Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Фаровон ҳаёт сари қадам

Фаровон ҳаёт сари қадам
“Камбағалликдан фаровонлик сари” — бу Ўзбекистонда 2024 йил 23сентябрда жорий этилган миллий дастур бўлиб, камбағалликни бартараф этиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган. У маҳаллий ва миллий даражада тўпланган тажриба ва илғор халқаро амалиёт асосида ишлаб чиқилган ва Республика комиссияси томонидан назорат қилинади. Ҳўш, “Истиқлол” маҳалласида бу дастур қандай бажарилмоқда? Бу ҳақда суҳбатдошимиз — маҳалла ижтимоий ҳодими Сайдахмедов Саидисломхон Акбархон ўғли шундай ҳикоя қилади:

—Юртимизда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш ва барча фуқароларга муносиб яшаш шароити яратиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Президентимизнинг “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори эса ана шундай ишларнинг муҳим таянчига айланди.
“Истиқлол” маҳалласи “Озодлик” кўчасида яшовчи Абдуқаҳҳор Эргашев — учинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган оила бошлиғи. Турмуш ўртоғи Махлиёхон опа ҳам вақтинча ишсиз бўлиб, уч нафар вояга етмаган фарзандни боқиш масъулияти ва ҳаётнинг турли муаммолари оилани моддий жиҳатдан мураккаб аҳволга солганди. Даромад манбаи сифатида фақат болалар нафақаси бўлган бу оила 2024 йили камбағаллик реестрига рўйхатга олинди.
Оилани оғир аҳволдан олиб чиқиш учун маҳалла ҳоким ёрдамчиси, ижтимоий ҳодим ва бошқа мутасаддилар томонидан комплекс чора-тадбирлар белгиланди. Уларнинг дастлабки самараси сифатида Абдуқаҳҳор ака тумандаги агросаноат техникумига чилангир-сантехник лавозимига ишга жойлаштирилди. Бу оила учун биринчи барқарор даромад манбаи бўлди. Шу билан бирга 2025 йилнинг февраль ойида Махлиёхон опага чорвачилик фаолиятини йўлга қўйиши учун 33 миллион сўм миқдорида имтиёзли банк кредити ажратилди. Кредит асосида харид қилинган қора моллар ҳам оилага барқарор қўшимча даромад келтира бошлади.
Меҳр ва ғамхўрлик оилада ташаббускорлик ва ривожланишга туртки бўлди. Ёшлар дафтари орқали оиланинг фарзандларидан бири қўллаб-қувватланиб, оилага бепул инкубатор ускунаси топширилди. Ушбу ускуна ёрдамида ҳар ой 150 тагача парранда очириб чиқариш йўлга қўйилди. Бу озиқ-овқат таъминотини яхшилаш билан бирга оиланинг умумий даромадини янада оширди.
Махлиёхон опа ҳам агросаноат техникумига техник ходимhttps://paxtakor29.uz/wp-admin/media-upload.php?post_id=5981&type=image&TB_iframe=1 сифатида ишга қабул қилинди. Онаси — Азизахон опа Андижон шаҳридаги пайпоқ ишлаб чиқариш цехига ишга жойлаштирилди. Оиланинг энг кичик фарзанди — Абубакр давлат томонидан бепул боғчага жойлаштирилиб, натижада оилада фаровонликка йўл очилди ва Эргашевлар оиласининг ҳаёт тарзи бутунлай ўзгарди. Ўртача ойлик даромад 6 миллион сўмга етди. Бугун улар нафақат иқтисодий жиҳатдан мустақил, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам фаол ва меҳнатсевар оилалар қаторига кирмоқда.
Бу тажриба “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг ҳаётга татбиқ этилган самарали механизми, маҳаллаларда йўлга қўйилаётган ижтимоий хизматлар тизими, касбга йўналтириш ва молиявий кўмакнинг аҳамиятини яққол намоён этмоқда.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, фуқаролар ҳаётини яхшилаш, камбағалликни камайтириш борасидаги ҳаракатлар ўзининг амалдаги натижаларини бермоқда. Избоскан туманининг “Истиқлол” маҳалласидек кўплаб ҳудудларида ҳам бу каби ишлар изчил ва тизимли йўлга қўйилгани сабабли янада кўпроқ оилалар фаровон ҳаёт сари дадил қадам ташламоқда.

Улашинг: