Нажмите "Enter" для перехода к содержанию

Китоб — илм ва ҳикмат манбаи

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Китоб барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир” деб инсоннинг асл дўстига юқори баҳо берганлар. Аждодларимиз илм ўрганиш, китоб ўқишга ҳамиша энг муҳим вазифа сифатида қараб келишган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти “Ўқи” амри бўлган. Ота-боболаримиз илм ўрганиш, китоб ёзиш ва ўқиш борасида бутун тарих давомида бошқаларга ўрнак бўлишган. Тарихдан бизга маълумки, илгари Яссавий, Бедил, Фузулий, Махтумқули, Машраб ғазалларини ёд билмаслик ор саналган. Зеро китоб – туганмас хазина, ундан олган билимларни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг ундан яқин ҳамроҳи, дўс­ти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешловчи қайроқдир. Китоб тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзоз­лаб, қадрига етади, севиб мутолаа қилади.
Президентимизнинг Ўзбекис­тон Республикаси аҳолисига Ахборот–кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман хокимлигининг қарори қабул қилиниб Пойтуғ шахар А.Тиллабоев кўчаси 46-уйда жойлашган бинонинг бир қисми Ахборот–кутубхона хизмати кўр­сатишни янада такомиллаштириш мақсадида бириктириб берилди. Бу тумандаги фаолияти тугатилган касб – ҳунар коллежлари Ахборот ресурс марказларининг таълимга тегиш­ли бўлмаган, мавжуд ижтимоий – сиёсий, табиий-илмий, техника ва қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, санъат ва спорт соҳаларига доир адабиётлар, шунингдек универсал мазмундаги маълумотномалар,энциклопедиялар хамда филология фанлари ва бадиий адабиётларнинг 15 мингга яқин босма нусхаларини қабул қилиб китоб фондини шакллантириш имконини берди. Шунингдек З.М.Бобур номидаги вилоят Ахборот кутубхона марказидан, барча соҳаларга тегишли ва бадиий адабиётларни ўз ичига олган 300 мингдан ортиқ электрон, аудио-видео, овозли, матн­ли адабиётлар базаси кўчириб олиб келинди ва туманимиз аҳолисининг ўқиш ёшидаги ёшу-кексаларини кутубхонамиздан эркин ва беминнат фойдаланишлари учун эрталабки соат 8.00 дан- 18.00 га қадар, дам олиш кунисиз иш ташкил қилинди.
Биз туманимиз аҳлига ахборот кутубхона маркази фондини янада бойитишга ёрдам беришларини, ўзларида бўлган ижтимоий-сиёсий, илмий-оммабоп, маънавий-маърифий, касбий ҳамда бадиий адабиётларини ёшларимиз келажаги йўлида фойдаланишга бериш­ларини сўраймиз. Бу адабиётлар, уларнинг номлари билан, кутубхонамиз мероси сифатида сақланади ва туманимизнинг ёшу-кексалари тенг бахраманд бўладилар.
Шуни унутмайликки, фар­зандларимизни китоб ўқишга ўргатишда биз — ота-оналар китобга ошнолигимиз билан ибрат бўлайлик. Баркамол авлодларни ўстириб вояга етказиш, келажакда фаровон турмуш қуришни орзу қилиб интилиб яшаётган ҳар қандай жамият, шу жумладан ўзбек халқининг ҳам азалий орзусидир. Хулоса ўрнида эса Абдураҳмон Жомий ҳазратларининг қуйидаги мисраларини ёдга олиш ўринлидир:
Китобдан яхши дўст йўқ жаҳонда,
Ғамхўринг бўлгай у ғамли замонда.
У билан қол танҳо, ҳеч бермас озор,
Жонингга юз роҳат беради такрор.

Низомиддин Бурхонов,
туман Ахборот кутубхона маркази директори

Улашинг: