида берилган бўлса, ўтган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетган аломатларидир.
Қайд этилган қоидалар жисмоний шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда қўлланилмайди.
Бунда, қарздор жисмоний шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор жисмоний шахс томонидан бажарилмаган ҳамда қарздор жисмоний шахсга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз баробарини ташкил этса, қарздор жисмоний шахснинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари ҳисобланади.
Агарда, тегишли мажбуриятлар ва тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор якка тартибдаги тадбиркор томонидан бажарилмаса ҳамда қарздор якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида икки юз бараварини ташкил этса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантириш ва солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажариш имконияти йўқлиги қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг тўловга қобилиятсиз эканлигининг аломатлари бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (ЎзР ИПК) нинг 3-моддасида “Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга шу кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли” деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунига кўра қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга.
Бундан келиб чиқадики, қонунчиликка кўра тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш фақат иқтисодий судларга тааллуқли бўлганлиги туфайли, суд бундай ишларни кўриб чиқиб ҳал қилишда иқтисодий процессуал кодекси билан параллел равишда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунини ҳам биргаликда қўллайди.
Бу эса, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларнинг ўзига хос жиҳатлари бўлиб кўринади.
Шунингдек, тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонун иқтисодиётда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. У молиявий инқирозга учраган корхоналарни тиклаш имкониятини яратиб, иш ўринларини сақлаб қолишга ёрдам беради. Шу билан бирга, кредиторларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш орқали иқтисодий муносабатларда ишончни мустаҳкамлайди.
Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонун қарздор ва кредиторлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Унинг асосий мақсади иқтисодий субъектларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, қарздорларни тиклаш имкониятини яратиш ва кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат. Мазкур қонуннинг самарали қўлланилиши мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Хўжамбердиева Мохинабону Шухратовна,
Андижон туманлараро Иқтисодий суди судьяси
***************
ЭЪЛОН
«ИЗБОСКАН МАШИНА ТРАКТОР ПАРКИ»МЧЖ нингжаият улушчиларининг умумий йиғилиши 2026 йилнинг 30 июнь куни соат 11.00 да Пойтуғ шаҳри, Бобур кўчаси, 1-уйда жойлашган жамиятнинг маъмурий биносида бўлиб ўтади.
«Избоскан МТП» МЧЖ маъмурияти
