Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

ДАВЛАТ ГЕРБИ-МУҚАДДАС ТИМСОЛ

 Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассамэтган. Ватаннинг ёрқин тимсолидир. Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта.

Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан рамзларини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.

Ҳаммамизга маълумки, ҳар бир давлатнинг Конституцияси, байроғи, герби, мадҳияси каби рамзлари мустақиллигининг муқаддас белгиларидир. Давлатимизнинг рамзлари Давлат байроғи (1991 йил), Давлат Герби (1992 йил), Давлат мадҳияси (1992 йил) қонун ҳужжатлари орқали мустаҳкамланган.

Республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон — шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир. Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.

Шу рамзлардан бири Давлат гербидир. Герб — бу бир давлатни бошқалардан ажратиб турадиган нишони, рамзи ва тимсолидир. Герб қайси давлатга тегишли бўлса, ўша давлатнинг тарихий анъаналарини ифодаловчи рамзий аҳамиятга эга бўлган тасвирлар йиғиндисидан иборат.

Давлатимиз герби 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган қонун билан тасдикданган. Шу сабаб, 2 июль – Ўзбекистон фуқаролари учун байрам сифатида қадрли ва унутилмас кунлардан бирига айланган:

Гербимиз давлатимизнинг сиёсий, миллий, хўжалик, жуғрофий, этник ва бошқа ўзига хос хусусиятларини ҳамда бой тарихий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Шунингдек, гербимизда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва давлат тузилиши тамойиллари ўзига хос тарзда ифода этилган. “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунга биноан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби республика давлат мустақиллигининг рамзидир.

Давлатимиз гербида халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажаги ўз аксини топган. Унда тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса миллий бойлигимиз пахта чаноқлари қийғос очилган ғўза шохларидан иборат чамбаракка ўралганлиги ҳамда гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туриши акс эттирилган.

Гербнинг юқори қисмида ҳурлигимизнинг рамзи сифатида саккизбурчак, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз, марказида афсонавий Ҳумо қуши тасвирланган. Пастки қисмида юртимиз Давлат байроғини ифода этувчи чамбарак тасмасига “Ўзбекистон” деб ёзиб қўйилган.

Биз учун суюк ва буюк ана шу заррин тасвирдаги ҳар бир чизиқ, ҳар бир ранг, ҳар бир белгида муайян рамзий маънолар мужассам.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербида ранглар жилосига ҳам алоҳида аҳамият қаратилиб, Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида, қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва “Ўзбекистон” ёзуви — олтин рангида, ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда, чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда, саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда, яримой ва юлдузлар — оқ рангда тасвирланган.

Гербда ўз ифодасини топган жаннатмакон диёримиз ҳусн-тароватига ишора этувчи манзаралардан тортиб, дарё, буғдой бошоғи, ғўза ва пахта чаноқлари халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидлари ифодаси, қуёш, ярим ой, юлдуз- жамиятимиз жипслиги белгиси, шунингдек, омад, ҳиммат, олижаноблик, эрксеварлик ва фидойилик рамзи бўлган афсонавий Ҳумо қуши — буларнинг барчаси миллатимиз, халқимиз ҳаёти, тарихи, руҳияти ва анъаналари билан чамбарчас боғлиқ тимсоллардир.

Бу тоғлар — юртимиз равнақи, истиқлолимизни таъминлаш ва халқимиз фаровонлиги, илму фанимиз, юксак маданиятимиз йўлида заҳмат чекиб, меҳнат қилган, ҳаттоки ўзларини фидо қилган ва бу йўлда фидойиликка тайёр инсонларнинг барҳаётлик сиймосидир.

Дарё — жаҳон тамаддуни ва илму фани ривожига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган, математика, тиббиёт, ҳуқуқ, адабиёт, ҳарбий санъат, давлат бошқаруви, ислом илми ва қолаверса илм-фаннинг деярли барча аниқ йўналишлари булоқларини очган буюк аждодларимиз, уларнинг бебаҳо меросидан самарали фойдаланган ҳолда тараққиётимизга самарали ҳисса қўшаётган олиму фузалолар ва зиёлиларнинг салоҳиятлари тимсоли сифатида гавдаланади. Улуғвор ва мустаҳкамлигини асрлар давомида исботлаб келган давлатчилигимиз, юксак маданиятимиз, буюк тарихимизни ҳам ўзида акс эттиргандек.

Порлаб турган қуёш – бой тарихга ва юксак маданиятга эга она халқимизнинг қалбидаги меҳр-оқибат, бағрикенглик, меҳмондўстлик, бардавомлик, шунингдек, кўҳна ва навқирон заминимиздаги тўкин — сочинлик, ободончилик, фаровонлик, пурнурлик рамзига ўхшайди.

Гербимизда марказий ўрин тутувчи афсонавий Ҳумо қуши рамзини халқимиз азалдан давлат қуши сифатида тасаввур қилиб келган. Заминимизда неча минг йиллар илгари пайдо бўлган афсоналарда Ҳумо гўзал қуш қиёфасидаги бахт, порлоқ тақдир ва бадавлатлик тимсоли ҳисобланган.

Шу маънода, Ўзбекистон халқларининг шон-шарафи, ғурури, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассамлаштирган гербимиз жонажон Ватанимизнинг бетакрор тимсоли, ўзига хос ва ўзига мос давлат рамзларидан бири бўлиб қолгани бекорга эмас. Чунки,гербимиз ҳамЎзбекистонимиз каби бетакрор. Ундаги ҳар бир тасвир, ҳатто ҳар бир чизиқда мамлакатимиз салоҳияти, халқимизнинг эзгу орзу-умидлари мужассам.

Давлат герби тасвири муҳрларда, жумладан божхона ходимларининг шахсий муҳрларида ва давлат идоралари, хусусан божхона органларининг махсус босма қоғозларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғоз ва облигацияларда, фуқаролик паспортларида ҳамда қонунда белгиланган бошқа ўринларда акс эттирилган.

Бу ўринда Давлат гербининг божхона органларидаги аҳамияти ҳам беқиёсдир. Гербимиз тасвири Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараларидаги чегара ўтказиш пунктларида, чегараларга ўрнатилган сарҳад устунларда ҳам ўрнатилган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербини ҳурмат қилишлари шарт. Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ҳурматсизлик Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда жазоланади.

Ўзини мана шу жаннатмакон юрт ва табаррук замин фуқароси, олижаноб ва бағрикенг халқнинг муносиб фарзанди деб билган, ўз мамлакати, меҳмондўст халқи билан чексиз фахрланган ҳар бир инсон гербимизни, шу сингари бошқа бебаҳо ижтимоий-сиёсий қадриятларимиз бўлган давлат рамзларимизни Ватанимиз каби азиз ва муқаддас деб эътироф этиши, эъзозлаши ҳам фарз, ҳам қарздир.

М.Мавлонов,

Избоскан туман Адлия бўлими

Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.

 

Улашинг: