Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига охирги киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти
[ОКОЗ: 1.21.00.00.00 Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича комплекс тусдаги ҳужжатлар / 21.01.00.00 Ўзбекистон Республикасининг қонунлари] [ТСЗ: 1.Давлат ва жамият қурилиши / Давлат ҳокимияти органлари. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари] Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-888-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, ушбу Қонун 2024 йил 1 январдан эътиборан қонуний кучга кирган.
Мамлакатимизда сўнги йилларда аҳолини одил судловдан фойдаланиш имкониятини «Янги Ўзбекистон — янги суд» принципи доирасида янада кенгайтириш учун инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилди. Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция судида кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар мазкур судларда тафтиш тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини белгилаган.
Шунингдек, алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини, шунингдек апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судларига юбориш тартиби бекор қилинишини ҳамда уларнинг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш масъулияти юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Эътибор берадиган бўлсак, мазкур қонунда апелляция инстанцияси судининг ваколатлари қайта кўриб чиқилган. Унга кўра, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича: ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга; ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга; ҳал қилув қарорини ўзгартиришга; ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга; ушбу Кодекс 279-моддаси бешинчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, яъни ишнинг судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда кўрилганлиги ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга ҳақли деб белгиланди.
Аввалги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процесуал кодексида, апелляция инстанцияси судининг ваколатларида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процесуал кодексининг 279-моддаси тўртинчи қисми 4-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарории бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш ваколати мавжуд эди. Яъни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процесуал кодексининг 279-моддаси тўртинчи қисми 4-бандида, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги сабабли ишни янгитдан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш белгиланган эди. Ушбу қонун билан мазкур норма Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процесуал кодексидан апелляция инстанцияси судининг ваколатларидан чиқарилди.
Яна бир муҳим янгилаклардан бири, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процесуал кодексининг 279-моддаси бешинчи қисмининг 2, 3 ва 6-бандларида назарда тутилган асослар аниқланганда апелляция инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради. Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўрсатилади. Суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда қарорнинг хулоса қисмида суд харажатлари ушбу Кодекснинг 118-моддасида назарда тутилган тартибда тақсимланиши кўрсатилади.
Мазкур мақолани ўқиш жараёнида бир савол туғилади, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процесуал кодексининг 279-моддаси бешинчи қисмининг 2, 3 ва 6-бандларида қандай асослар кўрсатилган? Мазкур бандларда, ишнинг ишда иштирок этувчи, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир шахс йўқлигида кўрилганлиги; ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги ва билдирилган талаб бўйича суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинмаганлиги ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича апелляция инстанцияси кўриш белгиланди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, мазкур Қонун суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш механизмини янада такомиллаштириш ҳамда суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ҳамда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Р.Г.Асқаров,
Избоскан туманлараро иқтисодий судининг раиси