Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Корпоратив низоларни судларда кўриб чиқилишининг ўзига хос хусусиятлари

Корпоратив низоларни судларда кўриб чиқилишининг ўзига хос хусусиятлари  

Маълумки, ҳар қандай давлатларда иқтисодий тизим асосан қуйидаги икки турдаги принциплар асосида ривожланади:

  1. Хусусий сектор субъектларининг фаолият кўрсатиши, бунда бозор механизмлари хусусий ташаббускорлик бўйича тартибга солиб турилади.
  2. Давлат мулкига асосланган иқтисодий сектор субъектларининг фаолият кўрсатиши, бунда ишлаб чиқариш давлат томонидан қатъий назорат қилиб борилади.

Хорижий ривожланган давлатларнинг тажрибаси шуни кўрсатдики, бозор қитисодиёти шароитида давлатнинг иқтисодий сектордаги тартибга солувчилик қанчалик кам бўлса, ривожланиш шунчалик кучлик бўлган. Демак, хорижий ривожланган давлатларнинг тажрибасидан келиб чиқсак, иқтисодиётни ривожлантиришда ишлаб чиқариш давлат томонидан қатъий назорат қилиб борилишидан кўра, бозор механизмлари хусусий ташаббускорлик бўйича тартибга солиниши мақсадга мувофиқ. Бироқ, иқтисодиётни бозор механизмлари хусусий ташаббускорлик бўйича тартибга солиш орқали ривожлантиришда корпоратив низоларни келиб чиқишига сабаб бўлади. Ушбу корпоратив низоларни судлар орқали тўғри ҳал этилиши, юридик шахс бўлган тадбирокрлик субъектларининг нормал фаолият юртишига олиб келади.

Корпоратив низо ўзи қандай низо, корпоратив ҳуқуқий муносабатлар субъектлари ким, бу низоларни қайси суд органлари кўриб чиқилади?

Корпаратив низо — бу корпоратив ҳуқуқий муносабат субъектларининг ўз фаолиятини амалга ошириши ва корпоратив ҳуқуқий муносабатларга киришиши жараёнида улар ўртасида юзага келувчи низолардир. Корпоратив ҳуқуқий муносабат субъектларига энг аввало акциядорлик жамиятларини, масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятларни, тўлиқ ва коммандит ширкатларни, ишлаб чиққариш коперативларини киритиш мумкин. Корпоратив муносабатлар – бу аввало муайян корпорациянинг ичида юзага келадиган ички муносабатлар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 30-моддасида корпоратив низолар бўйича ишларнинг турлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар жумласига қуйидагилар киритилган:

1) юридик шахсни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш билан боғлиқ низолар;

2) хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг, улушларнинг, кооперативлар аъзолари пайларининг мансублиги, уларга юкламалар белгилаш ва улардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни амалга ошириш билан боғлиқ низолар, бундан хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни, улушларни, кооперативлар аъзоларининг пайларини ўз ичига олувчи мерос мол-мулкни ёки эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низолар мустасно;

3) юридик шахс иштирокчиларининг (муассисларининг, аъзоларининг) юридик шахс томонидан тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва (ёки) бундай битимларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ҳақидаги даъволари бўйича низолар;

4) қимматли қоғозлар эмиссияси билан, шу жумладан эмитентнинг бошқарув органлари қарорлари юзасидан низолашиш билан, эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида тузилган битимлар, эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқариш (қўшимча равишда чиқариш) натижалари бўйича ҳисоботлар (хабарномалар) юзасидан низолашиш билан боғлиқ низолар;

5) қимматли қоғозларни номинал сақловчиларнинг акциялар ва бошқа қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, қонунда назарда тутилган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларни қимматли қоғозларни жойлаштириш ва (ёки) уларнинг муомаласи муносабати билан қимматли қоғозларнинг номинал сақловчилари томонидан амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятидан келиб чиқадиган низолар;

6) юридик шахс иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги низолар;

7) юридик шахс бошқарув органларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги низолар.

Бироқ, корпоратив низо турлари шулар билан чекланиб қолмайди. Қонунга мувофиқ корпоратив низолар бўйича ишлар жумласига бошқа низолар ҳам киритилиши мумкин. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 25-моддасида Иқтисодий судларга корпоратив низолар бўйича ишлар тааллуқли бўлиши кўрсатилган. Юртимизда корпоратив муносабат субъектлари сони ортиб боргани сари улар фаолиятидан келиб чиқувчи корпоратив низолар кўпаймоқда ва мураккаб тус олмоқда. Шу сабабли бундай низоларни қонуний ҳал қилиш иқтисодий судлар олдидаги долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда.

Жумладан, Андижон туманлараро иқтисодий суди томонидан кўрилган корпоратив низолар бўйича ишлар 2022 йил давомида 11 тани ташкил қилса, 2023 йилда ушбу кўрсатгич 15 тани ҳамда 2024 йилда 15 тани ташкил этган. Корпоратив низоларни судларда кўриш ва ҳал қилишда Ўзбекистон Республикасининг модий ҳуқуқ нормаларини қўллаш билан бир қаторда корпоратив ҳуқуқий муносаба субъектларининг локал (ички) ҳужжатлари ҳам қўлланилади. Бу эса судлар учун корпоратив низоларни ҳал қилишда бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Хулоса қилиб айтганда барча ҳуқуқ соҳаларида бўлгани каби корпоратив низоларни кўриб чиқшда ҳам судлар томонидан моддий ҳуқуқ нормаларини қўллаш билан боғлиқ кўплаб муаммоли ҳолатлар, қонунчилик ва корпоратив ҳуқуқий муносабат субъектларининг локал (ички) ҳужжатларидаги ноаниқликлар ва ҳозирги кунда иқтисодиётнинг жадал тарзда ривожланиб бориши ва корпоратив муносабатларга киришишдаги янгича қарашларнинг вужудга келаётганлиги ушбу соҳани тартибга солувчи миллий қонунчилигимизни босқичма-босқич такомиллаштириб боришни тақозо этади.

Х.К.Абдураимов,

Андижон туманлараро иқтисодий суди судьяси                                                          

Улашинг: