ДЎСТИМГА
Атрофга боқ дунё ҳикматдир ахир,
Бойни-ки бой демай, демайин сағир.
Ер барчага бирдек очганда бағир,
Сен нега осмонга сапчийсан дустим.
Хазонрез махали сарғаяр хар ёқ,
Шоҳидан дилдираб узилган япроқ.
Ўйнай ўйнай тушиб қучганда тупроқ,
Сен нега осмонга сапчийсан дустим.
Жонсарак чумоли — кичкина бир жон,
Тинмайин елади у ён-у бу ён.
Ва охир заминни қилганда макон,
Сен нега осмонга сапчийсан дустим.
Боболар нақлини унутдингми ё?
Тупроқни кўзга сурт айлаб тўтиё.
Йиққан бойлигинг бил баридир руё,
Сен нега осмонга сапчийсан дустим.
Дўстим, бўлмагинда бунчалар эрка.
Туфладинг, топтадинг, қилдинг калака.
Лек ер суйиб сенга тутди-ку елка,
Ҳамонки осмонга сапчийсан дустим.
Одилжон ЖЎРАЕВ.