Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ЕРДАГИ ЖАННАТ

Ҳозир жуда бахтлиман. Бир кун келиб Аллоҳ мени мана шундай шодликка кўмиб ташлайди, деб ўйламагандим…
Севиб турмуш қурдим. Олти йилим гоҳ ғамгин, гоҳ бахтиёр ўтди. Шу вақт ичида тўрт фарзадимизни тупроққа бердик.
— Мен ота бўламан! Бунисини асраб-авайлаймиз, албатта, қўлингга оласан, — дерди эрим ҳомиладор бўлганимда.
Афсуски, уйдагилар мени кафтида асраса-да, барибир болаларимиз тўққиз ойга етмасдан ўлик туғиларди.
Чексиз орзуларимиз, ҳадсиз умидларимиз бир зумда чиппакка чиқарди. Кейин қайнонам жанжал қила бошлади:
— Сен соғломсан. Хоти­нинг­нинг қандайдир касали бор. Шунинг учун боласи ўлиб қолади. Ажраш! Шу вақтгача боланг бўлса, чоп­қиллаб, ўзингга эргашиб қоларди.
— Ойи, бу Худонинг иши. Болани бериш ҳам, олиш ҳам унинг измида. Аллоҳдан устун келолмайсиз-ку!
— Ажраш! Мана кўрасан, бир йилга қолмай болали бўласан.
Эрим бир йил давомида икки ўт орасида яшади. Аммо менга лом-мим дегани йўқ. Чидолмадим. Уни ўзим ташлаб кетдим. Ҳеч қанча вақт ўтмай қайнонам ўғлини уйлантирди. Ўша кунларимни эсласам… Ахир мен уни жонимдан ортиқ севардим. Ўзим ташлаб келган бўлсам-да, қандайдир умид билан яшаган эканман. Уйланяпти, дейишгандаёқ, ичимда бир нарса узилгандек бўлди. Аламимни сездирмаслик учун кундузи кулиб юрардим.
— Эринг уйланаётганмиш. Эшитдингми? — ҳайрон бўлиб сўрайди қўшнилар.
— Эшитдим. Уйланади-да! Уйлансин, фарзандли бўлсин, деб ўзим ташлаб келдим-ку!
Ҳа, уни ўзим ташлаб келгандим. Аммо бир умрга эмас. Қачондир қайнонам инсофга келишига, эрим мени соғиниб, олиб кетишига ишонардим. Афсус…
Кечалари дод солиб, хуморимдан чиққунча йиғлагим келарди. «Нега мендан осон воз кечдингиз? Мендан кечганингиз рост бўлса, озгина сабр қилишингиз ёки менга уйланаётганингиз ҳақида айтишингиз керак эди-ку! Турмушга чиққанимдан кейин уйлансангиз бўлмасмиди? Ҳеч қачон сиздан олдин турмушга чиқмаслигимни билгандирсиз-да!»
Ана шундай азобли кунларимда менга ҳам совчи келди. Саккиз ой аввал хотини туғруқ вақтида вафот этган эркакдан. Бир бор онасини эммаган чақалоқдан ташқари яна тўрт нафар боласи бор эмиш.
— Вой ўлмасам, йигирма олти яшар қизимни беш болали одамга бераманми? — деди онам юраги ёрилиб. Отамнинг ҳам кўнгли чопмади.
— Ойи, ўша одамга тегаман, — дедим.
— Эсингни едингми? У беш боланинг отаси-ку.
— Нима бўлибди? Бешта ажал эмас-ку! Бола… норасида гўдак улар…
— Ўгайликнинг азобини билмайсан-да!
— Ҳозирги азобимни билмайсиз-да, ойи, — йиғлаб юбордим, — кечалари мени ухлайди, деб ўйлайсизми? Эр бермоқ — жон бермоқ, дердингиз-ку ўзингиз. Мен бир кечада минг бор жон беряпман. Ундан кўра кечаси билан ўша саккиз ойлик болани тебратиб, овунганим яхши эмасми?
— Қолгани-чи, эсини билиб қолган улар. Каттаси ўн икки ёш экан. Беш болани, эрни, қайнонанинг кўнглини топа оласанми?
— Ёлғиз қолмасам бўлди…
* * *
Мени тўрт хотингина узатиб кетди. Ойим юм-юм йиғлаб қолди ортимдан. Негадир кўзимга ёш келмасди. Хаёлимда бегона жойга борсам, ҳаммаси унут бўладигандек.
— Ёдгора ўсмай қолди, — деди эрим саккиз ойлик бўлса-да, ҳали йўргакда ётган, уч ойлик гўдакдек чақалоқни қўлимга тутқазаркан. — Роса қийналди. Шу бола учун онасининг йилини етти ойда ўтказиб, сизга уйландим.
«Шу бола учун…» эримнинг илк гапиёқ менинг уларга бегона, ҳеч ким эмаслигимни билдирди. Нималар қилиб қўйдим? Бир азобим мингга айланмасмикан?
Шу хаёллар билан гўдакни қўлимга олдим. Юзлари кир, озғин, сут ва ниманингдир аралаш ҳиди келаётган, йиртиқ сўрғич эмганча ухлаётган қизалоққа раҳмим келди. Эшик олдида катта-кичик тўрт бола менга ёвқараш қилиб турарди. Эримнинг ҳам нигоҳи менда. Нима қилишни билмайман. Чақалоқ уйғоқ бўлса ҳам майли эди, гапириб вазиятдан чиқардим. Шу пайт болалар ичида энг каттаси, қарашлари ўткир қиз олдимга югуриб келди:
— Беринг, ўзим қарайман!
— Зилола, ундай қилма, қизим. Бу киши энди онанг бўлади. Қараб ўргансин, — деди эшикдан кириб келган қайнонам хижолат тортгандек. Кейин ёнимга ўтириб болаларни таништирди: — Бу катта қизинг Зилола. Ундан кейин уч ўғлинг бор. Тўполончилар. Каттаси Сардор, кейин Диёрбек, кичкинаси Камолиддин. Бу — Ёдгора. Қизимга ҳамроҳ бўлсин, деб онаси шўрлик…
Қайнонамнинг овози тит­раб, йиғлади. Шундан билдимки, кундошимни яхши кўрган экан. Наҳот, қайноналар келинни шунақа яхши кўрса? Балки қайнонам фарзандим туғилмасиданоқ нобуд бўлавергани учун мени ёмон кўргандир?
* * *
Шундай қилиб, оила аъзоларим билан танишиб ҳам олдим. Биринчи ишим уй тозалаш бўлди. Унгача Ёдгорага Зилола билан қайнонам қаради. Ҳамма жойни чиннидек қилгунимча кеч кириб қолди. Чунки саккиз ойда рўзғорда аёл бўлмагани сезилиб қолганди. Қайнонам билан Зилола наридан-бери йиғиштириб юрган бўлса керак. Кечки овқатни солиб, ўғилларимни чўмилтира бошладим. Ўғилларим! Учта ўғлим бор менинг. Чўмилтираётганда юрагимда фахрми, меҳрми уйғонди. Аллоҳим, ўзингга шукур, мени бир зумда беш болали онага айлантирдинг.
Шўрлик болаларнинг тоза кийими йўқ экан. Излаб-излаб, фақат ички кийимларини кийдирдим. Овқатлантириб, ухлатдим. Шу вақт мобайнида улар менга бир оғиз ҳам гапиришмади. Охири, Ёдгорани ювинтирмоқчи бўлдим. Ечинтириб қўрқиб кетдим, шу қадар озғинки…
Ухлатиш олдидан Зилола овқат кўтариб келди:
— Картошкасини эзиб едирайлик.
— Бу ҳали кичкина. Сут берсак-чи!
— Сигиримизнинг сути кам. Тугади.
Шўрлик бола. Ҳали ошқозони ҳам яхши ривожланиб бўлмагандир? Қандай қилиб овқат едираман, бунга? Зилоланинг гапига кириб озроқ эзилган картошка едирдим. Орқасидан ширин чойни кўпроқ ичирдим. Ича туриб ухлаб қолди. Зилола олиб бешикка белай бошлади. Бечора қизча… Ўзи ҳали гўдак-у, бола қараб юрибди… Ичим эзилиб кетди. Ҳамма ухлагани ётди. Мен хаёл суриб қолдим.
— Ухламайсизми?
Эримнинг гапидан юрагим орқага тортиб кетди. Наҳот… Мен аҳмоқ бу ерга келаётиб фақат болалар ҳақида ўйлабман. Эрим ҳақида бир бор бўлса-да, фикр юритмабман. У билан қандай яшайман? У энди жуфти ҳалолим… Даҳшатга тушдим. Шошиб болаларнинг кийимини йиғиб, ювишга киришдим.
— Эртага юварсиз… — эрим мени кутарди. Мен эса… Қочиб кетсаммикан?
— Ҳозир ювиб қўймасам бўлмайди. Эрталабгача қуриши керак. Болаларнинг эрталаб кийишга кийими йўқ.
Шу пайт бақувват қўллар елкамни сиқди:
— Раҳмат сизга! Болаларимга шунчалар меҳрибон бўласиз, деб ўйламагандим.
У шундай дея кириб кетди. Ярим кечасигача кир ювиб, уйга кирдим. Зилола уйқусираб бешик тебратарди.
— Ухла, болам, — бу сўз юрагимнинг туб-тубидан чиқди. — Синглингга ўзим қарайман.
Ёдгора кечаси билан ғингшиб чиқди. Нима қилай, қорни оч. Ширин чой қилиб ичираман, бир соатда яна уйғонади. Ухлагандай бўлмадим. Зилола шу пайтгача қандай қаради экан? Шўрлик, Ёдгора ҳар йиғлаганда сакраб туради. Мени кўриб яна ётади.
* * *
Эрталаб сигирни ўзим соғ¬дим.
— Вой-ву, сигиримизнинг сути кўп чиқибдими? — кўзлари чақнаб кетди Зилоланинг.
— Аввал қанча чиқарди?
— Камгина, бир коса… Ёдгора уни эрталабнинг ўзида ичиб қўярди, — Зилола негадир мендан тортинмасди.
— Бувинг соғармиди?
— Йўқ. Бувимнинг бели чидамайди. Мен соғардим.
— Сенинг эса нозик қўлларинг чидамаган, болам…
У менга ярқ этиб қаради.
Ростдан ҳам Зилоланинг сигир соғишга кучи этмаган экан. Кечқурун ҳам сигир кўп сут берди. Ёдгорани бемалол кечаси билан тўйдирсак бўларди. Бундан хурсанд бўлсам-да, кеч тушишини истамасдим. Кеча эрим ухлаб қолди. Бугун-чи? Бугун нима қиламан?
Кеча Ёдгорани ювинтираётиб шамоллатиб қўйган эканманми, кечга бориб иссиғи чиқди. Тинмай йиғларди. Дори бериб, у уйдан-бу уйга кўтариб аллаладим. Қани ухласа… У ухлагунча эрим ҳам ухлаб қолди. Енгил нафас олдим. Ёдгора тинчлангач, бешик ёнига чўзилдим…
Кимдир сочимни силади. Кўзимни очсам эрим… Қўрқиб кетдим.
— Чарчадингизми? Тонг отганини ҳам сезмадингиз. Ёдгора ҳам ухлатмади-да, сизни… — у шундай дея чиқиб кетди.
Уйғотиш учун сочимни силабди-да…
* * *
Бир ҳафтача фақат болалар билан овунибман. Ёдгора ҳам менга анча ўрганиб қолди. Эрим эса… У мени тушуняпти. Ёдгорани ухлатгунимча ухлаб қолади. Бешик ёнида ётаман. Бир куни ярим кечаси қўрқитиб юборди. Устимга кўрпа ёпаётган экан, уйғониб кетдим. Мени титроқ босди.
— Совқотиб, гужанак бўлиб олибсиз. Кўрпангизни болалар тортиб олибди. Мана шу кўрпани алоҳида ёпиниб ётинг… — у шундай дея яна ўз ўрнига чўзилди.
Ўша онда унга ҳам раҳмим келди, ҳам меҳрим товланди.
Эрталаб сигир соғаётганимда катта ўғлим Сардор молларга ўт солаётганди. Қарасам, молхона ёнига ўтларни қуритиш учун суяб қўйилган ёғочлар секин сурилиб, ағнаяпти. Жон ҳолатда югуриб бориб Сардорни тортдим. Аммо…
Кўзимни очсам, уйда ётибман. Ҳамма бошимда ўтирибди. Сардорнинг кўзлари қизарган. Эримнинг кўзида ҳавотир.
— Нега югурдингиз? — яна йиғлади Сардор. — Ёғочлар менга тегмасди…
— Қўрқитиб юбордингиз… — эрим бошимни кўтариб, пиёлада сув тутди. — Ўн беш дақиқача ҳушсиз ётдингиз. Ёғоч бошингизга тегибди. Сардор роса йиғлади, қўрқиб кетибди.
— Сиз боймасангизам, акам ўжи қочоласти…- тили чучук Камолиддиннинг гапидан ҳаммамиз кулиб юбордик. — Сижди дадам кўтайиб телди.
Унинг охирги гапидан эрим қизариб, чиқиб кетди. Мен болалар билан қолдим. Худойим, мени қанақа жойга юбординг? Ердаги жаннатми, бу! Отасидан боласигача уятчан, меҳрибон, кўнгилчан.
Оёғим ҳам лат еган экан. Икки кун ўрнимдан туришим қийин бўлди. Эрим суяб турғизар, етаклаб юрарди. Кечқурун овқатни қайнонам билан Зилола сузди.
— Бу овқатни аянгга олиб бор, — қайнонамнинг гапидан ғалати бўлиб кетдим. — Камоллиддин, сен ҳам бу ерда ўралашавермай уйга кир. Ма, қошиқни аянгга бер.
Камолиддин ўзига ўзи гапириб келди:
— Қосиқти, аямга беяман, аямга беяман… — Менинг олдимга келди-ю, қотиб қолди.
— Кимга берасан? — сўради эрим кулиб.
— Аямга… — болакай қизариб ерга қаради. Мен йиғлаб юбордим.
Соғайгунимча орамизда умуман бегоналик ҳисси қолмади. Эримга ҳам ўргандим…
* * *
Етимларнинг бошини силаганим учун Аллоҳ мени сийлади. Бир йил ўтиб, эгизак фарзандли бўлдим. Соғлом, бир ўғил, бир қиз. Туғруқхонадан келганимизда, уйда байрам бўлиб кетди.
— Фотима менга ўхшаркан, — чақалоқни қўлига олди Зилола. — Ая, бу мунча кичкина.
— Буниси менга ўхшайди, — деди камгап Диёрбек.
— Яна битта олиб келмабсиз-да, ўша менга ўхшарди, — тўғри гапира бошлаган Камолиддиннинг гапи ҳаммасидан ошиб тушди.
Ёдгора эса пинжимга суқилди. У ахир бир ҳафта менсиз ухлаб, соғиниб кетган…
Наргиза УСАНБОЕВА.

Улашинг: