Курраи заминимизнинг аксарият мамлакатларида короновирус инфекциясига чалинганларни қайд қилиш рақамлари тобора ўсиб бормоқда.
Бу касалликка чалинишнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган саъй- ҳаракатлар тушунтириш ва тарғибот ишлари мунтазам олиб борилаётганига қарамай карантин қоидаларини назар-писанд қилмаётган, бу қилмиши билан ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўяётган кимсалар бор. Ниқоб тақиш, қўлни мунтазам ювиш, антисептик воситалардан фойдаланиш, одамлар кўп тўпланадиган жойларга боришдан тийилиш, бозорларга, савдо дўконларига борганда масофа сақлаш – бу оддий, харажат талаб қилмайдиган, ортиқча юк бўлмайдиган талаблар бўлсада бунга кўпчилик амал қилмаяпти. Туманимиз марказий шифохонаси ҳамда жойлардаги тиббиёт муассасаларида саломатлик посбонлари короновирус инфекциясининг хавфи ва уни юқтириб олмаслик чора-тадбирлари тўғрисида аҳоли ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бормоқдалар. Тиббиёт муассасаларига келаётганларнинг ҳарорати ўлчаниб, қўллари антисептик воситалар ёрдамида зарарсизлантириш қатъий йўлга қўйилган. Қуйида бундай ишларга бош-қош бўлаётган айрим ташкилотчи тиббиёт ходимлари ҳақида сўз юритамиз:
ЁШЛАРГА БОШ ҲАФИЗАХОН
Шошилинч тиббий ёрдам бўлимида ўз касбига садоқатли шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари карантин давридаги санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилганлари ҳолда меҳнат қилмоқдалар.
Катта ҳамшира Ҳафизахон Соҳибова узоқ йиллардан буён ҳалол меҳнати ва касби кори ортидан ҳамкасблари ва эл ҳурмат-эътиборига сазовор бўлганлардан. 39 йиллик меҳнати ортидан катта тажрибага эга бўлган Ҳафизахон ёшларга бош. Билганларини, тажрибаларини шогирдларига ўргатишдан толмайди. Хушмуомалик, беморнинг кўнглига ширин сўзлар билан таскин бериш унинг ярим дардини олишини ёш ўрта тиббиёт ходимларига тушунтиради. Умидахон Жумаева, Мастурахон Абдуллаева, Мунаввар Абдусаломова, Маъмурахон Қипчоқова, Иродахон Раззоқовалар иш жараёнларида Ҳафизахоннинг ўгитлари ва маслаҳатларига қатъий амал қиладилар. Шу туфайли ҳам шогирди Умидахон Латипова ўтган йилги «Ҳамшира» кўрик-танловида республика босқичида иштирок этиб, вилоятимиз шарафини муваффақиятли ҳимоя қилди.
–Бугун биргина мамлакатимиз эмас балки бутун дунё короновирус инфекцияси билан курашмоқда,–дейди Ҳафизахон короновирус пандемияси ҳақидаги фикрлари билан қизиққанимизда.–Бу баттол вирусга қарши шу кунгача аниқ вакцина ёки даволаш дори-дармонларининг топилмагани барчани ҳушёрликка чорламоқда. Лекин афсуски орамизда короновируснинг хавфини ҳаёт учун хатарли эканини тушунмаётганлар анчайин топилади. Улар нафақат ўзларини балки, атрофидагиларни, оиласи, фарзандлари саломатлигини ҳам хавф остига қўймоқдалар. Биз барчамиз ана шундай бепарво, лоқайд одамларни ҳушёрликка чақиришимиз керак. Барчамиз бир бўлсак, ҳамкорликда иш юритсаккина бехавотир бўламиз.
ОИЛАВИЙ ПОЛИКЛИНИКА АФЗАЛЛИГИ
Майгир қишлоғи ҳудудида аввал учта ҚВП мавжуд эди. 2018 йилда аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини янада яхшилаш мақсадида уччала ҚВП бирлаштирилди ва 26-Қишлоқ оилавий поликлиника ташкил этилди ҳамда 12 нафар малакали шифокор, 18 нафар патронаж ҳамширалар билан тўлдирилди. Ҳўш, қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилиши нималарни ўзгартирди?
-Илгари қишлоқ врачлик пунктида оилавий поликлиникада яратилганчалик шароит йўқ эди,-дейди мудира Саидахон Валиева.-Шунинг учун аҳоли кўпроқ туман марказидаги шифохонага мурожаат қилишарди. Бугунги кунда аҳоли поликлиникамизга ишонч билдириб, қандай муаммоси бўлса бемалол мурожаат қилмоқда. Бизнинг шифокорларимиз ҳам уларнинг дардларини тинглаб керакли маслаҳатларни бермоқдалар. Турли таҳлиллар шу жойнинг ўзида олиниб, марказга боришнинг ҳожати қолмади. Кундузги даволаш хонаси мавжудлиги, ижтимоий дорихона, «Тез тиббий ёрдам» бўлими фаолияти аҳоли саломатлиги йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Карантин даврида муассасада алоҳида «Яккалаш» хонаси ташкил қилинган. Четдан кириб келган фуқаролар мунтазам назорат остига олинган. Ҳарорати кўтарилаётган фуқаролар рўйхати мунтазам туман СЭОМга етказилмоқда. Шу билан бирга аҳоли ўртасида короновирусни юқтириб олмаслик учун нималарга эътибор бериш лозимлиги, санитария–гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш борасида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Суратда: стомотолог Юлдузхон Қодирова.
МАҚСАД — СИФАТЛИ ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ
-дейди кўп тармоқли марказий поликлиниканинг Тўрткўл бўлими мудираси, олий тоифали шифокор Назирахон Ҳайдарова.
Тиббиёт муассасаси 27364 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Ҳудуд катта ва аҳоли зич жойлашган. Тўрткўл, Тинчлик, Гузар, Истиқлол, Ботиробод маҳаллалари аҳолисига 41 нафар тиббиёт жонкуярлари малакали ва сифатли хизмат кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.
Поликлиника жамоасининг фаол саъй-ҳаракати билан ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари билан ҳамкорликда ташкил этилган «Саломатлик мактаби» фаолияти диққатга сазовор. Бу ерда қизларни турмушга тайёрлаш, тиббий, маънавий саводхонлигини оширишда умумамалиёт шифокорлари Дилнозахон Воҳидова, Абдуқаҳҳор Олимов, Соҳибжон Носиров, Ҳомиджон Мусиров билим ва тажрибаларини ишга солмоқдалар.
Муассасанинг «Саломатлик-3» дастури асосида «Автольмоскоп», «Анализатор-Миндрай» ва бошқа замонавий тиббиёт воситалари билан таъминланиши ўрта тиббиёт ходимларининг малакаларини ошириш заруриятини юзага чиқармоқда. Шунинг учун тиббиёт ходимлари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш бўлими мутахассислари томонидан онлайн сабоқ олмоқдалар. Ҳар ойда беш нафардан тиббиёт ходими ўз билим салоҳиятини оширмоқда.
-Мақсадимиз аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш,-дейди мудира Назирахон Ҳайдарова. — Бунда умумамалиёт шифокорларимиз билан бир қаторда Саодатхон Қобулова, Ойдиной Аҳмадова, Шаҳнозахон Тожибоева, Жумагул Айтмугамбетовалар ўз ҳамкасбларига ўрнак кўрсатиб меҳнат қилмоқдалар. Машғулотларга олий тоифали фельдшер Мақсудбек Муҳаммаджонов раҳбарлик қилмоқда.
ШАРОИТ БОР ЖОЙДА МУАММО БЎЛМАЙДИ
Янгиқишлоқ қишлоқ врачлик пунктидаги 27 нафар саломатлик посбонлари ҳудуддаги 13087 нафар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Тиббий муассаса 2018 йилда сифатли қилиб Давлат дастури асосида таъмирдан чиқарилди.
Шифокорлар ҳамда беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Кундузги даволаниш стационар ва ижтимоий дорихона фаолияти йўлга қўйилди. Замонавий тиббий жиҳозларнинг келтирилиши эса инсон саломатлигини текшириш ва ташхис қўйиш учун зарур бўлган барча анализларнинг шу жойда олинишини таъминлади. Аҳолининг мунтазам тиббий кўрикдан ўтказилиши, туғруққача ва туғруқ ёшидаги аёлларнинг мутахассислардан керакли маслаҳатларнинг олишлари уларнинг оғирларни енгил қилди.
Врачлик пункти мудираси Муҳаббатхон Ҳасанова 6 нафар ҳамкасби ва ўрта тиббиёт ходимлари билан короновирус юқишига қарши кураш тадбирларини белгиланган режа асосида олиб бормоқда. Пандемиянинг хавфи, вирус юқишининг олдини олиш борасидаги тушунтириш ва тарғибот ишлари аҳолининг ҳушёрлигини оширмоқда. Четдан келган фуқаролар уй шароитида тиббий кўрикдан ўтказилиб, 10 кунлик назоратга олинмоқда. Ҳудуддаги учта хусусий мактабгача таълим муассасасига ва мактабларга бириктирилган умумамалиёт шифокорлари ва ўрта тиббиёт ҳодимлари мунтазам хонадонларда бўлишиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилмоқдалар. Бу ердаги «Тез ёрдам» машинаси мунтазам хизматга шай. Шифокор Гулшаной Қорабоева, малакали патронажлар Шаҳзодахон Тўрақулова, Мавжудахон Раҳмонова, Гулсора Абдуллаева, Мунаввархон Турғуновалар ўз ишлари билан барчага ибрат бўлмоқдалар.
ЁШ МУТАХАССИСЛАР ФАОЛ
Туманимиздаги 14231 нафар аҳолини қамраб олган Тошлоқ, Янги авлод, Тўраобод маҳаллалари аҳлига Яккатут қишлоқ врачлик пунктининг 36 нафар саломатлик посбонлари сифатли тиббиёт хизмати кўрсатишга ҳаракат қилмоқдалар. Жамоа тиббиёт олийгоҳларини муваффақиятли тугаллаб келган ёш мутахассислар ҳисобига сафини кенгайтириб, мустаҳкамламоқда.
Муассаса мудири Зулфияхон Темирова узоқ йиллардан буён тиббиёт соҳасида ишлаб келаётган тажрибали шифокор. Иш тажрибаларини, тиббиёт соҳасидаги билимларини ёшларга ўргатишдан толмайди. Нафақат дори-дармон балки хушмуомалик ҳам беморнинг дардига малҳам бўлишини ўз ҳамкасбларига уқтириб келади. Олийгоҳни янги тугаллаб келиб иш бошлаган Қудратбек Васлиддиновга кўрсатаётган йўл-йўриқлари, иш тажрибалари беморлар дардини тинглашда, уларнинг саломатликларини тиклашда, керакли маслаҳатларни беришда муҳим ўрин тутмоқда.
Муассаса қошидаги «Тез тиббий ёрдам» ҳамиша ёрдамга шай. Бу бўлимни Ҳуршидбек Машрапов аҳиллик билан бошқармоқда.
-Шифокорликни танлаганимдан беҳад фахрланиб кетаман,-дейди Ҳуршидбек.-Тўғри қийинчиликлар учраб туради. Турли характердаги кишилар билан суҳбатлашишга тўғри келади. Инжиқ беморлар ҳам бор. Уларнинг ҳар бирининг кўнглига йўл топиш керак. Аммо тез ёрдамга бориб, бир беморнинг дардига малҳам бўлганингизда унинг ва атрофидагиларининг қувончини кўриб барча чарчоқларингиз чиқиб кетади. Уларнинг кўзларидаги, сўзларидаги қувонч Сизга ҳам ўтади. Касбингизнинг ардоқлилигини, масъулиятлилигини янада кўпроқ ҳис этасиз ва фахр туйғуларини ҳис этасиз.