Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

КУТУБХОНА-ЗИЁ МАСКАНИ

Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда,
Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда.
У билан қол танҳо ҳеч бермас озор,
Жонингга юз роҳат беради такрор.
деганида Абдураҳмон Жомий китоб — инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаи эканлигини, фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи эканлигини назарда тутган эди. Халқимиз китобни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинт қон- қонига сингиб кетган. Бироқ айтиш жоизки ёшлар орасида бугунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки улар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютерга берилиб кетди.
Компьютер ҳозирги кунда кўпгина хонадонларга ҳам кириб келган. Исталган янгилигу ахборотларни бу воситалардан хоҳлаганча олиш мумкин. Лекин ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофильм бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, «Ўтган кунлар» романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан суратта олинган бўлмасин, китобнинг таъсирини, жозибасини беролмайди. Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида қўл келади. Инсон ўзининг фикрлаш қобилияти, маънавият дунёси билан тирик. Одамни бошқа мавжудотлардан ажратиб турувчи омиллардан бири ҳам унинг маънавияти ҳисобланади. Айниқса, бадиий китоблар ҳар бир кишида инсоний фазилатларини кучайтиради, дунёқарашини кенгайтиради. «Ўзимдаги барча яхши хислатларим учун китобдан миннатдорман», деган эди ўз давридаги алломалардан бири.
Афсуски, бугунги кунда орамизда бу бебаҳо-маънавий бойликдан баҳраманд бўлиш ўрнига «Интернет кафе»ларда вақтини беҳуда ўтказаётган ёшлар учраб туради. Авваллари на компьютер, на интернет бўлган. Ота- боболаримиз «Бобурнома», «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» сингари бебаҳо асарларни ўқиб, улғайишган. Хўш бугунчи? Кўпчилик, айниқса, ёшлар интернетни китобдан афзал билишади. Шу ўринда, бу замонавий ахборот воситасининг салбий оқибатлари ҳам йўқ эмаслигини унутмаслик лозим. У туфайли бугун китобга бўлган меҳр тобора камайиб бораётгандек. Биз қанча кўп китоб ўқиганимиз сари, шунча тушунчамиз кенгаяди.
Китоб — бу офтоб, у билимлар сарчашмасидир. Китобни инсон тафаккурининт қанотларига ўхшатишган. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг маърифатли кишилар жамиятнинт чинакам бойлигидир.

Аксинча, ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинт аччиқ мевасидир. Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўрт қилади. Маънавият эса инсонга китоб ўқиш орқали юқади. Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун эскиради, бироқ инсониятнинт минг-минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Бинобарин, китоб-ҳамиша илм-маърифат, адаб ва ахлоқ манбаи бўлиб келган. Бугунги кунда ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда ҳам китобдан кўра қудратлироқ восита йўқ. Зеро, китоб туфайли дунёқарашимиз бойиб, тафаккуримиз янада ўсиб бораверади. Не-не улуғ зотлар китобга ошно бўлиб, етукликка эришган, комил инсон даражасига етишганлар. Бас шундай экан китобга, уни мутоала қилишга бўлган муҳаббатимизни янада юксалтирайлик. Китоб ўқиган инсон мулоҳазали, билимли бўлиб, юксак тафаккури ила бошқалардан ўзининг дунёқараши ва фикрлаши билан ажралиб туради. Китоб билан ошно бола яхши инсон бўлиб улғаяди. Шунинг учун ҳам оилада, боғча ва мактабларда болаларнинг китобга меҳрини, адабиётга қизиқишини ошириш ота-оналарнинг, ўқитувчиларнинг вазифаси.


Избоскан туманидаги 18-умумтаълим мактаби кутубхонасида уч минг донадан зиёд китоблар сақланмоқда. Бундан икки минг беш юз донаси бадиий адабиётлар сирасига киради. 2023-2024 ўқув йилида 600 нафар ўқувчи ва 70 нафардан зиёд ўқитуви ва ходимлар, маҳалладаги китобхонлар турли бадиий адабиётлар, ўқув қўлланмаларидан унумли фойдаландилар. Китобларни ўқишиб ўз билимлари ва дунёқарашларини оширдилар.

Кутубхоначи Зулаёхо Абдуллаева «Йигчилар», «Спортчилар», «Гулчинор» маҳаллалари аҳолисига ҳам зиё нурини тарқатишда сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Яқинда туман ҳоким С. Исмоилов 50 дона турли бадиий адабиётларни кутубхонага совға қилиб, китобхонларнинг тахсинларига сазовор бўлди. Мактабда «Bookkafe» ташкил этилиб, ўқувчиларнинг китоб мутиаолаа қилишлари ва дам олишларига шароит яратилди. Зулайхо Абдуллаева иш фаолияти давомида турли тадбирлар, учрашувлар, китобхонлик кечалари ўтказишда барчага ўрнак бўлиб келади. Жумладан «Набирамга китоб совға қиламан», «Бир ўқувчига беш китоб» деб номланган тадбирлари, нафақадаги педагог, «Шуҳрат» медали соҳиби Мамадали Эргашев хонадонида ташкил этилган кутубхонага экскурсияси қатнашчиларда катта таассурот қолдириш билан бирга ўқувчиларда китоб мутоаласига бўлган қизиқишни янада оширди. «Маҳалламиздаги машҳурлар» номинациясида «Андижон» футбол жамоаси аъзоси Лочинбек Солиев билан ижодий учрашув ташкил этиб, китобхонлар таҳсинларига сазовор бўлди.
-Келгуси йилдаги режаларим бисёр,-дейди у биз билан суҳбатда.- Ҳозирданоқ янги ўқув йилида ўқувчиларга қандай китоблар тақдим этишни ташкил қилиш учун китобхонлар ўртасида сўровнома ўтказаман. Китоблар сонини ошириш билан бирга республика , вилоят ва туман нашрларини кутубхонамизда сақланишини ташкил қиламан. Зеро янгиликлардан матбуот орқали мунтазам хабардор бўлиш ҳар бир кишини мутоалага етаклайди. Ўтказиладиган тадбирларимни ранг баранг ва турли мазмунларджа бўлишини таъминлайман. Уй кутубхоналарига экскурсияларим сони ортади. Бошқа мактаблар кутубхоналари билан тажриба алмашаман. Хуллас янги ўқув йилида менинг хизматимдан барча манзур бўлади.
Н. НАЗАРОВА,
мактаб ўқитувчиси.

Улашинг: