Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

СУДЬЯНИНГ МАЪНАВИЯТИ, ОДОБИ ВА МАШАҚҚАТЛИ КАСБИ

Ҳар қандай инсонни мўътабар ва азиз қиладиган фазилат — унинг одоби. “Одоб” арабча “адаб” сўзидан олинган бўлиб, яхшиликка чақириш маъносини англатади. Демак, одоб яхшилик сифатини ҳам беради. Азалдан Шарқ халқлари инсон ҳаётининг моҳиятини яхши тарбия олмоқ ва яхши хулқ-одоб, фазилатларга эга бўлмоқликда деб тушунган ва ҳамиша шунга интилган.

Судья кундалик ҳаётида ҳам, судьялик фаолиятин давомида ҳам одобни инсоннинг кўрки деб қараб, фақат яхшилик томонда бўлишга ўзида куч топа билиши шарт.
Судья суд жараёнида юзага келадиган ҳар қандай масалани қонунга асосланган ҳолда, ҳеч қандай ҳиссиётларга берилмасдан, беғараз ва холисона ҳал эта билиш қобилиятига эга бўлиши зарур. Суд қарорлари қабул қилинишида у нафақат инкор этиб бўлмайдиган далилларга, шунингдек, касбий билим ва тажрибага, этика ва маданият тамойилларига ҳам лозим даражада асосланса мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, судьялик вазифасини виждонан, қасамёдга содиқ туриб, касбий маҳоратни тўла намоён этиб ва суд маданиятига қатъий риоя этган ҳолда бажариш унинг учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Суд маданиятида судьялик маданияти марказий ўрин шаксиз эътироф этилади. Аммо судьялик маданиятини касбий маданият деб ҳисоблаш ўринсиз бўлади. Бинобарин, судья нафақат муайян суд ишини ҳал қилиш ваколатига эга бўлган мутлақ ҳуқуқли процессуал шахс, балки у, аввало, жамиятдаги энг обрўли инсон, юксак инсоний фазилатлар соҳиби сифатида гавдалангандагина жамоатчиликда унга ва у орқали одил-судловга ишонч шаклланади. Шундан келиб чиқиб, судьялик маданиятини судьянинг касбий маҳорати билан ахлоқий сифатларининг ўзаро уйғунлашуви деб баҳолаш мумкин.
Судья, шунингдек, ўзининг фуқаролар, давлат ва жамият олдидаги масъулиятини юрак-юракдан ҳис эта билиши, судьялик қасамёдига доимо содиқ қолиши шарт ҳисобланади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, судьялик алоҳида кучни, катта билим ва кўникмаларни талиб қилади. Судьялик серқирра фаолиятли ва ўта масъулиятли мартабадир. Уни уддалай билиш ниҳоятда қийин ва машаққатли, аммо шарафлидир. У инсон тақдирини ҳал қилишда ақл кўзи билан кўриладиган адолат тарозисини беғараз ва холисона кўтаришни бенуқсон амалга ошириши керак.
Зеро, “Қонунни ҳимоя қилолмайдиган, журъатсиз одамлар учун қонун беҳудадир” деб такидлаган буюк файласуфлардан бири Томас Маколей.

Б.О.САТВАЛДИЕВ
Асака туманлараро иқтисодий судининг раиси

Улашинг: